Дунё янгиликлари

Францияда бугундан жамоат жойларида ниқоб тақмаганлар 135 евро жаримага тортилади

Чоп этилди Iyul 20, 2020 Францияда бугундан жамоат жойларида ниқоб тақмаганлар 135 евро жаримага тортиладиda fikr bildirishni o'chirish

Францияда 20 июлдан бошлаб ёпиқ турдаги жамоат жойларида, жумладан, дўконларда ниқоб тақмаган фуқаролар 135 евро миқдорида жаримага тортилади.

Le Parisien хабарига кўра, тез орада мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран ниқоб тақиш мажбурий бўлган жамоат жойларининг аниқ рўйхатини тақдим қилади. Вазирлик мутахассислари бу қоидани савдо марказлари, ёпиқ бозорлар, музейлар, банклар, ёпиқ турдаги автомобиль турар жойларида жорий қилишни таклиф этишган.

Ҳозирда бундай жарима жамоат транспортида ниқоб тақмаганлар учун жорий қилинган. Бошқа ҳолатларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга.

Аввалроқ Франция бош вазири Жан Кастекс кейинги ҳафтадан бошлаб ёпиқ турдаги жамоат жойларида ниқоб тақиш мажбурий қилиниши ҳақида Сенатда баёнот берган эди. Бунга тааллуқли Декрет қабул қилинганидан сўнг, ёпиқ турдаги жамоат жойларида қўққисдан рейдлар ўтказилади.

Сўнгги вақтларда Францияда Covid-19 билан хасталанган беморлар сони кескин даражада ошди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, коронавирус юқтириб олганлар сони 174 мингга яқинлашган. Улардан 105 минг нафари шифохоналарга ётқизилган, 30 мингдан ортиғи вафот этган.