Оила

Имоми Аъзамнинг ҳийлаи шаръийси

Чоп этилди Avgust 13, 2020 Имоми Аъзамнинг ҳийлаи шаръийсиda fikr bildirishni o'chirish

Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг дўстлари, ўша даврнинг ҳадис ва қироат олимларидан бўлган Сулаймон Аъмаш бир кеча уйида хотини билан жанжаллашиб, уни қаттиқ ранжитиб қўйди. Лекин жанжалдан сўнг яна хотини билан суҳбатлашишни истади. Хотини эса гапларини умуман жавобсиз қолдирди. Аъмаш ғазабланиб: «Нимага жавоб бермаяпсан?», деб хотинига бақирарди. Уларнинг қизлари  «ҳозир гапирмасалар, эрталаб гапирадилар», деб отасини тинчлантирмоқчи бўлди. Бироқ Аъмаш ғазабидан тушмасди. «Агар бу кеча (тонгга қадар) гапирмаса, унинг талоғини бердим», деб қасам ичди.

Қиз онасини қанча гапиртиришга уринмасин, онаси гапиришни истамасди. Эридан қаттиқ ранжиган эди. Аъмаш бир оздан сўнг, ғазабидан тушди ва айтган гапидан жуда афсусланди. Ажралмасликка чора излай бошлади.

Ярим кечаси бўлишига қарамай, уйидан чиқди ва тўғри Имоми Аъзамнинг уйларига йўл олди. Имоми Аъзам ундан ҳол аҳвол сўраганларидан кейин Аъмаш келиш сабабини айтди: «Бу хотин шу йўл билан мендан қутулмоқчи, мени қийин вазиятга солиб қўйишидан қўрқаман. У болаларимни онаси ахир. Бу вазиятдан чиқишга, ажрашмасликка бирор чора борми?», деди.

Имоми Аъзам: «Аллоҳни изни билан бир чора топилар», дедилар. Кейин Аъмаш яшайдиган жойдаги масжид муаззинини чақиртирдилар ва бу кеча бомдод азонини вақти кирмасдан олдин чапиришни тайинладилар. Аъмаш уйига қайтиб азонни кута бошлади. Азон ҳам чақирилди. Бомдод вақти кирмасдан чақирилган азонни эшитган Аъмашнинг хотини тонг отди, деб ўйлаб: «Оҳ қандай яхши, сендай бадфеъл одамдан қутулдим», дея хурсанд бўлди.

Аъмаш эса кула-кула жавоб берди: «Бизни ажралмаслигимизга чора кўрсатган инсондан Аллоҳ рози бўлсин».

Туркчадан Марям Осиё таржимаси

Qadriyat.uz