Мақолалар

Имомдан олдинга ўтилмайди

Чоп этилди Avgust 13, 2020 Имомдан олдинга ўтилмайдиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таолонинг миллатимизга ато этган неъматларининг ҳисобини фақат Ўзи билади. Биз бандалар эса билганларимизнинг шукронасини қилсак, ношукрлик қилмасак ёки бунинг акси ўлароқ туғёнга кетмасак, исрофга тушмасак, шунинг ўзи кифоя. Ана ўшанда Раббимиз ато этган неъматларини янада кўпайтириб қўяверади.

Бизнинг фикри ожизимизга кўра, олимларимиз Парвардигоримиз юртимизга ато қилган неъматларнинг энг қадри баландларидир. Бу зотларнинг шу даражада  улуғ камол касб этишларининг омилларидан бири эса ота-боболаримизнинг олимларни бениҳоя ҳурмат қилганликлари, яъни шукроналаридандир.

Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига бош бўлиб турган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам ўзининг ўткир қобилияти, меҳнат-машаққати, эл-юртнинг дуоси сабаб ана шундай муборак сиймолардан бирига айланган. Бунинг биргина исботи у зот ёзган китоблардир. Ўша китобларнинг биттагинасини ўқиган киши қаршисида катта олим, беназир донишманд ва ҳол аҳлларидан бири турганини очиқ-ойдин ҳис қилади. Хусусан, муфтий ҳазратнинг қаламига мансуб икки жилдлик “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китоби ёки бўлмаса, “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” асарининг ҳар бири биттадан тадқиқот объекти саналади. Чунки шу вақтга қадар Пайғамбар алайҳиссаломнинг васиятлари ҳам, мўъжизалари ҳам мустақил тадқиқот объекти сифатида тизимли равишда ўрганилмаган эди. Муфтий ҳазратнинг ана шуларга ўхшаган сермазмун асарлари ҳар биримизнинг китоб жавонимизга кўрк бериб турибди ва илмимизнинг бойишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Демак, у зот ҳаммамизнинг устозимиз, замонамиз устодларидандир. Шундай экан, устоднинг ҳурматини қилиш юксак одоб-ахлоқимизга далолат қилади. Илло, устоздан-имомдан олдинга ўтилмайди. Бу динимиз кўрсатмаси. Ана шунга амал қилайлик, азизлар.

Музаффархон АЪЗАМ,

“Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби