Мақолалар

Жаҳаннам оташидан сақланинг!

Чоп этилди Avgust 15, 2020 Жаҳаннам оташидан сақланинг!da fikr bildirishni o'chirish

Дунёнинг олови ила дўзах оловининг ўртасида бир неча фарқ бор. Бир фарқ шуки, дўзах олови дунё оловидан етмиш баробар иссиқроқ эканлиги ҳадиси шарифларда келади. Яна бир фарқ шуки, дунёнинг олови яхши бандани ҳам, ёмон бандани ҳам куйдиради. Умумий қоида шудир. Чунончи, Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг тиллари, оғизларига чўғ солингани сабабли куйган эди.(Шунга бироз дудуқланиб гапирар эдилар.) Чунки, Аллоҳ таолонинг умумий қоидаси шудир. Ҳа, агар Аллоҳ таоло хоҳласа бу дунё олови ҳам бандани куйдира олмайди. Масалан, Аллоҳ таъоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида оловга шундай амр қилди:

يَا نَارُ كُونِي بَرْداً وَسَلَاماً عَلَى إِبْرَاهِيمَ

Яъни:  «Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» (Анбиё, 69)

Лекин бу Аллоҳ таолонинг қудрати эди. Аллоҳ таолонинг умумий қоидаси шуки, дунё олови куйдиради. Яхши одамни ҳам куйдиради, ёмон одамни ҳам куйдиради. Лекин дўзах олови фақат гуноҳкорларни куйдиради ва солиҳ бандаларга зарар бермайди. Яна бир фарқ шуки, дунё олови сув билан ўчади.

Дўзах олови эса, гуноҳкор мўмин банданинг кўзларидан чиққан кўз ёшлари билан ўчади. Мўминнинг иймон нури жаҳаннам оловини ўчириб юборади. Шунинг учун, мўмин банда дўзах устига қурилган сирот кўпригидан ўтаётганда, дўзах шундай нидо қилади:

يا مؤمِن أسرع بالمرور عليَّ فإنَّ نورَك أطفأ ناري

“Эй, мўмин банда! Устимдан тезроқ ўт. Чунки, сенинг иймон нуринг менинг оловимни ҳам ўчириб юборди”. (Абу Наъим ривояти)

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Қиёмат кунида дўзах аҳли тортадиган азобнинг энг енгили – ўтдан кавуш кийиш, кавушнинг ҳарорати мияни қайнатади» (муттафақун алайҳ).

Бас, шундай экан, бу азобларни ўзига енгил санаётганлардан қандай ажабланмаслигинг мумкин?! У азобларни ўзига шиддатли билаётган инсондан эса нега ибратланмайсан? Жаҳаннам азобининг шиддатидан шубҳага бораётган бўлсанг, қани, бармоғингни ўтга яқинлаштир ва жаҳаннам азобини шунга қиёс эт. Энди билгинки, сен бу қиёсда адашдинг. Чунки, дунё олови жаҳаннам оловига ўхшамайди. Аммо бу дунёда энг қаттиқ жисмоний азоб ўтнинг куйдиришидир. Шу азоб орқали жаҳаннам нелигини англагандай бўламиз. Лекин бу англаш нақадар ноқис! Агар жаҳаннам аҳли дўзахда дунё оловини топса, жаҳаннам оловидан қочиб, ўзларини дунё оловига урган бўлар эдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом жаҳаннам оловини шундай сифатлайдилар: «Оллоҳ таоло жаҳаннамга минг йил ёнишни буюрди, ҳатто олов қизарди. Кейин яна минг йил ёнишга буюрди, олов оқарди. Сўнг яна минг йил ёнишга буюрди, олов қорайди. Жаҳаннам қоп-қора, зимистондир» (Термизий ривояти).

«Уларнинг юзларини ўт куйдириб, бадбашара бўлиб қолгувчидирлар» (Мўминин, 104) ояти хусусида олимларидан бири дейди: «Бу жаҳаннам оловининг бир марта куйдиришидир. Шу куйдиришда этлар суякдан ажраб, тўпиққача шилиниб тушади».

Жаҳаннам оловидан ўзингизни асранг!