Мақолалар

Суянч бўлайлик!

Чоп этилди Iyul 2, 2020 Суянч бўлайлик!da fikr bildirishni o'chirish

Таҳририятимизга келаётган мактублар орасида ёши улуғ отахонлар, онахонларнинг жонкуярлик, билимдонлик, айниқса, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор билан ёзган хатлари жуда қадрли. Бу мактублар навқирон авлод тарбияси намунали, саодатманд бўлишига ҳисса қўшиш ниятида ёзилганлиги билан аҳамиятли. Фикри, юриш-туриши, амали билан ибрат кўрсатиб яшаш – кексаликнинг энг чиройли фазилати. Нон неъмати жисмонан соғлом, бардам-бақувват бўлишимиз учун ҳар куни керак бўлганидек, доно қариялар ҳаётда сабр-қаноатли, меҳр-оқибатли, меҳнаткаш, ҳалолу пок бўлишни ўргатадиган насиҳатлари билан хонадонлар файзи бўлиб узоқ яшасинлар. Жонкуяр, нашрларимизга эътиборли муштарийларга ташаккур билдирамиз, айрим хатлардан парчалар келтирамиз.

Ўтган асрнинг уруш, қаҳатчилик даврларида тортган азобларимиз ҳеч ёддан чиқмайди. Шундай пайтлар бўлдики, одамларнинг емиш топишдан бошқа ташвиши қолмаган эди. Эрта баҳорда дарахтлар куртак чиқарса, кексалар “Эсон-омон кўкламга етдик”, деб шукр қилишарди. Чунки кўкламда униб чиққан туятупон, қушоёқ, исмалоқ, так-так деган гиёҳ-ўсимликларни ёки уларнинг илдизини ейиш мумкин эди.

Қийинчилик йилларидаги (7–8 ёшларда эдим) бир воқеа ёдимдан чиқмайди: ўғли урушдан омон қайтган қўшнимиз озгина ош дамлади, арпа ва жўхоридан нон ёпиб беш-олтита одамни меҳмонга чақирди. Йиғилганлар олдиларига қўйилган нон дан озгина-озгинадан еб, бир тишлам бўлса ҳам қолдириб, чўнтакларига солиб қўйишди, боласини ўйлашган бўлса керак-да!

Хотираларни гапирсак, у кунларни ёшларимиз тасаввур ҳам қилолмайдилар. Бугунги тўкин-сочинликка шукроналар қиламан, аммо бунинг қадрига етмаётганларни кўрганда, аввало, ўзимиз – катта ёшлиларнинг хатоларини англайман: демак, ёшларни Аллоҳ неъматларини қадрлашга, исроф қилмай тасарруф этишга ўргатишга етарлича ҳаракат қилмабмиз-да! Озгина қийинчилик, арзимаган ғиди-бидилар сабабли ёш оилаларнинг бузилиб кетаётгани ҳам бесабрликдан, ношукрликдан, деб ўйлайман.

Ҳозирги кунда “Бугунги ёшлар катталарнинг маслаҳатига қулоқ солмайди”, деган гапни тез-тез эшитамиз. Назаримда, Аллоҳ инояти билан турли даврларнинг оғир синовларидан сабр-ирода билан ўтган биз – кексалар ёшлар тарбиясидек долзарб ишда сабр-тоқат, мулоҳаза, жонкуярлик билан ёш ота-оналар, ўқитувчи-мураббийларга бош, ҳамроҳ, суянч бўлишимиз керак.

Шерали УСМОНОВ, меҳнат фахрийси,

Қашқадарё вилояти Қарши тумани

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан