Ҳиндистонда пандемия сабаб болалар никоҳи кўпайди
Ҳиндистонда коронавирус пандемияси муносабати билан жорий қилинган карантин вақтида болалар ўртасидаги никоҳлар сони кўпайди.
Ҳиндистонда болалар ўртасидаги никоҳ расман тақиқланган бўлсада, мамлакатда ҳали ҳам бу ҳолат сақлаб қолинган. Болалар ўртасидаги никоҳнинг кўпайгани бир нечта штатда қайд этилган.
Махарашта штатининг аёллар ва болалар ишлари бўйича департаменти маълум қилишича, штатда март ойидан июнь ойигача болалар ўртасидаги 80 та никоҳнинг олди олинган. Теланган штатида шу вақт оралиғида департамент 218 та шундай ҳолатга тўсқинлик қилган.
Тамилнад штатининг Тируваннамалай округида июнь ойида болалар никоҳлари сони 40 тага етган, ўтган икки йил ичида эса 27 та шундай никоҳ аниқланганди.
Шунингдек, Одиша штатида 183 та, Ғарбий Бенгалияда 138 та, Жаркханд штатида 56 та шундай ҳолат қайд этилган. Бунда никоҳ асосан, кичкина қизлар, ўсмир қизлар ҳамда йигитлар ва катта ёшли эркаклар ўртасида бўлади.
Тируваннамалайдаги ижтимоий таъминот ходимининг фикрича, мазкур ҳолатларнинг кўпайишига COVID-19 «жуда яхши ҳисса қўшган». Ходимнинг қайд этишича, карантин фонида оилалар тўйларни кам сонли меҳмонлар билан камхарж ўтказиши мумкин.
Қайд этилишича, болалар ўртасидаги никоҳнинг ортишига яна бир сабаб ишсизлик ҳисобланади. Одамлар пандемия вақтида ишсиз қолмоқда ва уларда молиявий қийинчиликлар юзага келмоқда.
Манбанинг ёзишича, мактаблар ёпилганидан кейин ота-оналар ҳар доим ҳам боласини боқа олмайди. Ижтимоий таъминот хизмати ходимининг маълум қилишича, кўп ҳолларда оилалар яна бир одам учун тўлашга пули йўқлигини айтади. Кўплаб болалар мактабда бир маҳал бериладиган овқатга боғланиб қолган. Шунингдек, ота-оналар болалар, айниқса, қизлар хавфсизлиги масаласида ташвишланади. Ота-оналарнинг фикрича, қизлар мактабга бормаган вақтда тегажоғликлар олдида ожиз қолади.
Ҳиндистонда болалар никоҳларининг ҳисоб-китоби миллий даражада олиб борилмайди. Баъзи ҳолатларда эса бундай никоҳлар ошкор қилинмайди. Шу сабабли ҳақиқий ҳолат бошқача бўлиши мумкин. «Биз кўриб турганимиз фақат айсбергнинг учи», — дейди ижтимоий таъминот ходими.
The Times of India нашрида қайд этилишича, Ҳиндистонда қизлар 18 ёшгача, йигитлар 21 ёшгача расман никоҳдан ўтиши мумкин эмас. Бироқ амалиётда бу тақиқ ҳар доим ҳам ишламайди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда учинчи ўринда турибди.
Халқ сўзи