Мақолалар

Аҳли сунна вал жамоанинг асосий хусусиятлари

Чоп этилди Iyul 6, 2020 Аҳли сунна вал жамоанинг асосий хусусиятлариda fikr bildirishni o'chirish

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ўн икки эътиқодий хусусияти бор. Улар билан сифатланган банда, албатта, тўғри йўлда – ҳидоятда бўлади:

1. Имон. Имон тил билан иқрор бўлиш ва дил билан тасдиқ қилишдир. Иқрор бўлишнинг ёлғиз ўзи имон эмас. Агар шундай бўлганида эди, мунофиқларнинг барчалари мўмин бўлишарди. Шунингдек, ёлғиз маърифат (Аллоҳни таниш) ҳам имон эмас. У ҳолда аҳли китобларнинг ҳаммаси мўмин бўларди. Аллоҳ мунофиқлар ҳақида бундай марҳамат қилади: «…Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканларига ҳам гувоҳлик берур» (Мунофиқун сураси, 1-оят). Шунингдек, Аллоҳ аҳли китоблар хусусида: «Биз китоб берган ўша (золим) кимсалар уни (Муҳаммадни)
худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар…» (Бақара сураси, 146-оят), деганИмон зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди. Чунки имоннинг камайиши куфрнинг зиёда бўлиши ва имоннинг зиёда бўлиши куфрнинг камайиши, дегани бўлади. Инсон бир вақтнинг ўзида ҳам мўмин ва ҳам кофир бўлиши ҳеч мумкинми?! Инсон ҳақиқий мўмин ёки ҳақиқий кофир бўлади. «Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир…» (Анфол сураси, 4-оят); «Ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир…» (Нисо сураси, 151-оят). Шу боис Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматларидан гуноҳкорлари ҳам ҳақиқий мўминлардир, улар кофир эмаслар.

Амал имон эмас, имон амал эмас. Бунга далил шуки, баъзи вақтларда мўминга амал вожиб бўлади. Ундай пайтда мўминнинг имони кўтарилди, деб айтилмайди. Масалан, ҳайз кўрган мўминага Аллоҳ таоло намоз ўқишни буюрмайди, яъни унга намоз фарз бўлмайди. Шу вақтда биз Аллоҳ аёлдан имонини кўтарди ёки унга имонни тарк қилишни буюрди, дея олмаймиз. Шариат ҳайз кўрган аёлга, рўзани қўйиб тур, унинг қазосини кейин тутиб берасан, дейди. Аммо шариат у аёлга, имонни қўйиб тур, унинг қазосини кейин адо қилиб берасан, демайди. Шунингдек, камбағал одам учун закот фарз эмас, дейиш жоиз. Аммо унга имон фарз эмас, дейиш мумкин эмас.

Тақдирнинг барча яхшилигию ёмонлиги Аллоҳ таолодандир. Агар банда тақдирнинг яхшилик ва ёмонлиги Аллоҳдан ўзгага боғлиқ деса, у кофирга айланади ва тавҳид ақидаси барбод бўлади.

2. Биз амаллар уч хил, яъни фарз, фазилат ва маъсият бўлишига иқрормиз. Фарз амаллар – Аллоҳнинг амри, хоҳиши, муҳаббати, ризоси, қазойи қадари, яратиши, ҳукми, илми, тавфиқи ва Лавҳул Маҳфузда битиши билан содир бўладиган амаллар.

Маъсият амаллар – Аллоҳнинг амри билан эмас, балки Унинг хоҳиши билан, Унинг муҳаббати билан эмас, Унинг қазоси билан, Унинг ризоси билан эмас, Унинг тақдири билан, Унинг тавфиқи билан эмас, Унинг илми ва Лавҳул Маҳфузда битиши билан, Унинг нусратисиз содир бўладиган амаллар.

Фазилатли амаллар – Аллоҳнинг буйруғи билан эмас, балки Унинг хоҳиши, муҳаббати, ризоси, қазойи қадари, ҳукми, илми, тавфиқи, яратиши ва Лавҳул Маҳфузда битиши билан содир бўладиган амаллар.

3. Биз Аллоҳни Аршга бирор ҳожат учун ёки қўним топиш учун «истиво» қилган, деб иқрор қилмаймиз. Аллоҳ Аршни ва ундан бошқа нарсаларни ҳам ҳифзу ҳимоя қиладиган Зотдир. Агар Аллоҳ эҳтиёжманд бўлганида эди, У оламни яратишга, унинг тадбирини қилишга қодир бўлмаган бўларди. Агарда Аллоҳ ўтиришга ва қарор топишга ҳожатманд бўлса, У Аршни яратмасдан илгари қаерда эди?! Аллоҳ таоло бу каби нуқсонлардан пок ҳамда ўта юксак ва олийдир.

4. Биз Қуръони карим Аллоҳнинг сўзи, махлуқ эмас, ваҳийси, танзили, сифати, У эмас, ўзга ҳам эмас, деб иқрормиз. Каломуллоҳ мусҳафларда битилган, тиллар билан ўқилган, қалбларда ёдланган бўлса-да, уларда ўрнашмагандир. Сиёҳ, қоғоз, битиш-ёзиш махлуқдир, зеро, улар бандаларнинг феълларидир. Аллоҳнинг каломи махлуқ эмас. Ёзиш, ҳарфлар, сўзлар, оятлар, уларга бандаларнинг эҳтиёжи боис, Қуръон далолатларидир. Аллоҳнинг каломини махлуқ деган кимса Аллоҳ таолони инкор этгувчи кофирдир.

5. Биз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кейин уммати Муҳаммадиянинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн Хаттоб, кейин Усмон ибн Аффон ва ундан сўнг Али ибн Абу Толиб (Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин), деб иқрор қиламиз.

Сўзимизга далил Аллоҳ таолонинг бу оятидир: «(…эзгу ишларда) ўзиб-ўзиб кетган зотлардир. Айнан ўшалар (Аллоҳга) яқин зотлардир ноз-неъмат боғларида» (Воқеа сураси, 10—12-оятлар).

Мазкур саҳобаи киромларнинг бир-бирларига нисбатан фазли уларнинг олдинроқ истиқоматда ўтганликларига кўрадир. Ҳар бир тақводор мўмин уларни яхши кўради. Ҳар бир бадбахт мунофиқ уларни суймайди.

Ҳар бир банданинг амаллари, иқрори ва маърифати махлуқ эканига иқрормиз. Модомики, иш-ҳаракатни бажарувчи махлуқ экан, унинг амаллари ҳам махлуқ эканида шубҳа бўлиши мумкин эмас.

(Давоми келгуси сонда)

“Аҳли сунна вал жамоанинг асосий хусусиятлари” китобидан олинди

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 2-сонидан