Ҳиндистондаги кучли ёмғир 200 йиллик масжидга зиён келтирди
1823 йилда қурилган “Муборак Бегим” масжидининг марказий гумбази Нью-Деҳлида якшанба куни рўй берган кучли ёғингарчилик пайтида қулаб тушди.
Қизил қумтошдан қурилган “Муборак Бегим” масжиди 1823 йилда Исломни қабул қилган ҳинд аёли томонидан қурилган бўлиб, шаҳарнинг тарихий қадимги кварталларидаги маданий мерос объектларидан биридир.
Якшанба куни шаҳарда тошқин натижасида икки киши ҳалок бўлди, кўплаб уйлар ва дарахтлар қулаб тушди.
“Эрталаб соат 6.45 ларда гумбаз баланд овоз билан қулаб тушди”, – деди 45 ёшли масжид имоми Муҳаммад Зоҳид. – “Мен момақалдироқ овозини эшитганимда масжиддаги хонамда ухлардим. Ўшанда масжидни ёпиб қўйган эдик. Аммо намозларни ҳовлида ўқишни давом эттирдик”.
Зоҳид 2004 йилдан бери муаззин ва масжид имоми вазифасида хизмат қилади. Унинг сўзларига кўра, тарихий масжиднинг сўнгги таъмирланиши 2016 йилда амалга оширилган.
Душанба куни Зоҳид яна Деҳли вақф идорасига хат ёзиб, бузилган тузилмани қайта тиклашни сўради. Унинг сўзларига кўра, кенгаш ходимлари зарарни баҳолаш учун масжидга ташриф буюришди.
Вақф кенгаши аъзоси Ҳимал Ахтар “Indian Express” газетасига тарихий масжидни асраш устувор вазифа эканлигини айтган.