Ўзбекистонда эпидемиянинг иккинчи тўлқини давом этаётгани расман тан олинди
Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини кетяпти, деб ёзмоқда Қалампир нашри. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга “ҳайфсан” эълон қилиш ҳақидаги фармойишида таъкидланган.
“Жаҳон миқёсида коронавирус пандемияси тарқалиши туфайли Ўзбекистонда ҳам ушбу инфекцияга қарши курашиш, унинг аҳоли орасида кенг тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш, самарали карантин ва даволаш тизимини яратиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, эпидемиянинг иккинчи тўлқини натижасида Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар ва у билан боғлиқ ўлимлар сони кескин ошиб кетди. Сўнгги уч ҳафта давомида республикада аниқланган 7700 беморнинг 2800 нафари Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида аниқланди ҳамда республика бўйича ушбу касалликдан бевақт вафот этган жами 50 кишидан 32 таси Тошкент шаҳрида қайд этилганлиги ҳам пойтахтдаги эпидемиологик вазият издан чиққанлигини кўрсатмоқда”, дейилади фармойишда.
Бундан аввалроқ, 9 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда касалликнинг биринчи тўлқини давом этаётганини билдирганди.