Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Iyul 4, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

 САВОЛ:  Ижтимоий тармоқларда: “Бир инсон бошқа бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади”, дeган гапни ўқиб қолдим. Шундай дейиш тўғрими? Олдиндан раҳмат.

 ЖАВОБ: “Бир инсон бошқа бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади”, мазмунида ҳадис йўқ! Балки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўқилган уйдирмалардан биридир. Буни бир неча жиҳатдан асослаш мумкин:

Биринчидан – ушбу тўқима гап бирор ҳадис тўпламида келтирилмаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган санади – ровийлар силсиласи мавжуд эмас. Зеро, ҳар бир ҳа диснинг санади бўлиши лозим. Агар бирор ривоятнинг санади бўлмаса, уни ҳадис деб аташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун ҳам буюк муҳаддислардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Санад диндандир! Агар санад бўлмаса, хоҳлаган кимса ўзи хоҳлагандек гапираверади», деган.

Иккинчидан – Рамазон ойининг кириб келиш санаси Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга олдиндан маълум бўлмайди. Балки Рамазон ойининг ҳилолини кўриш билан маълум бўлади. Демак, у ҳақда аввалдан эслатиш мантиқан имконсиздир.

Учинчидан – Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатган кишига дўзах олови ҳаром қилиниши ҳам шариатимизнинг умумий қоидаларига зиддир. Чунки ким жаннатга кириши, ким дўзахга кириши бу каби амаллар билан белгиланмайди. Балки шариат кўрсатмаларига мунтазам амал қилиши билан белгиланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ёлғон тўқиш, билиб-билмай турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун бирор ривоятнинг ҳақиқий эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб гапириш яхши эмас.

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Уламоларимиз тўқима ҳадисларни айтиш ва тарқатишдан қаттиқ қайтарганлар. Ҳатто баъзи уламолар уни гуноҳи кабиралардан санаган. Фақат ўша “ҳадис” тўқима эканидан огоҳлантириш мақсадида айтишга рухсат берилган. Шундай экан, билмаганлар билиб олсин, билганлар бошқаларга ҳам етказиб, огоҳлантириб қўйсин. Бу ишни қилиб, тўқима ривоятларни тарқатиб юрганлар тавба қилишсин, асоссиз, ёлғон гапларни ҳадис деб тарқатишни тўхтатишсин. Валлоҳу аълам.

 

 САВОЛ:  Мазҳабга эргашиш қанчалик зарур? Баъзилар мазҳабга эргашиш шарт эмас, деяпти. Шу гап тўғрими?

 ЖАВОБ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида барча мусулмонлар ўзлари билмаган масалаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганлар. Саҳобаи киромлар даврида олим саҳобалардан ёш саҳобалар таълим олишди. Шу зайлда, шаръий илмларда маълум даражага етмаган кишилар муайян уламоларнинг йўлларини тутишлари анъанага айланиб, фиқҳий мазҳаблар кўпайиб борди. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида бундай деган: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).

Аммо вақт ўтиши билан улар орасидан тўрт йирик мазҳаб: ҳанафийлик, моликийлик, шофиъийлик ва ҳанбалий лик ажралиб чиқди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар оммаси томонидан “фиқҳий мазҳаблар” деб эътироф этилди.

Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ экани ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида бундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди.

Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.

Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида бундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарида бундай деган: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса катта муаммо ва ихтилофлар бор”. Имом Самҳудий сўзининг давомида бундай дейди: “Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари “Мажмуатул фатаво” китобида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирган: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофиъийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади.

Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Юқоридаги етук уламоларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини кўплаб келтириш мумкин. Бундан бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай амал қилиб келмоқдалар.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ўзлари илмий кўникма ҳосил қилмаган бўлсалар-да: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан”, деб даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар.

Машҳур уламоларимиздан доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли китобида ҳозирги мазҳабсизларнинг воқелигини изоҳлаб бундай деган: “Шубҳасиз, улар (яъни, мазҳабсизлар)нинг ҳаммалари бевосита Қуръон ва суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Улар ўзини худди санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек тутса-да, аслида биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларининг кўп гувоҳи бўлдик”.

Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига эргашишлари лозим ва лобуддир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сонидан