Оила

Қандай қизга уйлансам экан?

Чоп этилди Sentabr 6, 2020 Қандай қизга уйлансам экан?da fikr bildirishni o'chirish

Иброҳим ибн Али ал-Зуҳлийдан ривоят қилинади: “Яҳё бин Яҳёнинг сўзларини эшитдим, у бир вақтлар Суфён бин Уяйна билан ўтирган экан уларнинг ҳузурига бир киши келиб:

“Эй, Абу Муҳаммад, мен сизнинг олдингизга хотинимдан шикоят қилиш учун келдим, чунки унинг учун мен бу дунёдаги барча нарсаларнинг энг пасти ва аҳамиятсизиман”.

Суфён бошини бир оз пастга тушириб ўйга чўмди, сўнг кўтариб: “Эҳтимол, сен уни хотин қилиб олганингда, ўзингнинг обрў-эътиборинг одамлар орасида кўтарилишини ният қилгандирсан”, деди. У: “Ҳа, Абу Муҳаммад, шундай”, деб жавоб берди.

Бунга жавобан Суфён деди: “Ким никоҳ пайтида обрўга интилса, у хор бўлади, бойликка интилган, албатта қашшоқликка тушиб қолади ва ким дин учун ҳаракат қилса, Аллоҳ диндорлик билан бирга иззат ва бойликни ҳам беради”.
Шундан кейин Суфён унга битта ҳикоя айтиб берди:

“Биз тўрт ака-ука эдик: Муҳаммад, Имрон, Иброҳим ва мен. Муҳаммад энг каттаси, энг кичиги Имрон эди, мен ўртанча ўғил эдим. Муҳаммад уйланишни вақти етганда аёлининг аслзода, зодагонлар оиласидан бўлишини орзу қилар эди ва у зодагонлик жиҳатидан ўзидан устун бўлган қизга уйланди ва Аллоҳ уни хор қилди.

Имрон моддий аҳволга мойил бўлиб, ўзидан бой аёлни хотин қилиб олди, бироқ қашшоқликка дучор бўлди, хотинининг қариндошлари ундан ҳамма нарсани олиб қўйиб, унга ҳеч нарса қолдиришмади.

Мен ҳам келин танлаш муаммоларига дуч келдим. Ўша пайтда Маъмар бин Рашид билан учрашиб қолдим.

Унга биродарларим ҳақидаги воқеани айтиб бергач, мен у билан маслаҳатлашишга қарор қилдим ва у менга Яҳё бин Жаъдадан ва Ойша розияллоҳу анҳодан келган ҳадисни эслатди. 

Яҳё бин Жаъда ривоят қилган ҳадис:  «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлга тўрт нарса учун никоҳланилади; моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла…» – дедилар».

Ойша розияллоҳу келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:” Аёлларнинг энг баракалилари харажатлари (маҳри ва бошқалар) оз бўлганларидир”, деб айтганлар.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, ўзим учун диндорликни ва сарф-харажатларнинг осонлигини танладим ва Аллоҳ менга диндорликдан ташқари мол-мулк билан бирга шараф ҳам берди”.