Қуръон қиссалари
ОДАМ ва ИДРИС алайҳимассалом
Болажонларим, бугундан бошлаб, ҳар куни уйқуга ётишдан олдин ҳаммамиз биргалашиб, пайғамбарлар алайҳиссаломларнинг ҳаётидан қизиқ ва ибратли қиссаларни ўқиймиз. Чунки уларнинг сўзлари ва қилган ишларини ўрганиб, юриш-туришимизда, гаплашимизда уларга эргашсак, иншааллоҳ, икки дунёда ҳам бахтли бўламиз.
Қани, болажонлар, бисмиллаҳ деб қиссаларни ўрганишни бошладик. Биринчи бўлиб барча инсонларнинг отаси – Одам исмли пайғамбар алайҳиссаломнинг Қуръони каримдаги қиссасини ўқиб ўрганамиз.
Ҳа, айтганча, қайси бир пайғамбарнинг номи тилга олинса, албатта, ҳар биримиз “алайҳиссалом” деб ўша пайғамбарга салом беришимиз керак бўлади. Буни унутманг. Демак, ҳозир Одам алайҳиссалом ҳақидаги қиссани ўқиймиз.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
ОДАМ алайҳиссалом
Аллоҳ таоло фаришталарига лойдан бир инсонни, яъни барчамизнинг отамиз Одам алайҳиссаломни яратиб, уни ер юзида Аллоҳ таолонинг ҳукмини юритувчи – халифа қилишини айтибди. Шунда улар: «…Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени муқаддаслаб турибмиз”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга «Мен сизлар билмайдиган нарсани биламан» (Бақара сураси, 30-оят) – деди
Шундай қилиб Аллоҳ таоло Одамни жума куни яратди ва унга руҳ, яъни жон киритибди.
Кейин Аллоҳ Одамга барча яратилган ва энди яратиладиган нарсалар номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини Менга айтиб берингчи», – деди.
Табиийки, ҳамма нарсанинг номини айтиб беришдан ожиз қолган Фаришталар: «Ўзинг поксан! Бизда сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен Ўзинг ўта илмлисан, ўта ҳикматлисан» (Бақара сураси, 31-32-оятлар) – дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло Одамга фаришталар айтиб бера олмаган нарсаларнинг номларини бирма-бир айтиб беришни буюрибди. Одам ўзига кўрсатилган барча нарсанинг номини фаришталарга айтиб берибди. Сўнг Аллоҳ таоло фаришталарга Одамни эъзозлаш ҳамда уни яратган Аллоҳ таолонинг қудратини улуғлаш учун Одамга сажда қилишни буюрибди. Барча фаришталар буйруққа бўйсуниб, Одамга алайҳиссаломга сажда қилибдилар.
Қарангки, болажонлар, фаришталар орасида Иблис ҳам яшаркан. Аслида у фаришта эмас, жинлардан экан. Шунинг учун манманлик қилиб, Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсунмабди, Одамга сажда қилишдан бош тортибди. Бу итоатсизликдан ғазабланган Аллоҳ таоло лаънати шайтонни Ўзининг марҳаматидан узоқлаштирибди ва уни Жаннатдан чиқариб юборибди. Бундан маъюс бўлган иблис Одамни яна ҳам қаттиқ ёмон кўриб қолибди. Аллоҳга қасам ичиб, энди Одам ва унинг фарзандларига душманлик қилишга, уларга барча ёмон ишларни чиройли кўрсатишга, уларни ҳам ўзидек ғазабга йўлиқтиришга аҳд қилибди.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва унинг хотини Ҳаввони жаннатга киргазибди. Иккаласига Жаннатдаги биргина мевадан ташқари барча меваларни хоҳлаганча ейишга рухсат берибди. Уларни иблисдан эҳтиёт бўлишга буюриб шундай дебди:
«Эй, Одам, албатта, бу сенга ва жуфтингга ҳам душмандир. Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин» (Тоҳа сураси, 117-оят).
Лаънати иблис эса энди бу Жаннатда мазза қилиб яшаб турган Одам ва Ҳаввони қандай қилиб Аллоҳнинг тўғри йўлидан адаштирсам, уларга гуноҳ иш қилдирсам, уларни ҳам ўзимга ўхшатиб Жаннатдан қувғин қилдирсам экан, деб роса ўйланибди. Ўйлай-ўйлай, охири ўзининг шайтоний режасини тузибди ва Одамнинг олдига келиб: “Эй Одам, мен сенга мангулик дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?”, (Тоҳа сураси, 120-оят) – деди.
Одам ва Ҳаввони ўзининг ёлғон сўзига ишонтириш учун гапининг орасида “Мен сизларга яхшиликни илиняпман”, – деб ёлғон қасам ҳам ичибди. Афсуски, у лаънати шайтоннинг ёлғон қасамига Одам ва Ҳавво ишонишибди.
Улар шайтоннинг ҳийласига учиб тақиқланган мевадан еб қўйишибди. Шайтон ўзининг ёвуз ниятига етибди. Одам ва Ҳавво қилган бу хато ишлари туфайли яланғоч ҳолга тушиб қолишибди. Дарров ўзларини жаннатдаги дарахтларнинг япроқлари билан тўса бошлабдилар. “Шунда Робблари уларга: «Сизларни ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва: “Албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир”, – демаганмидим?!» – деб нидо қилди. (Аъроф сураси, 22-оят).
Шайтонни сўзига кириб, Аллоҳнинг буйруғини унутиб гуноҳ қилиб қўйганлари учун Одам ва Ҳавво жаннатдан чиқарилиб, ерга тушишга мажбур этилибдилар. Улар қилган гуноҳларига пушаймон бўлишибди. Аллоҳ таолога тавба қилиб, гуноҳларини кечиришини сўрабдилар ва Роббимиз эса уларнинг гуноҳларини кечирибди.
Ўша вақтдан буён мана шу яшаб турган еримизда инсонлар ҳаёт кечиришни бошлабди. Одам ва Ҳавво кўплаб фарзандлар кўришибди. Одам алайҳиссалом қариб вафот этибди. Фаришталар унинг фарзандларига қандай дафн этишни ўргатибдилар. Фарзандлар Одам алайҳиссаломни ердан қабр қазиб, у ерга кўмибдилар ва унинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат тилабдилар…
Қиссадан ҳисса шуки, асли тупроқ, яъни лойдан яратилган Одам болалари умр бўйи шу тупроқ юзида яшаб, бир кун келиб вафот этиб яна ўша тупроққа қайтар экан. Агар у ернинг устида яхши ишлар қилиб яшаган бўлса, Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, покиза юрса, намоз ўқиса, рўза тутса, ҳар бир кишига яхшилик қилса, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмаса, ота-онасини рози қилса, вафот этиб ернинг остига тушганда Жаннат исмли энг ёқимли, ширин таомлари ва ичимликлари бор бўлган энг гўзал манзарали боғга тушади. У ерда хоҳлаган нарсаларини еб-ичади ва доим роҳатланиб яшайди.
Агар одамлар ярамас шайтоннинг сўзига кириб, ёмонлик қилсалар, вафот этгач Дўзах номли азоб ва қийноқлар кони, турли заҳарли илонлар макони бўлган энг ёмон ва бадбўй жойга тушиб, у ерда жазоланадилар. Ҳа, ана шунақа, болажонлар, бу дунёдан кейин яна бошқа дунё ҳам бор экан. У ерда ҳам сизу бизлар яшар эканмиз…
Идрис алайҳиссалом
Бугун Идрис алайҳиссалом ҳақида Қуръони каримда келган оятларни ўрганамиз, хўпми болажонлар?
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Идрис алайҳиссаломни Қуръони каримда икки марта зикр қилган. Биринчиси “Анбиё” сурасининг 85-оятида Исмоил ва Зулкифл алайҳиссаломлар қаторида эслаб: “…Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир”, деган.
Шунингдек, “Марям” сураси 56-57-оятларида “Ва Китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий эди. Ва уни олий мақомга кўтардик”, деган.
Аллоҳ таоло Қуръонда Идрис алайҳиссаломни қавми билан бўлиб ўтган қиссаларни зикр қилмаган. Ҳадис китобларида эса Идрис алайҳиссалом тикувчи бўлганлари айтилган. У зот матога ҳар сафар игнани қадаганларида албатта, “Субҳаналлоҳ” дер эканлар. Идрис алайҳиссалом яшаган даврда ер юзида ундан афзал ва яхши амал қилувчи бирор киши бўлмаган экан, яъни у киши энг яхши амал қилувчи зот бўлган эканлар.
Исро ва Меърож кечасида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тўртинчи осмондан ўтаётиб Идрис алайҳиссалом билан учрашиб, у зот билан саломлашганлар. (Исро ва Меърож кечаси ҳақида эса Муҳаммад алайҳиссалом яъни пайғамбаримиз қиссаларини ўрганаётганимизда тўлиқ сўзлаб бераман. Чунки ўшанда у ҳақидаги оятлар ва ҳадисларни ўрганамиз. Хўпми болажонлар?). Олим боболаримиз Идрис алайҳиссаломнинг вафот этгани ҳақида икки хил гап айтганлар.
Баъзи олимлар, Идрис алайҳиссалом ўлмаган, тириклигича Аллоҳнинг қудрати билан осмонга кўтарилган, деган бўлсалар, баъзилари: у зот ҳам бошқа пайғамбарлар каби вафот этган, дейишган.
• Савол-жавоблар:
Энди саволларимга жавоб беришга ҳаракат қилинг:
• Айтингчи ширинтойлар, Одам алайҳиссалом қиссасидан нимани ўргандингиз? Биз нималар қилишимиз керак экан?
• Аслида нимадан яратилган эканмиз?
• Болажонлар, айтинглар-чи, Идрис алайҳиссалом ҳақида нималарни ўргандик?
• Идрис алайҳиссалом матога игна суққанда нима дер эканлар?
• Идрис алайҳиссалом матога игнани қадаганида “Субҳаналлоҳ” дер экан, айтинг-чи, ўзи игнани қўлга олишда нима дейиш керак бўлади? Сиз ҳар бир яхши инши бошлашда, еб-ичишни бошлашда нима деб бошлар эдингиз?
• Хўш, қани, менга ким ётишдан олдин айтиладиган зикрни айтиб беради?
• Уйқудан турганда ўқиладиган зикрни ким айтади?
• Машааллоҳ, баракалла, менинг билағонларим.