Мақолалар

Ризқдан хавотир олманг!

Чоп этилди Iyul 30, 2020 Ризқдан хавотир олманг!da fikr bildirishni o'chirish

Шақиқ Балхий раҳматуллоҳи алайҳнинг дастлабки ҳоли бундай эканини айтадилар: Бир йили Балхда шу қадар қаттиқ қурғоқчилик бўлган эдики, одамлар нима топса ея бошладилар. Мусулмонлар дардли ва ғамгин эдилар. Бозорда ўйнаб-кулиб юрган шоду хандон бир қулни кўрдилар. Одамлар унга: “Ҳамма маҳзун ва ғамгин чоқда сен бунчалик шоду хуррам юргани уялмайсанми? Нимага куляпсан ўзи?” дедилар. У бу саволга бундай жавоб берди: “Мен ҳеч қандай дард ва оғриқ сезмаяпман. Чунки бир қишлоқ ва хўжалиги бор бекнинг қулиман. У менинг кўнглимдаги машғулиятни ва дардни ўртадан кўтарган”. Бу манзарани кўрган Шақиқ (р.а.) дедики: “Ё Раббий! Сен нақадар буюксан! Шу қулинг бир қишлоққа соҳиб бўлган беги борлиги учун шунчалар хурсанд. Сен эса Малик ул-мулксан, ҳамма нарсанинг соҳибисан, ризқимизни беришни ҳам такаллуф қилгансан. Шунга қарамай, бизнинг ўз қалбимизни бу қадар кўп дард ва изтироб ичига қўймоғимизнинг нима маъноси бор?”

Шақиқ шундай деди ва дунёвий машғулотлардан ва ишлардан воз кечиб Ҳаққ йўлини тутди. Ўша кундан бошлаб бир марта ҳам ризқдан хавотирни хаёлига келтирмади. Жуда ҳам сертавозе бўлгани боис доимо бундай дер эди: “Мен қул бўлган бир шогирдман. Нимаки топган бўлсам шу туфайли топдим ва қўлга киритдим”.

Ҳужвирийнинг “Кашф ул-маҳжуб” асаридан