Мақолалар

Алимент пули ажрашиш учун мукофотми?

Чоп этилди Iyul 12, 2020 Алимент пули ажрашиш учун мукофотми?da fikr bildirishni o'chirish

Facebook ижтимоий тармоғидаги “Maslahat Uz” гуруҳи фойдаланувчиларидан бири «Ажрашиш учун мукофот бўлган алиментни бекор қилишни таклиф қиламан. Болани боқишга қодир бўлган тараф асраб олсин!» дея пост қолдирилган.
Ушбу мавзу жамиятимиздаги энг оғриқли нуқталарда ҳисобланади. Бу муаммони ҳаттоки, ҳукумат даражасида имкон қадар бартараф этиш учун ҳаракатлар бўлмоқда. Жамоатчиликка ҳам бегона бўлмаган ушбу постга кўпчилик юртдошларимиз бефарқ қарашмаган ҳолда ўзларининг шахсий изоҳларини қолдиришди.

Шоҳиста Абдураҳмонова:
– Ажрашмаслик учун аввало тарбия ўчоғини болаликдан тўғрилаш керак дегувчилар йўқми?

Гулноза Юсупова:
– Алимент учун ажрашишдан бошқа иши йўқмикан у аёлни? Алиментдан воз кечиб болаларини ўзи боқаётган ғурурли аёлларимиз ҳам бор. Отани ғурури бўлса, ўзи ташлаб кетади ёрдам пулларини.

Топволдиев Ҳикматилло:
– Алимент пули ажралишга ҳеч қанақа сабаб бўла олмайди . Арзигулик каттароқ суммадаги пул бўлса экан, шу сабаб ажралиш кўп бўлмоқда десалар бўлади. Ажрашишга сабабни бошқа тарафдан кўриш керак.

Маруфхўжа Баҳриддинов:
– Бу баъзи аёлларга ёқмайди, лекин зўр таклиф ман қўшиламан. Оилаларда алиментга ажрашиб алиментга берадиган даражага борилганда, суд дарров алиментга қўймасдан, аввал оилани ўргансин МФЙ билан ҳамкорликда, оилани ажралишига ким сабабчи бўляпти эрми ёки хотин, агар эр айбдор бўлса майли, алиментга қўйсин катта қилиб, агар аёл айбдор бўлса болани отага олиб бериб онани алимент тўлайдиган қилсин. Болаларни келажагини, тарбиясини ҳам ўйлаш керак, ота берган тарбияни она беролмайди, айниқса ўғил болага, она берганни ҳам ота беролмайди. Мени тушунишим бўйича пост эгасининг мақсади ажримларни қайтариш бўлса керак.

Миразиз Мирзияев:
– Ўзбекни онасидек она йўқ бу дунёда! Фақат баъзи шунақа эркаклар заиф бўлиб кетди, кетяпти. Турмуш «удар»ларига чидолмай «чийиллаворяпти». Бу мени болам, йўқ ажрашмайман, чидайман энди охиригача деб айтолмаяпти.

Абдумалик Ҳалимов:
– Шариатда аёллар учун маҳр белгиланган. Маҳрнинг миқдори ўша аёлнинг рози бўлгунича бўлган. Эркак ажрашишга келганида ўша маҳр сабаб ҳам баъзида ажримдан тўхтаган, шаърий ҳукм болани нафақаси отасини бўйнида бўлган, шариат аёлларга енгиллик берган. Кеча бир синглимиз айтганидек мусулмонлар ажрашиб боласини онасига бермаган, мана қандай чиройли динимиз бор, унга амал қилиш қолди холос. Ўзимизча европача кийиниб ажримга келганида шаърий талаб қўймайлик аёллар!

Аҳрор Эргашев:
– Менимча ҳеч қайси эркак боласидан тонмайди, лекин ҳозир арзимаган нарса учун бирга яшаб туриб алиментга бераётганлар ҳам йўқ эмас.

Лобар Хайруллаева:
– Алимент пули ўзи арзимас пул. Боланинг бир ойнинг заруратига ҳам етмайди. Қўшним 2 нафар ёш боласи билан ажрашди. Бири 4 ёш, бири бир ярим ёш. Ишлолмайди. Алиментни ҳам вақтида бермайди эри. Катта ўғлининг миясида касали бор. Эри умуман қарамайди. Бечора эри берган пулни дорига ишлатсинми, рўзғоргами?

Эътибор Рўзмаматовна:
– Тўғри фикр баъзи аёллар эркин яшашни хоҳлаб қолишади ва боласини ҳам уйламасдан ажрашиб яна алимент ҳам талаб қилишади

Ҳилолахон Исраилова:
– Фикр тўғримас. Алимент у болани ҳаққи. Ҳеч қайси аёл боласини отасиз, кўнгли ярим ўсишини хоҳламаса керак.

Шерзод Эминов:
– Бола отада қолишни таклиф қилинг, ажрашиш камаяди. Алимент бутунлай йўқолади. Ажрашган хотин эса осон эрга тегиб кетади.

Феруза Расулова:
– Бўлмаган таклиф. Бундан воз кечишга ҳеч кимни ҳаққи йўқ. Чунки алимент боланинг ҳаққи. Аксинча, алиментни кўпайтириш таклифини киритаман!

Абдувосит Валиев:
– Алиментдан кейин отаси ишга ярамай қолса, нафақаси етмаса, боладан нафақа алимент талаб қилиши мумкин. Отасини жуда ёмонлаб ташламанглар. Эртага болани кўнгли қолади.

Абдумалик Ҳалимов:
– Муаммо алиментда эмас, муаммо алиментгача бўлган даврда, икки ёш икки қутб, қизлар бетарбия, йигитлар сабрсиз. Аллоҳ ҳалол қилган ҳукм орасида ўзига ёқмагани талоқ ҳукмидир, кўпчилик ота оналаримиз болаларни еб ичишини кам қилмаганимиздек тарбиясиниям бенуқсон қилсак шунга яраша жойига узатсак ёки уйлантирсак алимент деган нарсага ҳожат қолмайди.

Муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур таклиф остида, ажримлар сони камайишига, фарзандлар ноҳақ етим бўлиб қолмасликларига урғу берилган назаримда. Статистик маълумотларга кўра, ФҲДЁ органларида никоҳи бекор қилинган ҳолатлар бўйича 2019 йилнинг ўзида ажралишлар сони 23000 га етган. Шу даврнинг ўзида 195 мингта никоҳ қайд этилган.

Бу каби ҳолатларга, эр-хотин муносабатларига аралашув, уй-жой етишмаслиги масаласи, маънавий-ахлоқий тарбиянинг етишмаслиги, хиёнат, зўравонлик, ҳамда аёлларнинг чет элга ишлашга кетганликлари сабабли дуч келинмоқда. Масаланинг энг масъулиятли томони оиладаги тарбия билан боғлиқ. Оила қуришни мақсад қилган йигит ва қизга олдидаги асосий вазифаси, масъулияти ҳақида тушунтирилса, уларни сабр бардошли қилиб тарбияланса юқорида айтилганидек бу каби постларни қолдиришга ҳожат қолмасди.

Манижа БАҲРИЕВА,
журналист

ЎзА