Мақолалар

Маҳалланинг раҳбари ким, оқсоқолми ёки раис?

Чоп этилди Avgust 14, 2020 Маҳалланинг раҳбари ким, оқсоқолми ёки раис?da fikr bildirishni o'chirish

Бу саволга амалдаги қонунларда аниқ жавоб ёзиб қўйилган, дейсиз. Буни ўзим ҳам биламан. Соҳага оид кўплаб ҳужжатларни тайёрлашда баъзан бевосита, баъзан билвосита иштирок этганман. Ҳеч бўлмаганда, матбуот орқали фикр билдирганман.
 Маҳалла фаолиятини танқид ҳам қилганман, қўллаб-қувватлаганман ҳам. Мустақиллик даврида бу тизим нечта экспериментдан ўтган бўлса, барчасига гувоҳман, шу жараён ичида бўлдим.
Лекин ҳозир ўтган воқеаларни таҳлил қилишдан йироқман. Давлатимиз раҳбари кейинги 3-4 йил ичида бу ноқулайликларни бартараф этиш йўлларини топиб берди. Мени битта савол ҳамон қийнаяпти: нега шунча эътибор, енгиллик ва имкониятлардан кейин ҳам биз маҳалланинг жамиятда қадимий, яъни муносиб ўрнини топа олишига эриша олмаяпмиз? Нега маҳалла ташвиши яна ҳокимликлар, сектор ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига тушяпти?
Очиғи ўзим ҳам халқаро анжуманларда одамларни жамоатчилик асосида бирлаштирадиган орган – маҳалла тизими фақат бизда бор, деб фахрланганман. Ҳақиқатдан ҳам маҳалла табаррук маскан. Одамлар шу ерда истиқомат қилади, миллий қадриятлар шу ерда шаклланади, киши шахс сифатида барча фазилатларини шу ерда ўзлаштиради. Бу ерда турли нуқтаи назарлар дуч келади, бирлашади, хулосалар юзага келади. Жамоатчилик назорати шу ердан бошланади. Шунинг учун ҳаётдаги жуда кўп муаммолар ана шу ерда ҳал бўлган. Тарихда шундай бўлган. Гуноҳ қилган одам то гап-сўз совимагунча гузарга чиқишга уялган. Ҳатто, маҳалла аҳли ёмон оилани ҳудуддан кўчириб юборган.
Хўш, нега шундай бўлган?
Халқимиз азалдан ҳаётий тажрибага эга кишиларга суянган, ишонган, уларнинг айтганини қилиб, кам бўлмаган. Оқ соқолли нуроний бизда эзгулик, оқиллик тимсоли бўлган. Лекин ҳамма ҳам маслаҳат беравермаган. Ўша оқ соқолли кишилар ичидан энг обрўлиси қишлоқ, маҳалла оқсоқоли сифатида тан олинган. Унинг юриш-туриши, ибрати, салоҳияти одамларни тарбиялаган. Чунки у покиза, ҳалол, маданиятли бўлган, одамларга фақат яхшилик қилган. Одамларнинг оқсоқол олдида ножўя ҳаракат қилишга ҳадди сиғмаган. Менталитетимизда болаларни ножўя ҳаракатлардан тийишнинг, тарбиялашнинг ҳаммамиз биладиган бир услубини эслатмоқчиман. Агар болага онанинг сўзи ўтмаса, у фарзандига “отанг келсин, қилиғингни айтиб бераман, кўрасан” деган. Бола ҳайиққан, лекин у отаси уриши ёки урмаслигини билган. Минг афсуски, биз маьнавиятмиздаги бундай мерос аҳамиятини унутдик. Давр талаби учун маҳалла сайлови қонунларини ишлаб чиқдик. Бу яхши, албатта. Фақат “оқсоқол” сўзи қавс ичига тушди. Маҳалла раҳбарини раис дедик. Раислик тизими ўзини ўзи бошқариш эмас, балки маъмурий бошқарувга хос атама эканини фарқламадик. Эҳтимол, бу ҳам замонавий демократик тамойиллар талаби бўлгандир, яна ҳам юристлар билишади.
“Раис” якка бошқарувга хос маъно беради, яъни ҳокимлик тизимига яқин. Биз яккаҳокимчилик тизимининг асоратини кўриб турибмиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ислоҳотлар ёрдамида бу тизим иллатлари 3-4 йил ичида анча барҳам топди. Жамиятдаги кучларнинг вазифалари яна ҳам аниқлаштираляпти. Бироқ маҳаллага келганда юқоридаги камчиликлар бу тизимнинг ҳам ичига сингиб кетганини англаб етмаяпмиз. Пандемия шароитида бу камчиликлар бўй бастини яна кўрсатди, биздан сўраб ҳам ўтирмади.
Натижа нима бўлди?
Ҳамма ўзини маҳаллага урди, бошқа илож йўқ. Ҳоким ҳам, сектор ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳам маҳалла оқсоқоли ишини бажаришди, бажаряпти ҳам. Илгари сал дурустроқ ишда ишлаган, озгина давлати бор оқсоқоллардан бошқаси ўз дарди билан яшайверди, яшаяпти ҳам. Аксарияти ижро органлари олдига талаб қўйишни билмайди. Чунки, ўшалар уларни тавсия, этишган, сал ўжар келса, маҳалла раисидан ариза олишдан осони йўқ. Ишонмасангиз, сайловдан кейин алмашган оқсоқоллар сонини олиб чиқинг, ҳаммаси аён бўлади. Агар халқ ўзи сайлаганда, уни бўшатишга қўймайди. Агар халқ сайласа, оқсоқол халқини ҳимоя қилади, унинг фаровон турмуши учун курашади.
Энг ёмони, раислар (оқосоқоллар эмас) фуқаро тарафини олиш ўрнига арз қилган одамлар устидан маълумот тўплай бошлади. Ўз фуқаросини ҳимоя қилиш, оғир шароитда ёрдам бериш ўрнига эътибордан четда қолдиради. Аниқроғи, катталиги устун келди, чунки у оқсоқол эмас, раис! Бунинг устига моддий ёрдамдаги деярли барча кўзбўямачиликлар, қўшиб ёзишларнинг ҳаммасида ана шу раислар иштирок этди: ё ўзи ташаббускор бўлди, ёки бирорта каттанинг топшириғини бажарди. Шу сабабли ўзи яшаб турган маҳалладаги одамлар ижтимоий аҳволини ҳалигача хом хатала белгиламас эдилар. Айниқса, давлат раҳбарининг пандемияга бағишланган селектордаги эътирози фикримиз исботидир. Ахир ишонч бўлмагач, ёрдам пулларини ҳокимлар, сектор раҳбарлари эгаларига топширдилар. Йўқ, мен уларни айбламоқчи эмасман. Чунки биз уларни шу аҳволга туширдик. Натижада айримлари кам бўлса-да, ўз маошига яраша ҳам наф келтирмаяпти.
Бунга мисол сифатида Тошкент шаҳар ҳокимининг Сирғалидаги маҳалла аҳли билан учрашувдаги сўзини келтирайлик: “маблағ тақсимотида адолатсизлик бор экан, бу имкониятни, ишни мен сизларнинг ўзингизга ишонаман, рўйхатни ўзларингиз белгиланглар, сиз кимни айтсангиз, биз пулни ўшанга берамиз, лекин бир шарти бор, пул оладиган ҳам, олмайдиган ҳам рўйхатга имзо чекиши, муносабатини билдириши керак”
Хўш, бу ҳолатга нима дейсиз?
Яқинда матбуотда “Наманган тажрибаси: энди маҳалла оқсоқоллари туман кенгаши сессиясида тасдиқланади” деган хабарни ўқиб қолдим. Бунақада сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар нима бўлади? Шусиз ҳам номзоди ҳоким билан келишилаётгани боис маҳалла раислари, гарчи маҳалла аҳли томонидан сайланса-да ўзларини халқ эмас, ҳокимият вакилидек тутмоқда. Ваҳоланки, раис маҳалла томонидан сайландими, шу маҳалла олдида ҳисобдор бўлиши керак. Кенгаш тасдиқлаган раис эса ўз-ўзидан шу Кенгаш олдида ҳисобдор бўлиб қолади.
Бу чора раисликка нолойиқ одамлар келиб қолаётгани билан боғланса агар, демак сайлов жараёнини такомиллаштириш керак, қўшимча чоралар ўйлаб топиш шарт эмас, назаримда.
Мен бу фикрларни мутлақ хулоса сифатида ёзмаяпман, ўз қарашларимни баён этяпман, холос. Демоқчиманки, катта, нозик ишга шошилмайлик, аввало аҳоли, ҳуқуқшунослар, зиёлилар фикрини эшитайлик. Шундан сўнг бир хулосага келсак, ярашади.
Фармон ТОШЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА