Қабристонни зиёрат қилиш
Ислом дини келмасдан илгари жоҳилият даврида яшаган араблар қиёмат ва ҳисоб-китоб кунига, қилган яхши ёки ёмон амаллари учун жаннат ёки дўзах билан тақдирланишига ишонмас эдилар. Шу сабабдан бирон-бир киши вафот этса, дунёни бошига кўтариб, дод-вой солардилар. Қабристонни зиёрат қилишга борганларида ҳам ёқаларини йиртиб йиғлашарди. Ислом дини уларни бу номақбул одатлардан қайтарди. Дастлабки пайтда уларни бундай жирканч одатлардан халос этиш мақсадида қабристонлар зиёрати ман қилинди. Кейинчалик улар Пайғамбаримизнинг мўъжизаларини ўз кўзлари билан кўриб, қалблари имон нури билан тўлгач, қабристонлар зиёратига рухсат берилди.
عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِي زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ اْلآخِرَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ وَاللَّفْظُ لِلتِّرْمِذِيِّ.
Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у (қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади», дедилар». Бешовларидан фақат имом Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.
Ким қабрни зиёрат қилмоқчи бўлса, маййитнинг юз томонидан келсин. Қуръони каримдан баъзи оятларни тиловат қилиб, унинг савобини маййит руҳига ҳадя қилсин! Баъзилар Қуръони карим тирикларга нозил бўлган, деган даъволари билан уни маййит руҳига ўқишга эътироз билдирадилар. Уларнинг бу фикрларига далил-исбот йўқ. Чунки садақа, дуолар, умра, ҳаж, намоз ва рўза савоблари маййитга етиб боради. Қуръони карим ҳам шундай, маййитга манфаати бор[1].
Анас ибн Мансурдан ривоят қилинади. Бир киши жаноза намозларига аралашиб, иштирок этиб турарди. Кечқурун бўлса, қабристон эшиги олдига келиб, дуо қиларди: “Аллоҳ таоло ёлғизлигингизда сизлар билан бўлсин! Ғурбатларингизга раҳм айласин! Ёмонликларингизни Ўзи кечирсин! Яхшиликарингизни Ўзи қабул қилсин!” У банда ортиқ ҳеч бир нарса демасди. Бу одам айтди: «Бир кеча одатим бўлганидек, қабристон эшиги олдига келиб дуо қила олмадим. Ва ётиб ухладим. Уйқумда туш кўрдим. Олдимга жуда кўп одамлар келишди. Мен сўрадим: «Сизлар кимсизлар? Менда нима ишларингиз бор?» Улар айтишди: «Бизлар қабристон аҳлимиз. Ҳақиқатдан ҳам, бизларни бир ҳадя беришингиз билан ўргатиб қўйган эдингиз». Мен сўрадим: «Нима у ҳадя?» улар айтишди:” «Сиз қиладиган дуолар». Мен дуо қилишга қайтиб, бундан кейин уни ҳеч тарк этмадим»[2].
Уламоларимиз бундай деганлар: “Қабристон зиёратига пайшанба куни асридан шанба кунининг тонгигача бориш динимизда хуш кўрилган. Моликий мазҳабидаги уламолар ҳам буни қўллаб-қувватлайдилар”[3]. Қабрлари бир-биридан узоқ ёки яқин бўлишидан қатъи назар, маййитларнинг руҳлари ўзаро зиёратлашиб турадилар. Бу хусусда ҳадислар ворид бўлган. Тирикларнинг қилиб юрган яхши-ёмон ишлари вафот этган яқинларига кўрсатиб турилади.
Қабристон зиёратига борган киши Таборак ёки Ёсин сурасини ўқиши мустаҳаб бўлади. Бу борада бир қанча ҳадислар келган:
عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: سُورَةُ تَبَارَكَ هِيَ الْمَانِعَةُ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ. رَوَاهُ ابْنُ مَرْدَوَيْهِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Таборак сураси қабр азобидан тўсувчидир», – деб айтганлар». Имом Ибн Мардавайҳ ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ.
Бу ерда айтилишича, Таборак сураси бандани қабр азобидан сақлайди. Демак, мазкур сура бандани қабрда ҳам, охиратда ҳам шафоат этади, уни азобдан ҳимоя қилади[4]. Шу сабаб қабристон зиёратига борганлар у ерда Таборак сурасини ўқишлари мустаҳабдир.
عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَيس قَلْبُ الْفُرْآنِ لاَ يَقْرَؤُهَا رَجُلٌ يُرِيدُ اللهَ وَالدَّارَ الآخِرَةَ إِلاَّ غَفَرَ لَهُ اقْرَؤُوهَا عَلَي مَوتَاكُمْ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ
Юқорида ҳам келтирганимиз Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда: «Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳ (розилиги) ва охират куни (нажот топиш)ни истаб тиловат қилса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», дейилди. Имомлар Ҳоким, Байҳақий, Насоий ривоят қилишган. Ривоят санади заиф.
Ушбу ривоятга кўра, ким Ёсин сурасини ихлос билан ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади.
Ёсин сурасини ўликларга ўқишни уламолар икки хил изоҳлашган:
- Ўлим тўшагида ётганларга ўқиш;
- Вафот этиб кетган маййитлар ҳақига ўқиб, савобини уларга бағишлаш.
Пўлатхон КАТТАЕВнинг “Исломда жаноза” китобидан
[1] Аҳмад ибн Қудома Мақдисий. «Минҳожул қосидин». Тошкнент. «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2014, 441-бет.
[2] Аҳмад ибн Қудома Мақдисий. «Минҳожул қосидин». Тошкнент. «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2014, 442-бет.
[3] Холид Саид Али. “Ас-солату ъалал-мазаҳибил-арбаъа”. Қувайт: “Мактабатут турос вал ийман”, 1998, 268-бет.
[4] Зиёвуддин Раҳим. «Қуръон қалблар шифоси». Тошкент. «Шарқ» нашриёти-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. 2014, 291-бет.