Оила

ЯХШИСИ БЎЛГАНИ УЧУН КИЁЛМАЙМАН…

Чоп этилди Iyul 24, 2020 ЯХШИСИ БЎЛГАНИ УЧУН КИЁЛМАЙМАН…da fikr bildirishni o'chirish

– Дадаси, – деди аёл ҳўжайинини ишга кузатаётиб, – ўғлингизнинг мактабга кийиб боришга поябзали йўқ эмиш.

– Йўғ-е, яқинда чет элдан битта туфли, битта крассовка олиб келдим-ку.

– Ҳайронман, яхшиси ўғлингизни ўзи билан гаплашинг. Эркак соатига норози кўз ташлаб қўйди-да, ошхонага қайтди.

– Ўғлим, аянг нима деяпти. Наҳотки кийишга яроқли пойабзалинг қолмаган бўлса? – деб сўради иштаҳасизгина нон чайнаётган ўғлидан.

– Йўқ эмас, бор. Лекин мен уларни кийгани уяламан, – деб жавоб берди бола.

– Нега? – ҳайрон бўлди ота. – Қани, мен бир кўрай-чи.

– Юринг, – деб бола дадасини хонасига бошлади. Хонага киргач, тўғри бориб кийим жавонини очди. Жавоннинг тагидаги қаватида битта эмас бешта этик турарди.

– Шунча оёқ кийиминг бўла туриб нега мени хижолат қиласан. Қара, буларнинг бежиримлигини. Яна ҳаммаси чет элники бўлса. Нимаси ёқмади сенга?

– Дада, сиз эмас мен хижолатдаман. Улар ёмон эмас, аксинча, жудаям яхши. Шунинг учун уларни кийиб боришга ўртоқларимдан уяламан.

– Ие, нодон бола, яхши нарсадан ҳам одам уяладими?! Буларни мен узоқ-узоқлардан, фалон пулга, боламга, деб сотиб олиб келганман. Бутун шаҳарни айлансанг ҳам бунақасини тополмайсан, – дея жаҳл қилди ота.

– Ана шунинг учун ҳам уяламан. Чунки кўпчилик синфдошларимнинг ота-оналари болаларига бундай қимматбаҳо этикни олиб беришолмайди. Кийиб борсам, ўртоқларим ўксиб қолади-ку! Илтимос, менга ҳам оддийгина этик олиб беринг.

 Ўғлининг овозидаги узрли оҳангдан ота ғалати бўлиб кетди. Кутилмаганда дили равшан тортиб жилмайди…

Ижтимоий тармоқдан