Агар тавбани бузиб қўйсангиз…
Абу Амр ибн Нажийд дастлаб Абу Усмоннинг илмий суҳбатларига қатнаб юрди. Абу Усмон одамларга ваъз-насиҳат қилиб, уларни яхшиликка чорлар эди. Олимнинг гаплари Абу Амрнинг қалбига таъсир этиб, қилиб юрган гуноҳкорларига тавба қилди. Бир қанча вақт ўтгач, унга фатрат, яъни узилиш етиб, тавбасини бузиб қўйди. Энди у ўзини гуноҳкор сезиб, Абу Усмоннинг суҳбатларига бормайдиган, уни кўриб қолгудек бўлса, яширинадиган бўлиб қолди.
Абу Амр кунларнинг бирида Абу Усмонга дуч келди. Шунда у йўлини ўзгартириб, бошқа тарафга юрди. Абу Усмон эса, то унга етиб олмагунича ортидан қолмади. Ниҳоят унга етиб олди ва бундай деди: “Эй ўғлим, сени фақат маъсум (бегуноҳ) бўлган пайтингдагина яхши кўрадиганлар билан дўстлашма. Чунки маъсумлик фақат Пайғамбарларга хосдир. Абу Усмон эса (яъни камина) сенга мана шундай (хатога йўл қўйган, адашиб қолган) ҳолатингда асқатади (яъни қўлингдан тутиб, тўғри йўлга бошлайди)”.
Бу гапни эшитиб, Абу Амр қайтадан тавба қилди ва унда собит турди. Охир-оқибат бу борада моҳир бўлди.
Бу ерда киши гоҳида тавбасини бузиб қўйиши мумкин эканига, шундай бўлса-да, тавбасига қайтиши лозимлигига ишора бор. Шунингдек, бундай вазиятда устоз-муаллимлар қандай йўл тутиши кераклиги ҳам баён қилинмоқда.
Имом Абдулкарим Қушайрий раҳимаҳуллоҳ шайхи Абу Али Даққоқ раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилиб айтади: “Муридлардан бири тавба қилди. Бир муддатдан сўнг унга фатрат – узилиш етиб, тавбасидан олдин қилиб юрган иши (гуноҳи)га қайтди. Бир вақт унинг хаёлига “яна тавба қилсам, (бўлармикан) бунинг ҳукми қандай бўларкин?” деган фикр келди. Шунда ҳотиф – ғойибдан овоз келди: “Эй фалончи! Бизга итоат қилганингда сени мақтадик, сўнгра биз (нинг амримиз)ни тарк қилгандинг сенга муҳлат бердик. Агар (яна тавба қилиб) бизга қайтар бўлсанг, сени қабул қиламиз!”
Шундай қилиб, аввал тавба қилиб, тавбасида иродасизлик қилган мурид яна тавбага шошилди”.
Бу қиссалардан тавба эшиги тойилиш (яъни тавбасида иродасизлик қилиб қўйган)дан кейин ҳам очиқ экани ва (унутиб ё адашиб ё иродасизлик қилиб) тавбасини бузиб қўйган бандага дарҳол жазо берилмаслиги маълум бўлади (“Рисалатул Қушайрийя”).
Ҳақиқатан ҳам, аксарият кишиларни ана шу иродасизлик – тавбани бузиб қўйиш, унда собит туролмаслик хавотири тавба қилишдан тўсиб туради. Юқоридагилардан маълум бўлдики, мазкур хавотир бизни тавба деган ибодатдан тўсувчи бир баҳона экан, холос.
Азизбек Холназаров