Мақолалар

Ким Аллоҳга йўлиқишни севса…

Чоп этилди Avgust 3, 2020 Ким Аллоҳга йўлиқишни севса…da fikr bildirishni o'chirish

«Аллоҳга қасамки, катта гуноҳларга муккасидан кетган бир кимсани танир эдим. У кимса дунёнинг барча роҳату фароғатларига эга. Бир неча данғиллама уйлари, энг қиммат ва охирги русумдаги машиналари бор. Дунё матолари, айшу ишратларига бошдан оёқ шўнғиган. Мана шу одам давоси топилмаган ўта оғир касалга йўлиқиб қолди.

Мени бир дўстим у кимсанинг  яқини бўлиб, менга айтиб беришича, дарди бедавога йўлиққанини билганидан сўнг саросимага тушиб қолиб, “Мен ҳеч ҳам ўлмайман, ўлишни истамайман”, дейишга одатланган экан.

Қўшниларидан бирини айтишича,  шу киши ўлимидан олдин, ўлим шиддатидан бинодаги барча одамлар эшитадиган даражада бақириб чақириб, ўта қийналиб жон берибди.

Тана аъзоларини гуноҳлардан сақлаган, тилини беҳуда нарсалардан тийган, Аллоҳга тоатда, масжидларни обод  этадиганлардан, солиҳ савобли амаллар қилувчилардан бўлган мўмин, намозхон, рўзадор кимсаларга ўлим фариштаси уларга энг севикли инсон қиёфасида йўлиқади.

Бу ҳақида салафи солиҳларлардан қиссалар бор ва Аллоҳга қасамки мен бу қиссаларни тасдиқлайман. Жуда ҳам солиҳ бўлган инсон ўлим онларида ўғлига: “Тур, амакингга салом бер”, деди. Ўғли: “Ота амаким қани?”, деган эди,  “Ортингда турибди-ку, салом бер”, деб айтди. Ваҳоланки, амакиси вафот қилган бўлиб, ўлим фариштаси унга севикли бўлган амакиси қиёфасида келган эди.

Мўмин кимса агар Аллоҳ таоло амрларида мустаҳкам бўлса, шариатда рост турса, яхши амалларда бардавом бўлган бўлса Аллоҳга йўлиқишни (ўлимни) яхши кўради».

Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ.

Хизмат юзасидан кўп йиллардан бери ўлим онлари яқин қолган инсонлар билан мулоқатда бўламиз. Улар орасида турфа ҳиллари учрайди. Бир сафар ҳудудимиздаги диндор, солиҳ инсоннинг ўлими яқинлаганда  “Ясин сураси” ни ўқидик. Ўқилиш асносида ўзини билмай ётган солиҳ кимса ўзига келиб, бизга қарааб турди-да, қўлларини кўтариб пичирлаб дуо қила бошлади. Сўнгра эса, қўлларини юзига суртди ва яна хушини йўқотди. Ишимизни тугатиб уйдан чиққанимизда уй эгалари ортимиздан чиқиб у кишини вафот қилганини айтишди.

Яна бир етти йилдан бери оғир касаллик туфайли тўшакка михланиб қолган кимса олдига кирдик. Ётган жойида  “Аллоҳ, Аллоҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ”, дея тинмай такрорлар, қўлида тасбеҳ ҳам бор эди. Уйдагиларининг  айтишича неча йиллардан буён шундайин зикр ва бетобликда экан. Ҳайрон қолганим ўзи жуда ҳам озиб кетган, ўлим аломатлари билиниб қолган-у, юзлари нурланиб кетибди. (юзи нурланиб кетганлар доим ҳам учрайвермайди).

Бир аёл ўлимига шоҳид бўлдик. Ўлими олдидан унга Қуръон ўқиб, калима талқин қилдик. У эса ўзини билмай ётар ва  “Қабул бўлмасин, қабул бўлмасин, ҳаммангга лаънат”, деб қайта қайта айтар эди. 

Яна бир инсонларга зулм, зино, ўғирлик, зўравонлик билан танилган кимса ўлимини кўрдик. Жуда ҳам  аянчли ҳолатда жон берди. Қазилиб ўлчаб кўрилган қабрга сиғмай қолиб қабрдан қайта чиқарилди. Кафанлари очилиб кетди. Анча муддат қабрга қўйиш имкони бўлмади. Гўёки қабр уни қабул қилмаётгандек эди.

Ҳаётини одамлар устидан ёзиш, иғво, туҳмат кабилар билан ўтказган инсоннинг ўлими олдидан бадани шишиб кетгани, ҳатто фарзандлари ҳам қўрқиб олдига киролмай қолгани, жуда қийналиб жон бергани кўрдик.

Отасини маст бўлиб уриб ўлдириб қўйган одамнинг ўлими олдидан даҳшатли ҳолатини кўрдик. Бўйнининг бир тарафида жуда катта шиш пайдо бўлган ва ўлим онлари қўрқинчли бўлган эди.

Хулоса: Ким бўлишимиздан қатъий назар, каттами ёки кичик,  бойми ёки камбағал, олимми ёки оми, мансабдорми ёки мардикор,   албатта ўламиз. 

Яратувчи Зот Аллоҳгина боқийдир. Барча бандалар эса ўлимга маҳкум.

Ҳаётимизни Аллоҳга тоату ибодатда, намоз, рўза, закот, ҳаж, зикр, садақа, эҳсон, ҳаромлардан тийилиш кабилар билан ўтказсак ҳам охири ўлим.

Аксинча, ҳаётимиз инсонларга зулм, улар молини талон тарож қилиш, бировлар ҳаққини паймол этиш, одамлар устидан ёзиш, айшу ишрат, зино, ўғирлик, туҳмат, ҳасад, рибо кабилар билан ўтса ҳам охирида ўлим бор.

Ҳаром ҳаришлар охири аянчлидир. Тоат ибодатлар якуни эса хайрлидир. Аллоҳ таоло бирон бир амални зое қилмас.

Тавфиқ Аллоҳдан!

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ