Мақолалар

Касбларнинг энг афзали

Чоп этилди Iyul 3, 2020 Касбларнинг энг афзалиda fikr bildirishni o'chirish

Динимизда деҳқончилик билан шуғулланиш улуғ амаллардан ҳисобланади. Чунки улардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло бу касб эгаларини жуда кўп жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шу боис Ислом уламолари наздида деҳқончилик энг афзал касблардан саналади.

Ҳадиси шарифларда деҳқончилик билан шуғулланган одамларга кўплаб савоб ва ажрлар борлиги айтилган. Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

«Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан бирор жонзот еса, албатта, у учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам у учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам у учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам у учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, у учун садақадир». Бошқа бир ривоятда: «Мусулмон киши бир экин экса-ю, ўшандан инсонми, жонворми, қушми, еса, албатта, қиёмат кунигача унинг учун садақа бўлади», дейилган (Имом Муслим ривояти).

Саҳобаларнинг бир қанчалари деҳқончилик билан шуғулланганлар. Жумладан, Ислом тарихида энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба Абу Ҳурайра, тажрибали қўмондон, моҳир мерган Саъд ибн Абу Ваққос ва бошқа саҳобалар розийаллоҳу анҳум деҳқончилик сир-асрорларидан воқиф бўлиб, мўл ҳосил олиш йўлини яхши билганлар.

Ҳар бир кишининг ўз меҳнати билан топган ризқ-рўзи афзал неъмат экани айтилган. Миқдом розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Ҳеч ким, ҳеч қачон ўз қўли (меҳнати) билан топган таомидан яхшироқ таом еган эмас” (Имом Бухорий ривояти).

Еримиздан унумли фойдаланиб, унга турли хил экинларни экиб, ундан ҳосил олиб, ўзимиз ва бошқаларнинг ризқли бўлишига ҳаракат қилишимиз бандалик бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло ерни инсоният учун бўйсундириб, уни тирикчилик учун восита – неъмат қилиб берган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир” (Мулк сураси, 15-оят), “Батаҳқиқки, Биз сизларни ер юзида имконли қилдик ва унда сизларга маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр қиласизлар” (Аъроф сураси, 10-оят).

Афсуски, ўзидаги имкониятлардан фойдаланмаётган кишиларнинг борлиги ачинарлидир. Ахир, ўз томорқасида деҳқончилик қилса, ўзига ҳалол ризқ, ўзгаларга манфаат бергани учун садақа савобига эга бўлишади-ку! Алҳамдулиллаҳ, заминимиз қуёшли, ерларимиз серунум. Нима экмайлик, албатта, униб, мўл ҳосил беради.

Қадимда бир маддоҳ бўлган экан. Ўзининг маза-бемаза қофияли шеърлари билан барчанинг жонига тегибди. Атрофидагиларнинг бетакаллуфлигидан норози бўлган маддоҳ бир ҳафта мобайнида подшоҳга атаб қирқ байт мадҳ битибди. Алқисса, подшоҳ ҳузурига кирган маддоҳ ўз мадҳини ўқий бошлабди. У ўқиган сайин подшоҳнинг юзи тундлашиб бораверибди. «Ашъор»и яримламай туриб, подшоҳ мулозимларига «Шоирнинг ҳар бир мисраси учун бир даррадан урилсин. Туманидан тўрт таноб ер ажратилиб, бундан буёнига деҳқончилик билан шуғуллансин. Ёнидаги деҳқонлардан кам ҳосил олса, зиндонбанд қилинсин», дея амр этибди. Жазодан қўрққан маддоҳ бор меҳрини бериб, меҳнат қилибди. Натижада мўл ҳосилга эга бўлиб, дастлабки ҳосилидан саройга олиб келибди. Унинг меҳнати самарасини кўрган подшоҳ қирқ тилло билан сийлаб, «Раҳмат сизга, бободеҳқон!» дея тасаннолар айтган экан. Қиссадан хулоса чиқариш ўзимизга боғлиқ.

Меҳнат инсонни улуғлайди, ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлади. Агар меҳнат ерга сингдирилса, нафи бир неча карра бўлиши, шубҳасиз.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сонидан