Аёллар

Мория бинти Шамъун

Чоп этилди Iyul 29, 2020 Мория бинти Шамъунda fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: “Қибтийлар учун хайр сўрангиз…”

Морияал-Кибтийнинг номи ўздаврида мўминларнинг кўнгилларига фараҳ бахш этган. Бу ном тарихда абадийланггандир. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.

Тариҳда машҳур бўлишига қарамай, у ҳақда жуда кам ёзилган. Тарихий манбаларда шахсиятини ойдинлатувчи маълумотлар деярли учрамайди.

Элчиликлар

Ҳазрати Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижратларининг 6-йилида Ислом дини Араб ярим оролининг деярли барча ҳудудига ёйилган эди. Қурайшийлар билан Ҳудайбия битими тузилган йили, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Эрон ҳукмдори Қисро, Рум ҳукмдори Қайсар, Ҳабашистон подшоҳи Нажоший, Қибтийлар улуғи Мукавкис ва яна бир қанча давлат раисларини Исломга даъват этиб, элчилар юбордилар. Қибтийлар шоҳи ҳузурига Хатиб ибн Аби Балтаа (розияллоҳу анҳу) элчи бўлиб борди.

Мукавкис уни яхши кутиб олди. Мактубини ўқиди. Яхши муомалада бўлиб, иззат-иқромлар қилди. Аммо Исломга кириш даъватини қабул қилмади. Хатиб (розияллоҳу анҳу) кетишидан олдин, ҳукмдор унга кимматбаҳо совғалар бериб, кузатди. Хатиб (розияллоҳу анҳу) бу қимматбаҳо ҳадяларни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) етказиш учун йўлга чиқди.

Насаби

Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юборилган ҳадялар ичида Мукавкиснинг жорияларидан Мория ва унинг синглиси Сирин, минг мисқол олтин, йигирма тўп мато, Дулдул лақабли хачир, Офир деган эшак ва Мабур исмли қари қул ҳам бор эди.

Мориянинг отаси Шамъун мисрлик қибтийлардан бўлиб, онаси Рум аслзодаларидан эди. Мория оқтанли ва жингалак сочли бўлиб, тана оқлиги онасидан, сочининг жингалаклиги отасидан ўгганди. Хушқомат ва гўзал юзли эди.

Мория синглиси Сирин ва Мабур билан бирга Хатиб ибн Балтаа ҳимоясида Аллоҳ унга тайёрлаган яхшилиқдан хабарсиз ҳодда Исқандариядан Мадина томон йўлга чиқди…

Келгуси ҳаётини ўйлаб юраги сиқилар, қаерга кетаёттанини билмасди. Хатиб уни қийнаётган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилар, унга тасалли берарди. Мория Ислом дини ҳақида Хатибдан эшитиб, Аллоҳ таолога, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имон келтирди. Синглиси Сирин ҳам у билан бирга ҳидоят йўлини танлади.

Аммо Мабур Мадинага келиб, Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрмагунича имон келтирмади.

Мадинада

Карвон Мадинага кириб келди. Хатиб Мукавкиснинг мактуби ва ҳадяларни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) топширди.

Мория Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп марҳаматлар кўрди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни жория этиб, Мадинанинг Олия деган чекка маҳалласидан жой ажратиб бердилар.

* * *

Ҳижрий 8 йилнинг илк ойларида Мориянинг ҳомиладорлиги маълум бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энди уни тез-тез зиёрат қилиб турадиган бўлдилар. Ой-куни тўлиб, Мория ўғил кўрди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жуда хурсанд бўлдилар. Чақалоққа эса Иброҳим деб исм қўйдилар. Суюнчисига бир қулни озод этдилар. Чақалоқ эмизиш учун Мунзир ибн Зайд ибн Нажжорнинг қизи Умму Бурдага топширилди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иброҳимни жуда-жуда севардилар. Қаерга борсалар уни ҳам қучоқларида қўтариб юрар, ҳатто бошқа завжаларининг хоналарига хам олиб борардилар.

Иброҳимни уларга яқин тутиб, эркалатиб меҳр билан:

– Қаранг… Уни худди мендан олинган бир парчага ўхшатмайдими? – дер эдилар.

Иброҳимнинг туғилиши онаси Мориянинг озод этилишига сабаб бўлди. Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) :

“Уни ўғли озод этди”, деб марҳамат қилдилар.

Сабрли Мория

Чақалоқнинг туғилиши мўминлар оналарининг айримларида рашк туйғуларининг кучайишига туртки бўлди.

Охир-оқибат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) :

– Морияни нафсимга ҳаром қилдим, – дейишга ҳам мажбур бўлдилар.

Мория бу сўздан ранжимади, аксинча сабр қилди. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти нозил бўлди:

“Eй пайғамбар, нега снз жуфтларингаз розилигани истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани(ўзингизга) ҳаром қилиб олурсиз?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир” (Таҳрим, 1).

* * *

Тасалли, умид ва севинч булоғи бўлган чақалоқ Иброҳим Ҳазрати Мориянинг уйида ўн олти ой яшади.

Бир ярим ёшли жажжи Иброҳим ёмон бир дардга чалинди. Онаси Мория ва холаси Сирин уни меҳр билан парвариш қилдилар. Аммо касаллик уни тарк этмади. Ниҳоят, юзида ўлим кўланкаси кўрина бошлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жуда қайғурдилар. Аввал ҳис қилмагани бир сиқинти юракларини оғритди. Беҳол бўлишларига қарамай, ашобдан бир кишига суяниб, Мориянинг уйига келдилар.

Иброҳим йиғлаётган Мориянинг қучоғида сўнгги нафасларини олаётган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафқат билан уни қўлларига олдилар. Музтариб қалбларини тинчлантириш учун уни бағирларига босдилар:

 “Ё Иброҳим, биз сенинг Аллоҳ таоло ҳузурига кетишингга ҳеч қандай тўсиқ бўлолмаймиз”, дедилар ва кўзларидан ёш оқа бошлади. Мория ўзини тутолмай, фарёд чеқди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни тўхтатмадилар. Қучоқларидаги жигарпораларига қарадилар. У унсиз ва ҳаракатсиз эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) :

“Ё Иброҳим, агар бу ҳақиқий иш, тўғри ваъда бўлмаганида ва биздан кейин келганлар олдин келганлардан ўрнак олмаганида, сенга бундан ҳам аламлироқ шаклда қайғурар эдик”, деб марҳамат қилдилар.

Бу сўзлар бечора Морияга бир оз тасалли бергандек бўлди. У кўз ёшларини артди ва шундай деди:

“Кўз қайноқ ёш оқизади, қалб қайғуради. Аммо биз Аллоҳ таолони хушнуд этувчи сўздан бошқасини айтмаймиз. Ё Иброҳим, биз сенинг ўлимингга чиндан ҳам жуда-жуда қайғуряпмиз…”.

* * *

Бақиъ қабристонига бордилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жаноза намозини ўқидилар ва Иброҳим шу ерга дафн этилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча сония қабр тепасида турдилар. Бўғизларидан чиқаётган сўзларни зўрға талқин қилдилар:

“Раббим Аллоҳ, отам Расулуллоҳ, диним Ислом…», дегин”.

Вафоти

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рафиқи Аъло ҳузурига кетганларидан сўнг, халифалар Мориянинг мавқеини сақлаб, Байтулмолдан унга маош тайинладилар. Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳум) Пайғамбаримизга бўлган садоқатлари туфайли уни эъзоз қилишар, ҳол-аҳволини сўраб, бориб турар эдилар.

* * *

Ҳазрати Мория ҳижратнинг 16-йили касалликка чалинди. Шифо топмай, охири жон таслим қилди. Бундан ҳамма қайғурди. Халифа Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) инсонларни йиғдилар ва жанозасини ўқидилар. Мория (розияллоҳу анҳу) ҳам Бақиъ қабристонига дафн этилди.

Аллоҳ таоло унга чексиз раҳмат эҳсон қилсин, ундан рози бўлсин. Омин.

 «Қаҳрамон мўмина аёллар» китобидан (Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2005) олинди.