Латвияликларнинг коррупцияга қарши қандай курашишини биласизми?
«Раҳбарлар ҳаммамиз қотган нон есак ҳам одамларга ўзимиз ўрнак бўлолсак, ўзгариш бўлади».
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бир бўлиб қолмоқда. Бу иллатга қарши кураш дунёнинг кўплаб мамлакатларини қамраб олмоқда.
Рига техника университетида стажировка ўтаётган ватандошимиз С.Шомирзаевнинг Латвияда коррупцияга қарши курашиш элементлари билан боғлиқ фикрларини ўқиб, таъсирландим.
Масалан, ўтказилган таҳлиллар бўйича Латвия таълим тизимида ёшлар ўртасида ҳалол ва виждонли бўлишни тарғиб қилиш, коррупция ва порахўрликнинг зарари тўғрисидаги тушунчаларни шакллантириш, ёш авлодни фуқаролик назоратига тайёрлашга қаратилган лойиҳа ҳам жорий қилинганлиги, ушбу лойиҳа доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида турли мусобақалар уюштирилганлиги билдирилган.
Унда 1-4-синф ўқувчиларига ўқитувчилари томонидан ноинсофлик, виждонсизлик эпизодлари бўлган эртак айтиб берилиши ва муҳокамага ташланиши, бу жараёнда ҳамма болаларнинг фикри ёзиб олиниб, тайёрланган ишлар сараланиб, танловга юборилиши, юқори синф ўқувчилари эса лойиҳада эълон қилинган мавзулардан бирини танлаб, тайёрлаган ижодий ишини “Коррупцияга қарши биргаликда” шиори остида ташкилотларга юбориши мумкинлиги қайд қилинган.
Бундан кўриниб турибдики, Латвияда болаларнинг мактабда ўқиётган давридаёқ бу иллат ҳақида тегишли тушунтиришлар бериб борилиб, уларга бу иллатга қарши муросасизлик ўргатилар экан.
Айтиш жоизки, Латвияда 90-йиллар охирида коррупция даражаси юқори бўлган. Хусусан, Transparency International ноҳукумат халқаро ташкилотининг 1998 йил якунлари мониторинги натижаларига кўра, 85 та давлат орасида Латвия 71 ўринда турган бўлса, 2015 йил якунлари бўйича 38 ўринга кўтарилган.
Қайд этилган ҳолатлар Латвия давлатида коррупция даражаси анча пасайганлигидан далолат беради.
Жамиятда адолатсизликлар виждонсиз кишилар туфайли кўпаяди. Адолатсизликдан эса коррупция озиқланади, у авж олган жойда иқтисодий ривожланиш бўлмайди.
Шу боис, бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача бўлган таълим, ўрта таълим, ўрта махсус таълим ва олий таълимга берилаётган катта эътибордан келиб чиқиб, профилактика ишларини боғча ёшидан бошласак, уларга бу каби ҳолатларнинг қай даражада ёмон иллат эканлиги юзасидан тегишли тушунтиришларни бериб борадиган бўлсак, коррупциянинг томирига болта урамиз.
С.Тоғаев,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари