Дунё янгиликлари

Россиянинг икки ҳудудида жума намозига қўйилган тақиқ олиб ташланди

Чоп этилди Avgust 14, 2020 Россиянинг икки ҳудудида жума намозига қўйилган тақиқ олиб ташландиda fikr bildirishni o'chirish

Россия Федерациясининг икки ҳудуди – Адигея Республикаси ва Кранодар ўлкаси мусулмонлар диний идораси жума кунги жамоат намозларини тиклайдиган бўлди. Бу ҳақда Islam.ru хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, бу ерларда коронавирус пандемияси сабабли жума намозларини ўқиш вақтинча тўхтатиб турилган эди.

«Адигея Республикаси ва Кранодар ўлкаси мусулмонлар диний идораси 2020 йилнинг 14 августидан тақиқларни олиб ташлашнинг иккинчи босқичига киришди. Эндиликда жума куни жамоат намозлари яна ўқила бошлайди», – дейилади идора сайтидаги хабарда.

Таъкидланишича, санитар хавфсизлик нуқтаи назаридан жума намозининг ўқилиши давомийлиги 15 дақиқа бўлиши юзасидан имомларга тавсия берилди. Шунингдек, об-ҳаво шароити яхши бўлган ҳолатларда намозни масжид ҳовлисида ўқишга чақирилди.

Масжидга келадиган намозхонлар индивидуал ҳимояни таъминлайдиган воситалар, жумладан жойнамоз олиб  келишлари лозим.

Бундан ташқари ибодат пайтида ўзаро масофани сақлаш, қўл бериб ва қучоқлашиб сўрашмаслик, касаллик аломати бўлган ҳолатларда масжидга келмаслик сўралмоқда. 65 ёш ва ундан катталарга масжидга келиш тавсия этилмаяпти.