Сабаби оддий, аммо ўнгланиши қийин муаммо
Бугун мусулмонлар нега тараққиётдан ортда қолмоқда? Нима учун мусулмон юртлар нотинч?
Бунинг сабаби жуда оддий, лекин ўнгланиши ниҳоятда қийин. Маълумингизки, Саодат асри ва ундан кейинги даврларда мусулмонлар ҳукмдорликни, қозиликни ва бошқа лавозимларни юксак амал эмас, балки бурч ва масъулият, қиёматда қаттиқ сўраладиган вазифа деб билганлар ва шу боисдан бу лавозимларга мажбурият юзасидан ўтирганлар.
Гап исботи билан бўлгани яхши тамойилига амал қилиб, фикримиз исботи учун иккитагина мисол келтириб қўямиз:
Ҳорун ар-Рашидга насиҳат қилган Фудойи ибн Иёз бундай деди: “Умар ибн Абдулазизни халифалик мақомига келтирганларида Салим ибн Абдуллоҳ, Ражо ибн Ҳайва ва Муҳаммад ибн Каъб Қуразий (р.а.)ни чақирди. Уларнинг учаласи ўз даврининг таниқли фақиҳ олимлари эди. Уларга: “Мен бу балоларга мубтало бўлдим. Менинг учун чора ва тадбир нима? Илло, халқ қанчалик неъмат ўрнида кўраётган бўлса ҳам мен бу халифалик ишини бир мусибат ва бало ўлароқ кўряпман”, деди. Ичларидан бир дедики: “Эртага, қиёмат куни қутулмоқ истасанг, мусулмонларнинг кексаларини отанг, ёшларини уканг ва кичикларини ўғлинг каби кўр. Ана ўшанда уларга уйингдаги фарзандинг уканг ва падаринг каби муомала қиласан. Чунки бутун ислом ўлкаси сенинг уйингдир. Ўлканинг халқи эса оила аъзоларингдир. Отангни зиёрат қил, укангга икромда бўл, болангга меҳрибонлик қил”.
Иккинчи мисол, “Кашф ул-маҳжуб”да айтилади: Уламолар орасида машҳурдирки, Халифа Абу Жаъфар замонида тўрт кишидан бирини қозиликка тайинлаш масаласини кенгашдилар. Улардан бири, Абу Ҳанифа, иккинчиси, Суфён Саврий, учинчиси, Мисъар ибн Кудом, тўртинчиси эса Шурайҳ (р.а.) эди. Ушбу тўрт зот замонасининг энг буюк олимлари эди. Ҳаммасининг подшоҳнинг ҳузурига келишлари учун одам юборилди. Йўлда кетарканлар Абу Ҳанифа (р.а.) “Мен ҳар биримизнинг шу боришимиз натижаси ҳақида тахминларимни айтайми”, деди. “Яхши бўларди”, дедилар. Шундан сўнг Абу Ҳанифа: “Мен бир ҳийласи ва чорасини топиб, қози бўлиш ишини ўзимдан даф қиламан, Суфён қочади, Мисъар ўзини жинниликка солади, Шурайҳ эса қози бўлади”, деди.
Ҳақиқатан, йўлда бораркан, Суфён қочди ва бир кемага бориб, кемадагиларга: “Аллоҳ учун мени яширинг, бошимни кесмоқ истамоқдалар”, деди. Бу тутумни ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)дан ривоят қилинган “Қозиликка тайин этилган кимса, бепичоқ бўғизланибди” маъносидаги ҳадиснинг таъвилига ва шарҳига асосланган ҳолда қилди. Буни эшитган кемадагилар уни яшириб қўйдилар. Орқада қолган учовини Халифа Мансурнинг ҳузурига олиб бордилар. Мансур аввало Абу Ҳанифага: “Қозилик вазифасини сен бажаришинг керак”, деди. Абу Ҳанифа: “Эй мўминлар амири, мен араб эмасман, қулларданман, наслимда қуллик бор. Арабларнинг аслзодалари мен чиқарадиган ҳукмга рози бўлмайдилар”, деди. Халифа Мансур: “Ундай эмас, бу ишнинг насл-насабга нима алоқаси бор. Бу вазифа учун илм керак, замонимизнинг энг кучли олими сенсан”, деди. Абу Ҳанифа: “Мен бу ишга лойиқ эмасман”, деди ва қўшимча қилди: “Лойиқ эмасман, деганим шу икки ҳолатдан ташқарида бўла олмайди. Тўғрисини айтсам, бу ишга лойиқ эмаслигимни шахсан ўзим айтмоқдаман. Агар ёлғон гапирсам, ёлғончи бир кимсанинг мусулмонлар учун қози ва ҳоким тайин этилиши лойиқ эмас. Зотан, сен ҳам ёлғончи бир кимсанинг ҳузурингда бўлишини, ҳукм чиқариш асносида уни ўзингга вакил этишингни, мусулмонларнинг мол ва номусларига алоқадор даъволарни унга ҳавола этишни жоиз кўрмайсан, Аллоҳнинг халифаси ва вакили бўла туриб бунга қандай рози бўла оласан?” Абу Ҳанифа шу гапни айтди ва қутулди.
Шу чоқда Мисъар дарҳол ўзини олдинга отди ва Халифанингг қўлларини сиқиб: “Яхшимисан, бола-бақра яхши юрибдими, молларинг ва ҳайвонларинг яхшими?” деди. Буни кўрган Халифа Мансур: “Бу одам тентак-ку, дарров ташқарига чиқариб юборинг уни”, деди. Сўнгра Шурайҳга: “Қозилик вазифасини сенга юклатиш талаб этилмоқда”, деди. Шурайҳ: “Мен савдойи хасталигига мубтало бўлган одамман, димоғим ҳам ҳафиф”, дея узрхоҳлик қилди. Халифа Мансур: “Ақлининг комил бўлиши учун ўзини учга бир этилган набиз ва мувофиқ келадиган бошқа дори-дармонлар билан даволанасан, ўтиб кетади”, деди ва қозилик вазифаси унга юклатилди.
Дунёга юз ўгирган ана шундай покиза зотлар дунёни бошқаргани боис ўша кезларда ер юзида мусулмонларни тўхтатадиган куч бўлмаган: бир қарасангиз, Форс, Рум империяларини ишғол қилиб турган мусулмонлар, яна бир қарасангиз, хитойликларни Помир тоғларидан ошириб қувлаб бораётган бўларди…
Мусулмонларнинг ана шу шиддати, куч-қудрати, шон-шавкати нега кесилди?
Мусулмонлар ўртасида ҳукмдорлик, қозилик каби амаллар талаш бўлиб бошлаганидан сўнг кучли инқироз бошланди. Хулафойи рошидин, саҳобалар, тобеинлар қайрилиб ҳам қарамаган амалларга кейинги авлодлар оч бўридек ташланиб бир-бирининг ортидан пичоқ санчиб, кичкинагина амал учун ҳам бири иккинчисига ҳийла-найранглар ишлатиб, бир-бирининг кучини кеса бошладилар.
Натижада ҳукмдорлик, қозилик ва бошқа амалдорликнинг моҳияти ўзгарди. Бу амаллар Ҳақдан қўрқиб халққа хизмат қилиш эмас, орқа-олдини ўйламасдан бойлик тўплаш, чексиз имтиёзларга эга бўлиш… ва охир-оқибатда хору зор бўлиш воситасига айланиб қолди.
Биз, мусулмонларнинг асл фожеамиз шугина, холос. Қачонки шу ишимизни ўнгласак, ана ўшанда аждодларимизнинг шарафини тиклаб оламиз. Лекин ўнглай олармиканмиз, Сиз нима дейсиз?
Дамин ЖУМАҚУЛ