Имтиҳон 2020: кутилган ва кутилмаган ҳолатлар
Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бу йил ҳар йилгидан-да кўпроқ кутилган ҳодисалардан бири бўлди. Бугунга қадар абитуриентлар минг ҳаяжон ва қўрқув, умид ва ҳадик билан бу кунни кутишди. Узоқ кутилган имтиҳонлар кеча – 2 сентябрдан бошланди. Имтиҳонларнинг илк куни қандай ўтганига қизиқдик…
Aввало, шуни таъкидлаш керакки, имтиҳонлар учун ҳар бир вилоятда очиқ майдон (стадионлар)да махсус жойлар ташкил этилди. Aбитуриентлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди:
• ручкадан тортиб, ичимлик сувигача муҳайё қилинди;
• узоқ туманлардан келадиганлар учун автобусга йўлга қўйилди;
• имтиҳон бўладиган манзилни осон топиб олиш учун махсус илова ҳам ишлаб чиқилди;
• имтиҳонлар икки сменада (1-смена – 08:00 дан 11:00гача, 2-смена – 17:00 дан 20:00гача) ташкил қилинди.
Лекин шунча қулайлик ва имкониятларга қарамай, турли қинғир йўллар билан талаба бўлишга уринаётганлар ҳам йўқ эмас. Буни 1-сменада 37 нафар абитуриентнинг имтиҳондан четлаштирилганидан ҳам билиб олиш мумкин. Қолаверса, тест саволларининг расмлари телеграмм тармоғида айланиб қолгани ҳам бор гап… Бундан мутасадди ташкилотлар тегишли хулосаларни чиқарган кўринади: 2-сменада назорат янада кучайтирилиб, юқоридаги камчиликлар бартараф этилгани таъкидланяпти. Расмий маълумотларга кўра, 3 500 нафарга яқин абитуриент тест жараёнларига етиб келмаган. Бир нафар абитуриентнинг иситмаси баланд бўлгани боис имтиҳонга киритилмаган.
2-сменадаги тестлар якунланишига оз қолганда ёққан ёмғир сабабли целлофан остида тест ечган абитуриентлар ижтимоий тармоқларда енгил, беғараз кулгига ҳам сабаб бўлди. Ҳа, илм йўлида баъзан тош келса емириб, сув келса симириб ўтишга тўғри келади!
Қадрли абитуриент, талабалик – ҳаётингиздаги муҳим босқичлардан бири. Унга ҳалол кураш орқали эришинг, турли алдов ва қинғир йўллар билан ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам алдаманг. Энг муҳими, ўз имкониятларингизни ўзингиз ҳимоя қилинг – шпаргалка, телефон ёки ҳар қандай ёрдамчи воситалардан фойдаланилганида бу ҳақида назоратчиларга хабар беринг. Барчангизга омад ёр бўлсин!