Луқманинг ҳалоллигида гап кўп
Имом Абу Муҳаммад Жувайний раҳимаҳуллоҳ улуғ олимлардан бўлиб, у доимо луқмасининг ҳалол бўлишига жуда қаттиқ эътибор берар эди. Ҳатто бирор шубҳа аралашиб қолмасин, деб, ўзининг пешона тери билан кун ўтказарди. Уйланаётганида ҳам келиннинг маҳри ва бошқа тўй харажатларини ўзи ишлаб топган пулдан қилди. Бу никоҳдан бир ўғил дунёга келди. Имомнинг парҳезкорлиги ўғлига ҳам мерос бўлиб ўтган эди. Бола улғайиб, отасидек забардаст олим бўлиб етишди. Кейинчалик у “Имомул Ҳарамайн” номи билан танилди. Албатта, бу отаси уларга доимо ҳалол луқма едириб катта қилганининг самараси эди.
Бир гал Имомул Ҳарамайн билан қизиқ воқеа юз берди. Имом илмий муноқашада қатнашиб турган бир кезда, тўсатдан мункайволиб, тавба қила бошлади. Кейинроқ имомнинг шогирдларидан бири бу ҳақда сўради: “Устоз! Сизга нима бўлди? Биз сизни бундай аҳволда сира ҳам кўрмагандик”.
– Бу жасадимга кирган тақиқланган бир луқма сабаблидир – деди имом.
– Қандай луқма ҳақида гапираяпсиз? – сўради кимдир. Шунда Имомул Ҳарамайн қуйидаги воқеани айтиб берди:
“Ёшлигимда – ҳали кўкракдан ажратилмаган эдим – оч қолиб йиғладим. Чунки онам бу пайтда отам учун овқат тайёрлаш билан банд бўлиб, қорнимни тўйдиришга вақт ажраталмаётганди. Қўшнимизнинг хизматкори ҳам бизникида эди. У йиғлаганимни ва онамнинг ҳали бери бўшамаслигини кўрди-да, менга ўзининг кўкрагини тутиб, эмиза бошлади. Шу пайт отам келиб қолди ва бўлаётган манзарани кўриб, чўчиб кетди: “Бу аёл бировнинг хизматкори-ку, хўжайнининг изнисиз бизнинг боламизни эмизиши мумкин эмас!” Шундай дея отам мени чўрининг қўлидан олди-да, қорнимга кирган сутни чиқариб ташлашим учун бошимни осилтириб, оёларимдан тепага кўтариб турди… Сизлар гувоҳ бўлган тавба ўша куни ичимга кирган бир неча қултум сутнинг асорати (ёмон таъсири) учун эди” (“Табақотуш-Шафиъийя Кубро”).
Юқоридаги қиссадан хулоса қилиш мумкинки, ҳалол бўлмаган луқма, ҳатто қайт қилиб юборилишига ҳам қарамай, вақти келиб, ўзининг салбий таъсирини кўрсатар экан. Сифатсиз ёқилғи қуйилган автомобил белгиланган манзилга етиб боролмагани каби, ҳалол бўлмаган озуқа ҳам бандани кўзлаган мақсадига – жаннатга – етиб боришида халал беради. Чунки ҳаром ёки шубҳали таом инсон табиатида гуноҳ, ёмонликка мойилликни пайдо қилиб, Аллоҳ таолонинг амрларига итоатсизлик қилишга олиб келади.
Модомики, манзилимизга етиб олиш ҳамда бизга узоқ йиллар хизмат қилиши учун автомобилимизнинг ёқилғисига шунчалик эътибор берар эканмиз, ўз навбатида ўзимизнинг ёқилғимиз – луқмамизга нисбатан ундан ҳам эътиборлироқ бўлишмиз талаб этилади. Чунки сифатсиз ёқилғи автомобилимизни ишдан чиқарса, ҳаром луқма бутун ҳаётимизни, балки охиратимизни ҳам барбод қилади.
Азизбек Холназаров