Нега Саудия, Миср ва БАА Туркия билан келиша олмаяпти?
Сўнгги йилларда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Миср ўз мамлакатларида, Яқин Шарқ ва араб дунёсида антитурк сиёсатини олиб бормоқда. Бунинг сабаби нима ва араблар турклар билан нимани бўлиша олмаяпти?
Тарихий келишмовчилик
1916-1918 йиллардаги араб қўзғолони натижасида араб ерлари Усмонли империясидан ажралиб чиққач, қардош мусулмон халқлари – турклар ва араблар ўртасида келишмовчиликлар бошланди. Англия протекторати остида шаклланган араб мамлакатларида туркларга қарши курашда арабпарастлик тарғиботи олиб борилди. Илгари Усмонли халифалиги таркибига кирган араблар бир неча йил давомида дунёвий республикалар, қиролликлар, амирликлар, Буюк Британия ва бошқа Европа кучлари томонидан бошқариладиган мустамлакаларга бўлиб ташланди.
Шу билан бирга, 1924 йилдан бери янги ташкил этилган Туркия Республикаси сиёсатда дунёвийлик йўлини тутиб, “араблар хоинларидан” узоқлашиш учун ҳар томонлама ҳаракат қилди. Арабларга қарши вазиятдан фойдаланган ҳолда, Туркия ҳукумати уларнинг исм-шарифлар ёзилиши, алифбо, маданият ва ҳатто диндаги арконларга ҳужум қилди: азон турк тилида янгради. Туркия мамлакатни барча йўналишларда европалаштиришга интила бошлади.
Суннийлик ва ваҳҳобийлик
Усмонли империяси халифалик сифатида Ислом динидаги ҳанафий мазҳабини қабул қилган эди. Ўз навбатида, саудияликлар Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ат-Тамимийнинг XVIII асрда шаклланган ваҳҳобийлик (салафизм) диний ва сиёсий ҳаракатини танлади. Ҳаракат Усмонли империясига қарши урушда катта рол ўйнади.
Турклар салафийлар ҳаракатини умматга қарши исён кўтариш ва Усмонли халифалигини парчалашда айблашади. Бундан ташқари, турклар араблар халифаликдан чиқиб, фақат расмий равишда мустақил бўлиб қолишди, лекин аслида уларни Буюк Британия, АҚШ, СССР ва бошқа нуфузли кучлар бошқарган, деган фикрда қолишган.
Эрдоған ва Туркиянинг ўсиб бораётган роли
Эрдоған ҳокимият тепасига келиши билан Туркия қардош мусулмон мамлакатларига яқинлаша бошлади. Анқаранинг Қатар, Сомали, Фаластин, Ливия, Эрон ва бошқа Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари билан муносабатларини мустаҳкамланиши, ўзини сунний ислом дунёсининг маркази деб биладиган Саудия Арабистони бошчилигидаги Форс кўрфази давлатларидан Туркияга қарши оппозиция блок тузди. Эрдоғаннинг Исроилга қарши сиёсати ва қочқин мусулмонларни қўллаб-қувватлаши Туркияни араб жамияти эътиборида оммалаштирди.
2011 йил “Араб баҳори” бошланиши билан араб мамлакатларида режимлар қулади ёки уларнинг баъзиларида қаттиқ қонунлар юмшатилди. Минтақанинг стратегик жиҳатдан муҳим бўлган республикаси Мисрда Ҳусни Муборак тахтдан ағдарилганидан сўнг Мурсий мамлакат президенти этиб сайланди. Мисрдаги биринчи демократик сайловларда Муҳаммад Мурсийнинг, шунингдек, руҳи жуда яқин бўлган сиёсий партияларининг ғалабаси Эрдоған учун мафкуравий ютуқ эди.
2013 йилда Миср билан муносабатлар ёмонлашиши
2013 йил июл ойида Мисрда Мудофаа вазири – Абдулфаттоҳ ас-Сисий бошчилигидаги ҳарбийлар томонидан тўнтариш амалга оширилди. Тўнтариш натижасида қонуний президент Мурсийнинг минглаб тарафдорлари ўлдирилди ва қамоққа олинди, Сисий эса мамлакатнинг янги президенти сифатида “сайланди”. Туркия тўнтаришни қаттиқ қоралади ва президент сайловлари натижаларини тан олмади. Ўшандан бери Миср ва Туркия халқаро миқёсда бир-бири билан тўқнашиб келмоқда. 2019 йил 17 июнда Муҳаммад Мурсий Миср қамоқхонасида вафот этди ва Эрдоған Мурсийнинг ўлимини қотиллик ва мамлакатда демократиянинг тугаши деб атади.
Суриядаги уруш
2011 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошлангани Саудия Арабистони, БАА ва Туркия манфаатларини айро қилди.
2017 йил август ойида БАА Туркияни мустамлакачилик ва рақобатчилик хатти-ҳаракатларда, шунингдек, “Фурот қалқони” операцияси бошланганидан кейин Суриянинг суверенитетини бузишда айблади. БАА Суриянинг шимолий қисмида турк кучларига қарши курашаётган аксарият этник курдлар бўлган Суриянинг Демократик Кучларига ёрдам берди. Туркия БААни Туркия ҳукумати билан зиддиятда Курдистон ишчилар партиясини қўллаб-қувватлашда айблади.
2020 йил март ойида БАА Башар Асад режимига Туркия билан сулҳ битимини (охирги Сочидаги Россия-Туркия келишуви) бекор қилиш ва Суриядаги турк кучларига қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланиши учун 3 миллиард доллар ажратишини ваъда қилгани маълум бўлди.
Бу қадамларнинг барчаси Саудия Арабистонидан фарқли ўлароқ, Суриядаги муҳим ҳудудларни назорат қилувчи ва назорат қиладиган Туркияни тўхтата олмади.
Қатардаги дипломатик инқироз
БАА расмийлари дипломатик инқироз даврида Туркиянинг Қатарни қўллаб-қувватлашини танқид қилган.
2017 йил 5 июнда бир қатор араб мамлакатлари – Баҳрайн, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Яман (Ҳодий тарафдорлари), Ливия (муваққат ҳукумат), Малдив ороллари, кейинчалик Мавритания ва Комор ороллари билан бирлашган – Қатар билан дипломатик алоқалар узилганлигини эълон қилишди. Улар буни амирлик терроризм ва экстремистик мафкуранинг қўллаб-қувватлаши, унинг душманлик сиёсати ва араб давлатларининг ишларига аралашиши билан изоҳлади. Иордания ва Жибути дипломатик ваколатхоналар даражасини пасайтирди. Бир қатор давлатлар денгиз ва ҳаво қатновини тўхтатиш, банк операцияларини чеклаш, дипломатлар ва Қатар фуқароларини ҳайдаб чиқариш каби қатор кескин чоралар кўрилганини эълон қилишди.
Бироқ Туркия нафақат бойкотда иштирок этган давлатларга қўшилди, балки уларни қоралади. Қўшма Штатлар ҳам Қатарни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатига киритмади.
Истанбулда саудиялик журналистнинг ўлдирилиши
2018 йил 2 октябр куни Истанбул шаҳридаги Саудия Арабистонининг консуллигида журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилган эди.
Жамол Қошиқчи ўлдирилганлиги ҳақидаги кенг тарқалган шубҳа Саудия Арабистонининг Туркия, АҚШ ва бошқа давлатлар билан муносабатларида тарангликни кучайтирди.
2018 йил 21 октябр куни Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр воқеани “даҳшатли хато ва фожиа” деб атади ва Жамол Қошиқчи қариндошларига таъзия билдирди. Вазир айбдорларни жавобгарликка тортишга ваъда берди.
23 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Эрдўғон журналист сиёсий сабабларга кўра ўлдирилганини ва журналистни ўлдириш вақти ва жойи олдиндан режалаштирилганига ишонишини айтган.
2018 йил 25 октябрда Саудия Арабистони прокуратураси Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши тасодифий эмас, балки атайлаб қилинганлигини тан олди.
Айни пайтда, журналистнинг ўлдирилиши бўйича тергов Туркия ва жаҳон журналистикасининг назорати остида давом этмоқда.
Ливиядаги уруш
Ливиядаги фуқаролар урушида Туркия ва учта араб мамлакати яна бир-бирига қарама-қарши томонларни эгаллаб олди. Туркия Триполида БМТ томонидан расман тан олинган “Миллий келишув ҳукумати”ни қўллаб-қувватлайди ва унинг армиясини қурол-яроғ ва ҳарбий воситалар билан таъминлайди. Саудия, БАА, Судан, Миср Тобук шаҳридаги маршал Халифа Хафтар бошчилигидаги қўшинларни қўллаб-қувватламоқда. Ливиядаги сўнгги воқеалар шуни кўрсатадики, Халифа Хафтар армияси ўз позицияларини йўқотмоқда ва мамлакатнинг стратегик нуқталаридан чиқиб кетмоқда.
Томонлар ўртасидаги медиа-урушлари
2013 йилдан бери БАА томонидан бошқариладиган оммавий ахборот воситалари Туркияни доимий равишда таъқиб қилишмоқда ва араб дунёси учун антитурк сериаллари намойиш қилинмоқда.
2019 йил охирида Саудия Арабистонининг MBC телеканали “Ёнғин қироллиги” (“Мамлакат ал-Нар”) сериалини намойиш этди. Араб сериалида туркларнинг “Муҳташам аср” ва “Эртуғрул” сериалларига қарши Усмонийлар золим, қонли босқинчилар ва араб ерларининг мустамлакачилари сифатида тасвирланган.
Сўнгги 10 йил ичида Исроил ва АҚШнинг кўмаги билан араб учлиги томонидан қандай қаршиликлар бўлса ҳам Туркия зарбаларга қарши турди ва ўз мақсадларига эришди:
– Сурия, Ливия, Шимолий Кипрда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш;
– Ҳамкори Қатарни давлат тўнтаришидан ҳимоя қилди;
– Шайхларининг қизиқишларига қарамай, Турк тарихий сериаллари туфайли араб ёшлари Эрдоғанни яхши кўришади, Усмонийларнинг тарихига қизиқишмоқда;
– Истанбулда ва бошқа сайёҳлик шаҳарларида араб тили рус ва инглиз тилларини енгиб, турк тилидан кейин иккинчи тилга айланди;
– Туркия ҳарбий саноат мажмуасини ишлаб чиқди ва ҳозирда Қатар, Покистон ва Яқин Шарқдаги бошқа давлатларга қурол етказиб бермоқда;
– Туркия Форс кўрфази ва Африкада (Қатар ва Сомали) иккита ҳарбий база қурди;
– Араб мамлакатларидаги туркларга қарши қадамлар тескари натижага олиб келди ва энди эзилган мусулмонлар Шарқ шоҳлари ва амирларига эмас, балки Ражаб Тоййиб Эрдоғанга умид боғлашмоқда.
– Туркия Фаластинга ёрдам беришдан тўхтамади.
Ёқуб Умар тайёрлади.