Янгиликлар

Азон мўъжизаси

Чоп этилди Sentabr 1, 2020 Азон мўъжизасиda fikr bildirishni o'chirish

Азон Исломнинг шиоридир. Азон илоҳий чақириқдир. Азон оламлар Робби томон, меърож сари, нажот сари чорловдир. Азон иймон аҳли қалбига ғурур, руҳга сурур бахш этади. Азонни тинглашга шайтонлар дош бера олмайди, ортга қарамай қочади. Азондан фақатгина ғафлатга ботган қалблар бебаҳрадир. Азон ёмонликларни аритади, барака келтиради, дардларга шифо бўлади. Азоннинг фазилатлари, сир – синоатлари туганмасдир. Унинг сўзлари сеҳрли, тинглаган руҳни ўзига ром этмай қўймайди. Чунки у аслида руҳ билан бир манбадан. Унинг самовий эканини уйғоқ қалб дарҳол ҳис этади. Ҳатто унинг калималари адади ва тизимида ҳам илоҳий қудрат бармоқларининг изларини кўриш мумкин.

Азон беш маҳал намозга чорлов, суннат амал бўлиши билан бирга, ажойиб мутаносиблик тимсолидир. Ишонинг, азон туғилганимиздан бошлаб қулоғимиз остида янграса-да, уни ҳар куни беш маҳал эшитиб, китобларда ўқиб, айтиб юрган бўлсак-да, ундаги бу мўъжизавийликни сезмаганмиз, хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз.

‒ Биласизми, азондаги сўзларининг адади нечта?

Агар биз азон калималарини бир четдан ‒ «Аллоҳу акбар»дан бошлаб, «Ла илаҳа иллаллоҳ»гача санайдиган бўлсак, жами бўлиб 50 та калима борлигига гувоҳ бўламиз. Ҳа, айнан 50 та, битта кам ҳам, кўп ҳам эмас.

Яъни азонда ҳар бир фарз намоз учун ўнтадан калима бор. Зотан, ҳар бир ҳасана учун ўн баробари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Ким бир ҳасана келтирса, унга ўн баробари бордир» (Анъом сураси, 160‑оят). Қолаверса, намоз аслида 50 вақт фарз қилинган, сўнг беш маҳалга туширилган, аммо 50 вақт намоз ўрнида қабул қилинадиган бўлган. Бу маъно ҳадиси шарифда ҳам таъкидланади:

«Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло: «Булар ўзи бешта, аммо (савобда) элликтадир! Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмас!» деди», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

‒ Азон сўзининг буйруқ шакли ‒ «аззин», яъни «азон айт» калимаси Қуръони Каримда фақат 5 марта, яъни бир кеча‑кундуздаги намозлар ададича келган, битта кам ҳам, кўп ҳам эмас. Бу мувофиқлик тасодиф бўлиши мумкинми?

‒ Араб алифбосида 29 та ҳарф бор. Азонда улардан фақат 17 таси иштирок этган: ا, ل, هـ, ك, ب, ر, ش, د, ن, م, ح, س,و , ي, ع,ص ,ف  . Бу эса бир кундаги фарз намозларнинг ададига тўла мосдир: бомдод 2 ракат, пешин 4 ракат, аср 4 ракат, шом 3 ракат, хуфтон 4 ракат. Жами 17 ракат.

‒ Йилдаги ойларнинг адади 12 та. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг наздида ойлар 12 тадир» (Тавба сураси, 26‑оят).

Азон жумлаларининг адади ҳам 12 та. Яъни азон йил‑ўн икки ой тинимсиз янграйдиган хитобдир.

Шу ўринда бир фиқҳий масалани ҳам эслаб ўтиш жоиз. Азонда такбирлар жуфт айтилади. Яъни «Аллоҳу акбар» жумласи ўзи мустақил ибора бўлса‑да, азонда унинг жуфт шакли ‒ «Аллоҳу акбаруллоҳу акбар» бир нафасда айтилгани учун битта калима ҳисобланади («Ал‑Мабсут», «Бадоеъ»). Юқоридаги 12 сонининг айнан ушбу шаклга мослиги эътиборга сазовордир.

‒ Азон қайси сўз билан бошланиб, қайси сўз билан якун топганига эътибор берганмисиз?

Ҳа, азон «Аллоҳ» калимаси билан бошланиб, ушбу лафзи жалола билан тугайди. Унинг биринчи ибораси ‒ «Аллоҳу акбаруллоҳу акбар» шу сўз билан бошланади, «ла илаҳа илла Аллоҳ» билан тугайди.

Аллоҳ таоло азонни Ўз исми билан бошланиб, шу исм билан якун топишини ирода қилган экан.

‒ Аллоҳ калимасида энг кўп такрорланган сўз қайси деб ўйлайсиз? Ҳа, азонда энг кўп такрорланган сўз «Аллоҳ» калимасидир.

‒ Аллоҳ калимаси азонда 11 марта такрорланган. Бу рақам сонлар ичида фақатгина 1 рақамидан таркиб топган бўлиб, у фақатгина ўзига ва 1 сонига бўлинадиган ягона сондир. Бу билан гўё Аллоҳ таоло ушбу азоннинг эгаси ягона Зот эканини уқтирмоқда.

‒ Азон «ла илаҳа иллаллоҳ» ибораси билан тугаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ва мендан олдинги набийлар айтган энг яхши сўз ла илаҳа иллаллоҳдир», деганлар. Бу ибора ҳам 12 ҳарфдан иборат.

Қаранг, азон иборалари ҳам, азоннинг якунловчи жумласидаги ҳарфлар адади ҳам айнан 12 та, кам ҳам, кўп ҳам эмас.

‒ Аллоҳ калимасида учта ҳарф мавжуд: ا ‒ алиф, ل  ‒ лам, هـ ‒ ҳа.

Азонинг сўнги ибораси «ла илаҳа иллаллоҳ»да ҳам фақат шу ҳарфлар иштирок этган, бошқа ҳарф қўшилмаган. Аллоҳ таоло ушбу иймон калимасида Ўзининг исми жалоласида иштирок этган ҳарфларгина бўлишини ирода қилган, бошқа ҳарфларга ўрин берилмаган. Инсон ҳар чанд уринмасин, ўз исмидаги ҳарфлардан бу каби маъноли ибора ясай олмайди. Азон ана шундай мўъжизавий жумла билан тугалланган.

‒ Энди Аллоҳ сўзидаги ҳарфлар азонда неча ададда келганига эътибор беринг. Алиф 47 марта, лам 45 марта, ҳа 20 марта. Бу сонларнинг жамланмаси 112 бўлади. Бу ададнинг сирини билмоқчи бўлсак, Қуръони Каримга мурожаат қилишимизга тўғри келади. Зотан, азонни Қуръони Каримни нозил этган Зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларига илқо қилгандир.

Аллоҳ калимаси Қуръони Каримда илк бор Фотиҳа сурасида, охирги марта эса Ихлос сурасида келган. Бу сура эса мусҳаф тартибига кўра 112 сура ҳисобланади. Бу ерда ҳам Қуръон билан азон ўртасидаги мутаносибликни кузатиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло борлиқни қандай пухта, ўзаро мутаносиб, сир‑синоатларга бой қилиб яратган бўлса, бу борлиқда инсон зоти яшаши учун нозил қилган динини, унинг бош манбаси бўлмиш Қуръонни ва шиори бўлмиш азонни ҳам ана шундай мукаммал туширгандир.

Тўғри, азондаги мазкур ажойиботлар бўлмаса ҳам унинг улуғлигига шубҳа қилинмайди. Зотан, унинг шариатда жорий этилиши ҳам ўзига хос суратга эга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам азоннинг фазилатлари борасида энг асосий сўзларни ўз ҳадисларида баён қилиб қўйганлар. Бироқ, мазкур мутаносибликлар ҳам ўз ўрнида ақл эгалари учун эслатма ва ўзига хос ибратдир. Зеро, бундай уйғунлик ўз-ўзидан ёки тасодиф бўлмайди.

(Мақола Абдуддоим Куҳайлнинг «Қуръондаги ададлар мўъжизаси» мавзусига доир туркум суҳбатлари асосида Азон.уз сайти учун тайёрланди.)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид