Дунё янгиликлари

Рамзан Қодиров: Помпео, биз жангга тайёрмиз! Бу ёғи қизиқроқ бўлади

Чоп этилди Iyul 22, 2020 Рамзан Қодиров: Помпео, биз жангга тайёрмиз! Бу ёғи қизиқроқ бўладиda fikr bildirishni o'chirish

Аввал хабар қилинганидек, АҚШ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг оила аъзоларига виза билан боғлиқ санкциялар жорий этди. АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Вашингтон Чеченистон етакчиси номини инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлаётгани ҳақида баёнот берди.
ТАСС хабар беришича, ҳужжатда «Бугун Давлат департаменти Россия Федерацияси таркибидаги Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировга қарши санкция киритди», – дейилган. Таъкидланишича, мазкур рестрикция Америка ҳукумати коррупция ва инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадор деб ҳисоблаган хорижликларнинг АҚШ ҳудудига киришини тақиқлаш учун қўлланади.
«Санкциялар Қодировнинг Чеченистон Республикасида инсон ҳуқуқлари жиддий равишда бузилишига дахлдорлиги боис жорий этилмоқда», – деб таъкидлаган Америка ташқи сиёсати идораси раҳбари. Чекловлар Чеченистон раҳбари билан бирга унинг рафиқаси Медни Қодирова, қизлари Айшат ва Хадижат Қодировага ҳам тааллуқли. «Биз шунга яқин қарашларга эга мамлакатларни ҳам айни чора-тадбирларни қабул қилишга чақирамиз», – деб қўшимча қилган Помпео.
«Биз бундан олдин Қодиров ва унинг бир неча ҳаммаслакларига нисбатан иқтисодий санкцияларни жорий этгандик», – дейилади ҳужжатда. АҚШ молия вазирлиги 2017 йил 5 нафар россиялик қаторида Чеченистон етакчисини Магнитский рўйхатига тиркаб қўйганди. Ўша рўйхатга жами 49 Россия фуқаросининг исм-шарифи киритилган. АҚШ маъмурияти Қодировни «суд ҳукмисиз ижро этилган жазолар, қийноқларга ва бошқа халқаро миқёсдаги инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилишига алоқадор», деб топган. Ўшанда Кремль Америка молия вазирлиги санкцияларига муносиб тарзда жавоб беришни ваъда қилганди. Жумладан, РФ Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова АҚШ Давлат департаментининг Қодировга нисбатан қарорига жавобан, шундай изоҳ берган эди:
“Помпео Чеченистон раҳбари Қодировни «қора рўйхат»га қўшганини айтди. Бунга худди шу йўсинда жавоб беришимиз қийину, аммо бирор нима ўйлаб кўрамиз.
Бу сафар эса воқеага Рамзан Қодировнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали жавоб йўллади:
«Давлат департаментидагилар… Мен Чеченистон Республикасининг сайланган раҳбариман, менга 100 фоиз аҳоли овоз берган. Бугун ҳам минтақада яшовчилар мени қўллаб-қувватлашмоқда. Бунга ўзларингиз, океан ортида туриб қарор чиқариб эмас, балки шунчаки республикага ташриф буюриб, бевосита гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Майли, мен юз марта инсон ҳуқуқларини бузгандирман, бироқ сиз… менинг рафиқам ва қизларимга қарши қўлламоқчи бўлган санкцияларингизни нима билан изоҳлайсиз? Улар қандай жиноятлар қилишди ва кимларнинг ҳуқуқини бузишди?
Бу саволга сизларда жавоб йўқ. Айнан шу нарса сизларнинг ҳақиқий сунъийликка йўғрилган юзингизни, фитна ва бузғунчиликка асосланган қарашларингизни намойиш этмоқда.
Сиз очиқчасига ярамас усуллардан фойдаланишга қарор қилдингиз ва менинг оилам ичига нифоқ солишга ҳаракат қиляпсиз. Балки бунга эришаман, деб ўйлаётгандирсиз, аммо хато қиласиз. Чечен оила институти сизларнинг санкцияларингиздан мустаҳкамроқ! Ҳатто, Медни Мусаевнада ёки менинг қизларимда АҚШ ёки Европада қандайдир манфаатлари бўлган тақдирда ҳам, улар ҳеч иккиланмасдан ҳаммасидан кечган бўларди. Сизларнинг ифлос сиёсий ўйинларингиз ёки менинг илтимосим туфайли эмас, балки давлатимиз, халқимиз ва оиламиз манфаати учун.
Ватан ҳимояси учун, буюк давлатимиз шаъни учун оиламизнинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир чечен оёққа туришга тайёр!
Дарвоқе, менинг икки тўнғич қизимдан ташқари яна 12 нафар фарзандим бор! Уларни ҳам бемалол санкция рўйхатингизга қўшишингиз мумкин! Билингки, сиз яна бир бор ўзингизнинг кимлигингизни ошкор этдингиз… Мен учун эса ХАЛҚИМ гапиради!»
Рамзан Қодировдан сўнг унинг қизи Айшат Қодирова ҳам ушбу воқеага муносабат билдирди. Унинг айтишича, қора рўйхатга қўшилгани, демак у ҳаммасини тўғри бажараётганидан дарак.
«Мен у (Рамзан Қодиров)нинг ўз халқи учун қанчалик куйиб-пишаётганини, Ватанимизни қай даражада юракдан севишини кўриб турибман. Мен ҳамиша, ҳар жойда отамнинг ишончли, содиқ ёрдамчиси бўлиб келганман ва шундай бўлиб қоламан. Мен доим отамни руҳан қўллаб-қувватлаб, бу камтарона ҳаракатим сезилмай қолаверади, деб ўйлардим. Тўғриси, ҳеч ўйламагандим жуда узоқда, океан ортидаги мамлакатда шунчалик машҳур бўлиб кетаман, номим уларнинг қандайдир рўйхатларига қўшилади, деб», — деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

ЎзА