Саломатлик

Ўт пуфагидан нолиётганлар учун тавсиялар

Чоп этилди Iyul 29, 2020 Ўт пуфагидан нолиётганлар учун тавсияларda fikr bildirishni o'chirish

Ўт пуфаги — овқат ҳазм қилиш тизимининг муҳим аъзоларидан бири. У жигар чиқарган ўт суюқлигини тўплаш ва қуюлтириб бериш вазифасини бажаради. Биз овқат истеъмол қилганда ўт қопидан ажралган суюқлик ўн икки бармоқли ичакка томади ва овқатдаги ёғларни парчалаб, таом ҳазмида иштирок этувчи ферментларни фаоллаштиради.

Ўт пуфаги шамоллаганда (холецистит) ва бошқа омиллар натижасида бу аъзода тош ҳосил бўлиши мумкин. Сўнгги вақтда бу касаллик дунё аҳолиси ўртасида (кўпинча аёлларда) кенг тарқалганлиги қайд этилмоқда. Ўт тоши касаллиги аксарият ҳолларда ҳеч қандай белгиси сезилмасдан, яширин тазда кечади. Касаллик моддалар алмашинувининг издан чиқиши, юқумли хасталиклар ва ўт суюқлиги туриб қолиши билан боғлиқ омиллар натижасида ҳар қандай ёшда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Асосан, жигар-ўт йўлларида ёки ўт пуфагининг ўзида тош ҳосил бўлади. Шунингдек, ўт тоши касаллиги, асосан, холестерин ортиши билан боғлиқ атеросклероз, қандли диабет, семизлик каби хасталикларда кечиши аниқланган. Ўт суюқлигида холестерин кўпайиши, тош пайдо бўлиши кўпинча ирсиятга бориб тақалади. Қолаверса, нотўғри овқатланиш, ҳомиладорликдаги гормонал ўзгаришлар ҳам ўт тошларига сабаб бўлиши мумкин.

Ўт пуфаги яллиғланганда ўт суюқлигининг кимёвий таркиби ўзгаради. Натижада билирубин, холестерин, кальций моддалари чўкмалари кўпаяди ва аралаш таркибли тошлар пайдо бўла бошлайди.

Ўт суюқлиги туриб қолишига ўт қопининг қисқарувчанлик функцияси издан чиқиши, ўт йўлларидаги нуқсонлар (ўтнинг «бўйни» қийшайиши, чандиқлар), ички аъзоларнинг ўз ўрнидан пастга тушиши, қабзият, камҳаракат турмуш тарзи, кам овқат истеъмол қилиш кабилар сабаб бўлади. Бу кейинчалик ўт қопида тош ҳосил бўлишига олиб келади.

Ўтдаги тошлар бир неча миллиметрдан тортиб, бир неча сантиметргача бўлади. 1-2 мм катталикдаги тошчалар ўт оқими билан чиқиб кета олади. Ундан катталари турли нохушликларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Ўт пуфагидаги тош УТТ ҳамда рентген воситасида аниқланади. Таркибига кўра холестеринли тошлар, пигмент тошлар, аралаш тошлар бўлиши мумкин.

ДАВОЛАШ УСУЛИНИ ЎЗИНГИЗ ТАНЛАНГ

Тиббиётда ўт тоши касаллигини даволашнинг бир неча усуллари мавжуд: медикаментоз литолиз — дори-препаратлар ёрдамида эритиш; масофадан юбориладиган ультратовушли литотрипция; лазер ёрдамида тошни майдалаб тушириш; кимёвий литолиз усули; лапароскопик ёки эндоскопик усулда ўт қопини олиб ташлаш; соҳани кесиб, ўтни олиб ташлашга асосланган очиқ жарроҳлик усули.

Ўт тошини даволашда касалликнинг илк босқичида, яъни ўт шиллиғи қуюқлашиб, тош ҳосил бўлишига мойиллик ошганда ўтни суюлтирадиган дори-дармонлар, минерал сув ичиш, кўпроқ ҳаракат қилиш тавсия қилинади. Медикаментоз усулда даволаш ўт тошларини махсус дори препаратлар ёрдамида эритиб туширишга асосланади. У ўт қопида қум ёки майда тошчалар бўлганда қўлланилади.

Экстрокорпорал зарбли-тўлқинли литотрипция усулда эса ўт қопидаги 3 см гача бўлган холестеринли тошлар ультратовуш тўлқини ёрдамида оғриқсиз майдалаб туширилади. Бу усул кальцийдан ҳосил бўлган тошларда ёрдам бермайди. Амалиёт ультратовуш ускунаси ёрдамида назорат қилинади.

Лазер ёрдамида даволашда қорин соҳасидаги кичик тешик орқали лазер нури юборилади ва тошлар майдаланади. Амалиёт узоғи билан 20 дақиқа давом этади.

Контактли кимёвий литолиз усули ёрдамида ҳар хил таркибли ва турдаги катта-кичик тошларни эритиш мумкин. Бунда УТТ назорати остида беморнинг териси орқали ўт пуфагига ингичка найча киритилади ва тошларни эритадиган махсус дори юборилади. Бу усул 90 фоиз ҳолатда яхши самара беради. Лапароскопия усули кам азиятли усул бўлиб, бугун ўт тоши касаллигини даволашнинг энг қулай усули саналади. Эндоскопик жарроҳлик усули эса қанча эрта босқичда бажарилса, натижа шунча яхши бўлади.

Шуниси борки, тошларни эритиш борасидаги уринишлар доим ҳам кутилган натижани бермайди. Очиқ жарроҳлик усули (холецистэктомия). Бу анъанавий жарроҳлик усули бўлиб, қорин соҳасини 10-15 см кесиш ёрдамида ўт пуфагини олиб ташлашга асосланади. Бу усулда инфекциялардан зарарланиш хавфи кўпроқ бўлгани учун фақат ўт пуфаги кучли яллиғланганда ёки унда катта ўлчамли тошлар бўлганда, кучли оғриқлар безовта қилганда амалга оширилади. Операциядан кейин бемор ўзини тиклаши учун 1-2 ой вақт керак бўлади.

Шивит уруғи қайнатмаси ўт тошининг олдини олиш ва ўтдаги чўкиндиларни ҳайдашда ёрдам беради. Қайнатма тайёрлашда 2 ош қошиқ шивит уруғига 2 стакан қайнаган сув солиб, паст оловда 15 дақиқа қайнатилади. Кейин совитилиб, докадан ўтказилади ва 0,5 стакандан илиқ ҳолда кунига 4 марта ичилади. Даволаниш муддати — 2-3 ҳафта.

Ҳар сафар йиғма чойни ичишдан олдин оч қоринга қирғичдан чиқарилган сабзи ва сметана ёки сабзи ва ўсимлик мойи қўшилган бўтқа, ё бўлмаса димланган қовоқни асал қўшиб истеъмол қилиш керак.

Сабзи шарбати овқатдан олдин 1 стакандан ичилса, ўт суюқлиги равонлашади.

Маккажўхори попуги тиндирмаси ҳам даволанишда яхши самара беради. Уни тайёрлаш учун чойнакка 4 ош қошиқ макка попуги солиниб, қайноқ сувда дамлаб, тиндирилади. 2 пиёладан кунига 3 марта овқатдан ярим соат олдин ичилади.

Баъзан фитотерапия муолажаларидан кейин беморларнинг ўнг қовурғаси остида оғриқ кузатилиши мумкин. Бу майда тошлар силжиб, ўт йўлларидан ташқарига чиқаётганини билдиради.

Маълумки, ўтида тоши бор беморларнинг аксарияти операция қилдиришдан қўрқишади. Албатта, бу тош ортиқча безовта қилмаса, уни операция қилиш шарт эмас. Айрим ҳолларда ўтдаги тош инсон умрининг охиригача ҳам азият бермай тураверади. Агар ўтда кичикроқ тошчалар борлиги аниқланса, киши тана вазнини камайтиришга ҳаракат қилса, эндокрин тизими ҳамда яллиғланиш билан боғлиқ касалликларни ўз вақтида даволатса, бундан ташқари, парҳез сақлаб, меъёрида жисмоний машқлар қилиб юрса, ўтдаги тош безовта қилмайди.

Тош каттароқ бўлганда, ўнг қовурға остида оғриқ сезилса, шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда оғриқ қолдирувчи дорилар ичган маъқул. Агар 4-6 соат ичида ҳам оғриқ тўхтамаса, жарроҳга мурожаат қилиш даркор.

Эксперт жарроҳ Ўринбой АБДУЛЛАЕВ
тавсиялари асосида тайёрланди.

 Hordiq.uz