БААда масжидга келиш тартиби ўзгаради
3 августдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликларидаги масжидларга умумий сиғимининг 50 фоизи даражасида намозхонларни қабул қилишига рухсат берилди. Бу ҳақда Islam-today хабар берди.
Коронавирус сабабли ёпилган масжидларнинг эшиклари 1 июлдан намозхонлар учун очилганди ва умумий сиғимнинг 30 фоизи миқдорида ибодат қилишга рухсат берилганди.
Ўз навбатида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ профилактика чоралари ўз кучида қолади: намозхонлар ўртасидаги хавфсизлик масофаси энг камида икки метр бўлиши керак.
Азон ва намоз бошланиши ўртасидаги муддат 10 дақиқагача кўпайтирилди. Бунда хуфтон намози мустасно бўлиб, бу пайтда фарқ беш дақиқа бўлиши белгиланган.
Намозхонлар шунингдек ўзлари билан жойнамоз олиб келишлари, масжидда бўлган вақтларида тиббий ниқобда бўлишлари ва таҳоратни ўз уйларида қилишлари зарур.
60 ёшдан юқори бўлганлар, 12 ёшгача бўлган болалар, шунингдек сурункали касалликлар билан оғриган инсонлар ва хонадонида COVID-19’га чалинган бемор бор бўлган одамларга уйда намоз ўқиш тавсия қилинмоқда.
Охирги маълумотларга кўра, БААда коронавирус билан касалланганлар сони 61 минг нафарга етди. 350 дан ортиқ инсон шу хасталик сабабли оламдан ўтди.