Ана энди уят бўлди
Кунларнинг бирида Маъруф ал-Кархий ҳазратлари йўл бўйида нон еб ўтирган эди. Шу вақт унга бир дайди ит яқинлашиб келди. Итнинг аҳволини кўриб бечорага раҳми келди, нонни бир ўзи ейишда давом этишга уялди ва нонни оч ит билан баҳам кўришга қарор қилди: нонни ўзи бир тишлаб, бир тишлам итга ташлай бошлади. Шу чоқ бир киши келиб қолди ва унга дашном бермоқчи бўлиб:
– Битта нонни ит билан бирга ейишга уялмайсанми? – деди.
Маъруф Кархий ҳазратлари:
– Агарда нонимни мана шу оч итни мўлтиратиб қаратиб ўтириб еганимда уят бўлар эди. Сенинг ўзинг ҳеч уялмасдан оч итнинг олдида нонингни иштаҳа билан ея оласанми? – деди.
Одам бир оз ўйланиб турди-да:
– Ҳа, энди мен уятли бўлдим, – деди.
Ҳа, фикр юритган киши албатта ҳақиқатни топади, тафаккур қилмайдиган киши эса адашган ҳолида қолаверади.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.