Мақолалар

Ўқи, ўрган ва қайтадан кел!

Чоп этилди Iyul 1, 2020 Ўқи, ўрган ва қайтадан кел!da fikr bildirishni o'chirish

Башарият – бу фоний дунёда пасту баландликлардан иборат “йўлда”. Унда буйруқ ва қайтариқлар, хатарли йўл белгилари бор. Агар уларга амал қилмай, бирор ҳалокатга учрасак, албатта, бунинг айбдори ва жавобгари ўзимиз бўламиз, оқибатда жазоланамиз ҳам.

Бу “йўлимиз” жуда буюк, кучли, бироқ кўзга кўринмайдиган темир йўл устида, деб фараз этайлик. Шундай экан, биз ўзимиз истаган жойга эмас, ўша темир йўллар қаерга олиб борса, ўша маконга етамиз. Машинани бошқарамиз ва бунга масъулмиз. Бироқ вагон қаерга кетганига жавоб бермаймиз. Хуллас, бу дунёда бандаи ожизлар доимо синаламиз, имтиҳон қилинамиз.

Ибрат учун бир мисол келтирсак…

Канадада ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш истагида бўлганлар алоҳида имтиҳон қилинадилар. Ҳайдовчи бўлишни истаган киши келиб паспортини махсус бўлимга жойлаштиради ва эшик очилади. Ичкарида эса бир машина бўлади. Киши ўтириб, машинани ўт олдириши билан қаршисидаги экранда фильм намойиш этилади. Ҳайдовчи ўзини ҳақиқий йўлда юраётгандек ҳис этади: юқорилаш, пастлаш, йўл белгилари, хавфли бурилишларга ишоралар, бошқарувга халақит берадиган машиналар оқими…

Ҳайдовчининг вазифаси – тартиб-қоидаларга амал қилган ҳолда машинани бошқариш.

Агар барча ҳаракатлари тўғри, йўл қоидаларига кўра бошқарилган бўлса, ташқарига чиқишда қутида гувоҳнома тайёр турган бўлади. Агар ҳайдовчи қоидаларни бузган, машина бошқаришга уқуви етарли бўлмаса, компьютер уни «Ўқи, ўрган ва қайтадан кел!» дея огоҳлантиради. Яъни, имтиҳон тизимли ва объектив ҳолда амалга оширилади.

Иродали инсоннинг ҳаёти ҳам шундай! Аввалдан битиб қўйилган тақдир доирасида қилинаётган имтиҳондир. Унинг ҳар бир нияти ва амали назорат қилинади. Яъни, яшаш тарзининг ўзи имтиҳон. Агар натижа яхши бўлса, абадий бахтиёрлик диёри бўлган жаннат билан мукофотланади. Акси бўлса, «Ўқи, ўрган ва қайтадан кел!» дейилмайди. Имтиҳон топшириш учун биргина имкониятимиз бор. Биргина имкон…

Раббимиз, барчамизни буюк имтиҳондан ўтган бахтиёр қуллари қаторида қилсин!

Н. АБДУМУХТОР қизи тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан