Мақолалар

Кўзлар йўлда толмасин

Чоп этилди Iyul 2, 2020 Кўзлар йўлда толмасинda fikr bildirishni o'chirish

Ассалому алайкум, азизлар. Менинг ёшим етмишда.

Бундан бир неча йиллар олдин туманимиздаги “Чангир” жоме масжидида мутавалли вазифасида ишлаганман. Ўшанда намозхонлар ҳурматини қозонганим учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятимиздаги вакиллиги томонидан Қуръони карим совға қилишганди. Бу менинг ҳаётимдаги энг катта мукофот. Ана шу муқаддас китобни ўқиш аёлим иккаламизнинг қалбимизга, кўзларимизга нур бағишлаб келмоқда.

Аллоҳнинг синови экан, бундан бир неча йил олдин қаттиқ дардга чалиндим, шундан буён бир жойдаман. Касаллик ёки кексалик туфайли менинг ҳолатимга тушган кишилар учун фарзандлар, туғишгану қадрдонларнинг дийдорини кўриш ғанимат бахтдек бўлиб қоларкан. Узун тунларда ҳар доим ҳам осойишта ухлолмайсан, кеча жуда узайиб кетганга ўхшайди. Шундай пайтларда тонгга эсон-омон етганингга шукроналар қиласан, агар фарзандларинг, яқинларингдан кимдир салом бериб, ҳол-аҳвол сўраб кириб келса, бунинг хурсандчилигини таърифлаб беролмайман. Ахир, бир жойда бўлиб қолган одам жигарбандлар, туғишганлар, дўсту ёронлар билан кечаю кундуз хаёлан суҳбатлашиб, уларнинг дийдорини соғиниб ётади-да!

Биламан, замон тезкор, ҳамма шошилган, ишлари кўп, вақти зиқ… Лекин азиз фарзандларга тайинлагим келади: агар оралиқ масофа жуда узоқ бўлмаса, эрта тонгда хизматга йўл олганингиздами ёки ишдан қайтганингиздами, ота-онангизни (айниқса, улар кексайиб, дардманд бўлсалар, сизни тез-тез кўргилари келади) йўқлаб, кўнгилларини кўтариб, зиёрат қилишга одатланинг. Шунда ота-онанинг дуолари туфайли хотиржам, қалбингиз равшан юрасиз; уларга яхши кайфият, саодатли дақиқалар бахш этганингизга улуғ ажру мукофотлар берилади, иншоаллоҳ.

Турдибой ҚУДРАТОВ

Навоий вилояти Хатирчи тумани

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан