Ўзбекистон янгиликлари

«Ислом энциклопедияси»нинг илк жилди нашрга тайёрланди

Чоп этилди Avgust 8, 2020 «Ислом энциклопедияси»нинг илк жилди нашрга тайёрландиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан мамлакатимиз тарихида илк бор «Ислом энциклопедияси» китобининг биринчи томи нашрга тайёрланди.
Юртимизда «Жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга Ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан юртимизнинг ислом цивилизацияси ривожидаги юксак ўрни ва аҳамиятини илмий асосда чуқур ўрганиш ҳамда халқимизга етказиш мақсадида кўп жилдли «Ислом энциклопедияси»ни яратишга киришилди.
Ушбу лойиҳа Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тyбдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июлдаги “Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бажарилмоқда.
«Ислом энциклопедияси» кенг қамровли илмий-академик нашр бўлиб, унинг биринчи томини тайёрлашда Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда юртимизнинг бошқа етакчи исломшунослари, шу билан бирга АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Жазоир, Россия, Қозоғистон олимлари ҳам иштирок этди. Унда ислом дини асослари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар, саҳоба ва тобеъинлар, муҳаддис, фақиҳ, муфассирлар ҳақида 1000 га яқин мақола, атама ва сўз бирикмалари, безак материаллари, харита ҳамда чизмалар ўрин олган. Айрим шахслар, воқеалар, атамалар илк марта илмий муомалага киритилди.
Энциклопедия ўзининг мазмун-моҳияти ва хусусиятларидан келиб чиқиб, илгари чоп этилган араб, тyрк, урду, форс, инглиз, немис, француз тилларидаги Ислом энциклопедияларидан принципиал фарқ қилади. Китобни тайёрлашда юртимиз ва минтақа мусулмонлари учун анъанавий бўлган ханафий-мотуридийлик тамойилларидан келиб чиқилган. Айни дамда мақолалар ёзилишида илмийлик ва холислик мезонларига амал қилинган. Мақолаларнинг акcарият қисми бирламчи манбалар – Қуръон, тафсир, Ҳадис, илмий-маърифий тадқиқотларга асосланган.
Нашр ишларида юртимиз ва хорижлик исломшунослар, диншунос, филолог, манбашунос ва бошқа соҳа вакилларидан иборат 200 нафардан ортиқ муаллиф, 50 нафарга яқин тақризчи ва маслаҳатчи иштирок этди. «Ислом энциклопедияси»ни 20 томда нашрдан чиқариш мўлжалланган бўлиб, унинг навбатдаги жилдлари бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Н.Усмонова, ЎзA