Ўзбекистон янгиликлари

Санитария-эпидемиология хизматига тиббий мажбурлов чорасини қўллаш ҳуқуқи берилди

Чоп этилди Iyul 28, 2020 Санитария-эпидемиология хизматига тиббий мажбурлов чорасини қўллаш ҳуқуқи берилдиda fikr bildirishni o'chirish

«Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори (ПҚ–4790-сон, 27.07.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг (Санитария-эпидемиология хизмати) асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳамда ҳуқуқлари белгиланди.

Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг тизимидаги ташкилотлар, жумладан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш ҳуқуқига эга.

Қарор билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Санитария-эпидемиология хизмати аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун жавобгар бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибига киради.

Санитария-эпидемиологик хизматининг бошлиғи бир вақтнинг ўзида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Бош давлат санитария врачи ҳисобланади.

Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.

Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.