Мақолалар

МУБОРАК ОВОЗЛАРИ

Чоп этилди Iyul 3, 2020 МУБОРАК ОВОЗЛАРИda fikr bildirishni o'chirish

(Давоми, бошланиши ўтган сонларда)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак овозлари ниҳоятда чиройли, ёқимли бўлгани ҳақида Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Пайғамбарларнинг юзи ва овози чиройли қилиб яратилган. Сизларнинг Пайғамбарингиз (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг ичида юзи ва овози энг чиройлисидир» (Имом Термизий ривояти).

Баро ибн Озиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозида Тийн сурасини ўқидилар. Шу кунгача у зотнинг овозларидан чиройлироқ овозни эшитмаганман» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Жубайр ибн Мутъим розийаллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хушовоз бўлганлар (Абул Ҳасан Заҳҳок ривоят қилиб, «Шарҳул мавоҳиб»да нақл қилган) . Умму Маъбад айт­ганидек, ўткир овозли эдилар. Бундан ташқари, у зотнинг овозлари бошқаларнинг овози етиб бормайдиган жойларга ҳам етадиган даражада кучли эди».

Баро ибн Озиб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таърифлаб, бундай деган: «У зот бизларга шундай хутба қилардиларки, ҳатто хоналаридаги аёлларга ҳам эшитиларди» (Имом Байҳақий ривояти) .

Умму Ҳониъ айтади: «Мен кечалари ҳовлимиз айвонида туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъбадаги қироатларини бемалол эшитардим» (Имом Ибн Можа ривояти).

Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сонидан