Мақолалар

Марказ – Янги Ўзбекистоннинг тимсоли

Чоп этилди Sentabr 2, 2020 Марказ – Янги Ўзбекистоннинг тимсолиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 июнда Душанбе шаҳрида ўтказилган халқаро саммитда динлараро ҳамжиҳатликни сақлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитишда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа вазифасини бажаришини таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, жаҳонда кузатилаётган мураккаб сиёсий-ижтимоий вазият, бузғунчи кучларнинг дин воситасида тинчлик ва барқарорликка рахна солишга интилаётгани ушбу вазифанинг бугунги кундаги аҳамияти нечоғлик муҳим эканини кўрсатади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ана шу эзгу мақсад йўлида ислом илм-фани ривожига бемисл ҳисса қўшган, бу буюк таълимотни маърифат, инсонпарварлик ва бунёдкорлик ғояси сифатида жаҳонга танитган улуғ аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросини чуқур ўрганишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Марказ Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондаги етакчи ислом тадқиқот марказлари, нуфузли университетлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, муҳим илмий-амалий лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.
Марказ томонидан 9 та халқаро конференция ва 10 дан зиёд илмий семинар ташкил этилди. Ушбу тадбирларга дунёнинг 100 дан ошиқ етакчи уламоси, исломшунос, диншунос олимлар ва таниқли экспертлар жалб этилиб, Ўзбекистонда сақланаётган қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, мутахассислар малакасини ошириш, долзарб мавзуларда тадқиқотлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Ўз навбатида, марказ илмий ходимлари республика ва халқаро даражада ўтказилган 146 та конференция ва анжуманда маъруза қилди.
Халқаро ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида марказга Миср ва Туркиядан 6 мингга яқин адабиёт олиб келинганини қайд этиш жоиз. Бугунги кунда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотмаркази Ўзбекистон бўйича қадимий қўлёзмаларнинг энг катта электрон базасига эга йирик илмий муассасалардан бири ҳисобланади. Бу ерда 130 мингдан зиёд қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг электрон нусхалари сақланмоқда.
Мисрнинг Ал-Азҳар университети билан ўрнатилган ҳамкорлик натижасида ушбу олий диний таълим муассасасининг 2 нафар профессори Самарқанддаги Ҳадис илми мактабида ўзбекистонлик ёшларга дарс бермоқда. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари билан ҳадисшуносликка бағишланган маҳорат дарслари ҳам ташкил этилмоқда.
Айни вақтда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тараққиёт банки ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган конструктив мулоқот олиб борилмоқда. Ушбу банк билан манфаатли алоқалар марказнинг буюк аллома аждодларимиз илмий меросини ўрганиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Самарқандга хорижлик таниқли олим ва тадқиқотчиларни жалб этиш, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий лойиҳаларни ташкил этиш ҳамда илмий ходимларнинг хорижда малака ошириши учун имкониятлар яратади.
Марказ илмий ходимлари томонидан 70 дан зиёд китоб, каталог ва монография нашрга тайёрланди. Ислом оламида машҳур бўлган алломаларнинг қимматли асарлари тадқиқи ҳамда исломшуносликнинг долзарб муаммоларига бағишланган ушбу нашрлар марказнинг сермаҳсул илмий фаолияти натижасидир. Ҳозир марказ илмий ходимлари томонидан улуғ аллома, мотуридия ақидавий таълимоти асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Қисқа вақт ичида марказда сақланаётган 535 та асарнинг каталоги тайёрланиб, нашр этилди.
Аҳолига муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик таълимотини илмий асосда етказиш, одамларни тўғри йўлга бошлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Шу мақсадда илмий ходимлар томонидан таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари мунтазам ўтказилмоқда. Оммавий ахборот воситалари, жумладан, интернет орқали илмий-оммабоп маълумотлар эълон қилинмоқда. “Ўзбекистон” телерадиоканалида “Зиё” медиа маркази билан ҳамкорликда “Имом Бухорий сабоқлари” кўрсатуви эфирга узатилаётир. Унда Имом Бухорий тўплаган ҳадисларнинг мазмун-моҳияти, бугунги кун ёшларини одоб-ахлоқли ва имон-эътиқодли этиб тарбиялашдаги аҳамияти ёритиб борилмоқда.
Марказ илмий ходимларининг малакасини ошириб бориш, жаҳоннинг етакчи илмий муассасалари билан ҳамкорликда ўқувлар ташкил этиш устувор вазифалардан. Жорий йилда 4 нафар илмий ходим Туркияда малака оширган бўлса, АҚШнинг Тинчлик институти билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида семинар-тренинглар ўтказилди. 2020 йилда яна 2 нафар илмий ходимни Буюк Британияга стажировка ўташ учун юбориш режалаштирилган.
Самарқандда қад ростлаган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва унга ёндош Ҳадис илми мактаби Ўзбекистонга ташриф буюрган меҳмонларнинг зиёрат манзилига, Янги Ўзбекистонинг янги ва муборак тимсолига айланиб улгурди.
Ҳеч шубҳасиз, марказ жамоаси Президентимизнинг: “Ушбу марказ Имом Бухорий меросини тадқиқ этишда, башариятни илм, эътиқод ва тараққиётга чорлашда дунёдаги маърифат масканларининг юраги бўлиб хизмат қилишига ишонаман”, деган эзгу тилакларининг ижобати йўлида тинимсиз меҳнат қилмоқда.
Бу ерга ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонлар, дунё эътироф этган уламолар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганининг аҳамиятини юқори баҳоламоқда. Жумладан, Бангладеш Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид: “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари томонидан муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган муҳаддислар, буюк алломалар илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани юксак таҳсинга сазовордир. Марказнинг шундай табаррук жойда бунёд этилиши, бу ерда Ҳадис илми мактабининг қад ростлагани яхлит ансамблни вужудга келтирган”, дея таъкидлади.
Малайзия ташқи ишлар вазири ўринбосари Марзуки Яҳя эса ўз таассуротларини ифодалаб, шундай деди: “Юртингизда амалга оширилган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратим ошди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига тасанно айтасан. Биз ҳам Малайзияда мана шундай марказ ташкил этиш ниятидамиз”.
Ҳанафий мазҳабининг энг йирик уламоларидан, покистонлик Муҳаммад Тақий Усмоний эса: “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига асос солган Ўзбекистон Президенти илмни, олимларни ва дин аҳлини яхши кўриши маълум. Ушбу марказни ташкил этиш ғоясининг ижобий натижаси тез фурсатда кўринади. Самарқанд ўзининг қадимий илм зиёсини қайтаради, иншоаллоҳ” дея эзгу тилак билдирган эди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази халқимизга илм-маърифат, одоб-ахлоқ, ҳалол-поклик ғояларини етказиш, ёшларни тўғри йўлга бошлаш ҳамда юртимизнинг ислом маданияти маркази сифатидаги тарихий мақомини жаҳон бўйлаб кенг тарғиб этишда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ташкилий ва услубий жиҳатдан мувофиқликда фаолият олиб бормоқда. Бундай ҳамкорлик жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, турли конфессияга мансуб аҳоли ўртасида аҳиллик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшларимизнинг зарарли ғоялар таъсирига тушишининг олдини олиш, юртдошларимизнинг диний маърифати ва дунёқарашини илмий асосда ошириб бориш имконини бермоқда.
Шаҳзод ИСЛОМОВ,
диншунос