Мақолалар

Зуҳд

Чоп этилди Iyul 4, 2020 Зуҳдda fikr bildirishni o'chirish

Руҳий тарбиясини олий мақом қилмоқчи бўлган, охиратда даражаси улуғ бўлишини истаган мусулмон учун лозим бўлган мақомлардан бири зуҳддир. “Зуҳд” сўзи луғатда оз, кам нарса маъносини англатади. У рағбатнинг тескариси бўлиб, тарк қилиш, юз ўгириш маъноларини билдиради.

Шаръий истилоҳда дунё, мол-мулк, обрў ва мансаб муҳаббатидан юз ўгиришдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Ким охират ҳосилини истаса, унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас” (Шуро сураси, 20-оят).

Бошқа бир оятда бундай дейилади:

“Молу-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолувчи солиҳ амаллар Раббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир” (Каҳф сураси, 46-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам зоҳидликда имом эдилар. У зотга моллар келар, уларни одамларга тарқатиб юборар эдилар. Уч кун кетма-кет қоринлари тўйиб овқатланмаган, ётоқлари хурмо пўслоғидан, бўйрани тагига солсалар, устиларига етмас эди. Уйларининг шифти ва энига қўл чўзса, етар даражада эди.

Саҳл ибн Саъд Соидий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Мени бир амалга далолат қилинг. Қачон уни қилсам, менга Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам муҳаббат қилсин”, деди. Шунда Расулуллоҳ: “Дунёдан зуҳд қил, Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлар қўлидаги нарсадан зуҳд қил, улар сени яхши кўришади”, дедилар» (Ибн Можа ривояти).

Саҳоба розийаллоҳу анҳумлар ҳам зоҳид бўлишган. Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Салмон Форсий, Абу Зар Ғифорий розийаллоҳу анҳум бошқа саҳобаларнинг зоҳидликлари зарбулмасалга айланган.

Руҳий тарбия уламоларининг зуҳдга берган таърифлари:

Имом Ғаззолий айтади: “Зуҳд рағбатнинг бир нарсадан ундан кўра яхшироқ нарсага бурилишидир”.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: “Рағбат қилинган нарса юз ўгирилганидан яхшироқ бўлиши керак. Ўзи ёқтирмайдиган, унга рағбати бўлмаган нарсадан юз буриш зуҳд дейилмайди”, деганлар.

Қарофий бундай дейди: “Киши мол-дунёга эга бўлса-ю, қалбида унинг севгиси бўлмаса, ўша зуҳддир. Шунинг учун бой зоҳид бўлиши мумкин. Фақир зоҳид бўлмаслиги мумкин”.

Баъзи мутасаввифлар: “Ҳаром нарсадан зуҳд қилиш вожиб. Ҳалол нарсаларда эса фазилат. Мол-дунёси озлигига сабр қилиши, Аллоҳ таолонинг тақсимотига қаноат қилиб, борига рози бўлиши зуҳддир”, дейишган. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Дунё матоҳи оз, охират эса тақво қилганларга яхшидир. Ва қилчалик зулм қилинмассизлар…” (Нисо сураси, 77-оят).

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: “Зуҳд орзу-умиднинг камлигидадир. Очлик ва увада кийишда эмас”, деган.

Абу Сулаймон Дороний айтади: “Зуҳд Аллоҳ таолодан чалғитиб қўядиган нарсаларни тарк қилишдир”.

Яҳё ибн Муоз айтади: “Кишида уч хислат топилмас экан, у ҳақиқий зуҳдга эриша олмайди. Улар: узлуксиз амал, тамасиз гап, мансабсиз азиз бўлиш”. Яъни, солиҳ амалларни бир муддат қилиб орада ташлаб қўйиш, бирон нарса умидида чиройли гапларни топиб гапириб зуҳд либосига бурканиш зоҳидлик эмас. Шунингдек, обрў топиши мансаб туфайли эмас, тақвоси билан бўлсин.

Жунайд Бағдодий Руваймдан ривоят қилиб айтади: “Зуҳд бу банда учун дунё арзимас бўлиши ва унинг асарларини ҳам қалбдан суғуриб ташлашдир”.

Сарий Сақатий: “Зоҳид нафси куйида машғул бўлса, унинг яшашидан маъно йўқ”, деган.

Ибн Ашъас Бойкандий (ёки Пойкандий) бундай дейди: “Ким зуҳддан гапириб одамларга ваъз қилса-ю, ўзи уларнинг молига рағбат қилса, Аллоҳ таоло унинг қалбидан охират муҳаббатини олиб қўяди”.

Аҳмад ибн Ҳанбал айтади:
“Зуҳд уч даражада бўлади. Биринчиси – ҳаромни тарк қилиш. Бу авомнинг зуҳди. Иккинчиси – ҳалол нарсаларда керагидан ортиғини тарк қилиш. Бу хосларнинг зуҳди. Учинчиси – Аллоҳ таолодан чалғитадиган нарсани тарк қилиш. Бу орифларнинг зуҳди”.

Фузайл ибн Иёз айтади: “Аллоҳ таоло барча ёмонликни бир уй ичига жойлади ва дунё муҳаббатини унинг калити қилди. Шунингдек, барча яхшиликни бир уй ичига жойлаб, зуҳдни унга калит қилди”.

Руҳий тарбия устозлари саҳобалар, салафларнинг ҳаётидан келиб чиқиб қуйидагиларни хулоса қилишади:

Зуҳднинг даражаси учта:

1. Авомнинг даражаси

2. Хосларнинг даражаси

3. Хосларнинг хоси даражаси

Уламолар берган таърифлар турличалиги ушбу даражалар билан боғлиқ. Зуҳд нафс тарбиясидаги улуғ мақомлардан бири. Мақом “туриш” дегани. Маълум муддат зуҳд қилиб, кейин ташлаб қўйиш зоҳидлик ҳисобланмайди. Яъни, мақом соҳиби ўша мақомда доим собит туриши, ўзининг табиатига айланиши керак. Шундагина мақом бўлади.

Зоҳидлик таркидунёчилик эмас. Дунёдан бутунлай воз кечиш ҳам эмас. Зоҳидлик дунё нарсаларига боғланиб, уни яхши кўриб қолмаслик. Келганида қувонмай, кетганида маҳзун бўлмасликдир. Кўплаб саҳобалар ва салафи солиҳлар бой бўлганлар, ҳамма қатори яшаганлар. Аммо ҳаётда зоҳид бўлишган. Уларнинг зоҳидлиги ўша нарсаларни ҳақир санашларида бўлган. Мол-дунёни тарк қилиш, мансабдан қочишлари дунё муҳаббати қалбга ўрнашиб олмаслиги учун восита бўлган.

“Рисолатул қушайрия” ва “Руҳий тарбия” китоблари асосида

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сонидан