Помпео ҳам Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни байрами билан табриклади
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ҳам Ўзбекистонни Мустақиллик куни байрами билан табриклади. Шу муносабат билан берилган баёнотда қуйидагилар таъкидлаб ўтилган:
“Мен Қўшма Штатлар ҳукумати ва Америка халқи номидан Ўзбекистон халқини Мустақиллигингизнинг 29 йиллиги билан чин юракдан муборакбод этаман.
АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик COVID-19 пандемияси ва бошқа глобал таҳдидларга қарамай сўнгги йилларда чуқурлашди. Биз минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва ўзаро юксалиш, шу жумладан, C5+1 дипломатик платформаси ва уч томонлама учрашувлар воситасидаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашда давом этамиз. Зеро, Ўзбекистон ислоҳотларнинг қатъий ва мақсадли дастурини амалга оширишда давом этар экан, бизнинг ҳамкорлик фақат кенгайиб бораверади.
Мен ушбу ўзига хос кунда Ўзбекистон халқига ўзимнинг самимий тилакларимни изҳор этаман”.
АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси ҳам Ўзбекистонни миллий байрами билан табриклаган ҳолда, Твиттердаги саҳифасида қуйидаги мазмундаги хабарни жойлаштирди: «Мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистон халқига барча энг яхши тилаклар! Биз АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлашишини бесабрлик билан кутяпмиз, чунки у минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва юксалишни мустаҳкамлашга хизмат қилади».
Вашингтондаги дипломатик миссиямиз хабарига кўра, АҚШ ва Канада ҳукумати вакиллари, бизнес жамоатчилиги, ўша ерда бўлиб турган ҳамда аккредитациядан ўтган мамлакатларнинг маданий-гуманитар доиралари, шунингдек, ватандошларимиз иштирокида Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни виртуал режимда нишонланмоқда.