Лациода коронавирус инфекциясига чалиниш кўрсаткичи бўйича антирекорд қайд этилди
Италия пойтахтига яқин жойлашган Лацио вилоятида пандемия бошлангандан буён илк бор бир суткада аниқланган COVID-19 ҳолати бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Ушбу маълумотни “Il Messaggero” газетаси ёзган.
Нашр хабарига кўра, ҳудудда охирги кун коронавирус билан касалланишга оид 215 та янги ҳолат кузатилди. Бир кун олдин эса бу ерда айни кўрсаткич 137 га тенг эди. Инфекция юқиши билан боғлиқ ҳолатларнинг 60 фоиздан кўпроғи – бошқа жойдан кириб келгани, жумладан, 45 фоизи Сардиния оролида дам олиб қайтган шахслардан тарқалгани таъкидланмоқда. Айтишларича, ушбу оролда жойлашган курортларда касалликнинг бир қанча ўчоқлари аниқланган. Вирус нуқталари сифатида, асосан, фаолияти тикланган тунги клублар эътироф этилган.
Дарвоқе, гарчи Италия Европада коронавирус авж олган пайтда зарарланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича узоқ вақт пешқадамлик қилган бўлса-да, Лацио вилояти энг паст кўрсаткичга эга бўлган, деб ёзади “NEWS.ru”