Али Тантовий раҳимаҳуллоҳнинг гўзал ахлоқи
Шайх Али Тaнтовий Ироқдаги бир университетга адабиёт ўқитувчиси этиб тайинланди.
У дарсга киришдан олдин Бағдод кўчаларида анча вақт пиёда айланиб сайр қилди. Дарсга кириб келганида уст-боши чанг бўлиб кетган, хонада эса бошқа бир ўқитувчи талабаларга дарс ўтаётган эди.
Устоз шайх (Али)ни ҳам талабалардан бири деб ўйлаб дўқ қилди:
– Эй эшак! Нега дарсга кеч қолдинг?..
Шайх Али камоли одоби ила ундан узр сўраб, биринчи қатордаги талабалар ёнига бориб ўтирди. Ўқитувчи гапини келган жойида давом эттирди:
– Тез орада сизларга дарс бериш учун йирик адиб, машҳур шоир Али Тaнтовий келади. Унинг олдида юзимни ерга қаратиб қўйманглар! – деди ва улардан баъзи нарсалар ҳақида сўрай бошлади.
Шайх Али ҳам бошқалар каби оддий талабадек жавоб берар эди. Ўқитувчи унинг зукколигидан ажабланди ва:
– Аббосийлар ҳукмронлиги давридаги энг машҳур шоирлардан – ал-Буҳтурий ва Абу Тамом ижодини қиёслаб бера оласанми? – деб савол берди.
Шайх жуда чиройли тарзда, муфассал жавоб берди
Ўқитувчи ҳайратга тушиб:
– Сен янги талабага ўхшайсан, исминг нима? – деб сўради.
– Исмим Али Тaнтовий, – деб жавоб берди шайх.
Ўқитувчи бу жавобдан ҳушидан кетаёзди.
Биз қачон одамларнинг ташқи кўринишига қараб ҳукм чиқармасликни ўрганамиз?