«Aна кир ювадирғон машинаю, мана телевизор!»
Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманида яшовчи фуқаро Қ. Серсенбаев Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига 2020 йил 24 февраль куни «Aртел» русумли 3.400 000 сўмлик музлатгични сотиб олгани аммо бироз муддатда тезда ишдан чиққанлиги ҳақида ариза қолдирди. Ушбу муаммо Федерация ходимлари томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал қилиб берилди.
Яна бир ҳолат Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М. Нигмурадова билан содир бўлди. У Олмалиқ шаҳар «Динома» магазинидан «Aртел» русумли кондиционер сотиб олган аммо иситиш тизими қисқа вақтда ўз кучини йўқотган. Ушбу муаммо бўйича дўкон ходимларига юзланганида дилни хира қилувчи гаплар эшитган ва Федерацияга мурожаат қилган. Вазият ходимлар томонидан ўрганилиб, натижада мурожаатчига бепул сервиз хизмат кўрсатилди.
Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи Г .Қурбонов ҳам «Aртел» телевизор сотиб олгани, аммо носоз чиққанлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Унинг талаби ҳам Федерация томонидан ижобий ҳал қилиб берилди.
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан Г.Инамов эса «Aртел» русумли кир ювиш машинаси сотиб олган, аммо тезда ишламай қолганлигидан шикоят қилган. Савдо ходимлари томонидан носозлик ўз вақтида бартараф этилмаганлиги сабабли Федерация аралашуви билан ҳал қилиб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидан ариза йўллаган фуқаро A. Мембетназаров ҳам «Aртел» сервисига мурожаат қилгани аммо талаби қондирилмаганидан шикоят қилган.
Фарғона вилояти Фурқат туманида яшовчи Ш.Йўлдошева эса Бешариқ туманидаги «Aртел» савдо дўконидан 1 700 000 (бир миллион етти юз минг) сўмга газ плита сотиб олган ва уйга олиб келиб ишлатиш жараёнида унинг ойнаси цинган. Истеъмолчи газ плитасининг ойнасини 100 000 (юз минг) сўм эвазига алмаштирган. Қарангки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан плитанинг горелкаси эриб кетган.
Бухоро вилояти Олот туманидан Ш.Гасанова билан ҳам шунга ўхшаган ҳолат кузатилган. Фуқаро кир ювиш машинаси харид қилиш мақсадида маиший техника дўконига ташриф буюриб, «Aртел» ёрлиғи остида ишлаб чиқарилган кир ювиш машинасини 1.300.000 сўмга харид қилади. Уйга боргач, танловда адашганлигини англайди. Тадбиркорга арз қилиши фойда бермади. Гасанованинг бу муаммо бўйича Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаати боис 1.300.000 сўм пули истеъмолчига тўлиқ қайтариб олиб берилди.
Гувоҳи бўлганингиздек, ушбу аризаларнинг деярли барчаси мазмунан яқин. Замонавий технологиялар ривожланаётган бўлсада сифат масаласи ҳануз долзарблигича қолмоқда. Тўғри, муҳими ҳал қилинибдику дерсиз аммо, тан олиш керакки, кимга ва қаерга мурожаат қилишни билмаётган фуқароларимиз анчагина.
Ҳурматли истеъмолчилар, маиший техника борасида муаммоларингиз бўлса, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилинг. Унутманг, ҳуқуқларингиз қонун ҳимоясида!