Қабристон зиёратидаги суннат ва тақиқланган амаллар
Қабристон зиёратига бориш мустаҳаб амалдир. Чунки бу зиёрат кишига охиратни эслатиб, унга тайёргарлик кўришга ундайди. Саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ривоят келтирадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабрини зиёрат қилиб, йиғладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофидагилар ҳам қўшилишиб йиғлашди. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигоримдан онамнинг гуноҳини мағфират қилишини сўрадим. Менга рухсат қилинмади. Қабрини зиёрат қилишга рухсат берилди. Бундан кейин қабрларни зиёрат қилаверинглар, чунки бу иш ўлимни эслатади». Имомлар Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналарига истиғфор айтишга изн сўраганлари фарзандлик бурчларини чуқур ҳис қилганларидандир. Изн берилмагани эса, у зотнинг оналари Омина бинти Ваҳбнинг Исломдан олдин ўлиб кетганларидир. Истиғфорнинг шарти Исломдир. Шунинг учун Исломда ўтган ота-оналарга фарзандлари истиғфор айтсалар, яхши бўлади.
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари жаннатийдир, чунки у киши аҳли фитратдир, аҳли фитрат жаннатий бўлишида шубҳа йўқ, дейишади.
Аммо мушриклар ўз қилмишлари билан дўзах йўлини танлаб, жаннатдан юз ўгирадилар. Улар учун истиғфор айтган киши Аллоҳ таолонинг қонунига қарши чиққан бўлиб, гуноҳга ботади.
«На пайғамбар ва на мўминлар – агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам – уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганлигидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир» (Тавба сураси, 113-оят).
Қабристон зиёратига борган киши қабрга юзланиб, қуйидагича дуо қилиши суннат бўлади:
«Ассалому алайкум йа аҳлал қубур, яғфируллоҳу лана ва лакум антум салафуна ва наҳну бил асар».
Маъноси: «Ассалому алайкум, эй аҳли қабрлар. Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилсин. Сиз ўтганларимизсиз, биз изингиздан боргувчимиз».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина қабрлари ёнидан ўтдилар. Уларга юзлари билан боқиб: «Ассалому алайкум йа аҳлал қубур, яғфируллоҳу лана ва лакум антум салафуна ва наҳну бил асар», дедилар». Имом Термизий ривояти.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзлари қабристонни зиёрат қилмоқчи бўлган ҳар бир мусулмонга қўлланма бўлиши керак. Қабристонга кириб, марҳумларга салом бергач, иложи борича маййитга яқин бориб, қиблага қараб ўтириб, Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, дуо ўқилади. Яқин боришнинг иложи бўлмаса, имкон қадар жойга бориб қўл очилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга чироқ ёқишдан қайтариш билан бирга шундай иш қилувчиларни лаънатлаганлар..
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни ва қабрлар устига масжид қуриб, чироқ ёқувчиларни лаънат қилсин», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда. Хотин-халаж қабристонга борганда дод-фарёд кўтариб, ўзларини ҳам гуноҳга ботиради, маййитни ҳам азобга қўяди. Овоз чиқармасдан кўз ёши билан йиғласалар, ўзларига ҳам, маййитга ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади. Шундай йиғлаган кишиларга лаънат эмас, раҳмат айтилади.
Ўзини шариат кўрсатмалари асосида тутган аёллар учун қабрларни зиёрат қилиш, ҳанафий мазҳабига кўра, жоиздир.
Уламолар наздида, қабристон зиёратига душанба, пайшанба, жума ва шанба кунлари бориш энг афзалидир. Жума куни намоздан кейин борилса, яна ҳам яхши[1]. Лекин баъзи олимлар қабристон зиёратига бирор кунни хосламасдан боравергани яхши, дейишади.
Қабр зиёратида Ёсин, Фотиҳа, Таборак, Такосур сураларини ҳамда Ихлос сурасини уч ёки етти, ёхуд ўн марта ўқиш мустаҳабдир.
Аҳли сунна ва жамоа уламолари эътиқодига биноан маййит дунёда қолган аҳли ва ёр-биродарларининг ҳол-аҳволини билиб туради, унга уларнинг ҳоли кўрсатилади. Маййит уларни кўради. Яхши нарсаларидан хурсанд, ёмон нарсаларидан хафа бўлади.
Аллоҳ дўстларининг қабрларига бориб зиёрат қилинганда, Қуръони каримдан тиловат қилиниб, уларнинг ҳақига дуо қилиш яхши амаллардан ҳисобланади.
Бир киши саҳоба Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: «Қабрни босиб ўтиш мумкинми?» – деб сўраганида, у киши: «Мен мўмин кишига тириклигида озор беришни қанчалар ёмон кўрсам, ўлганидан кейин ҳам озор етказишни шунчалар ёмон кўраман», – деб жавоб берган эканлар. Ислом таълимотига кўра, инсон тириклигида қанчалар мукаррам бўлса, вафотидан кейин ҳам шунчалар азиздир. Қабрнинг устига ўтирилса, ёки босиб ўтилса, маййит озор чекади.
Ердан ўсиб чиқадиган ҳар бир гиёҳ Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Ўсимликларнинг тасбеҳи, Аллоҳ таолога қилган ибодатлари – намози «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» деган сўздан иборатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўп оятларида бу тўғрида хабар берган: «Осмонларда ва ердаги бор мавжудодларнинг барчаси Аллоҳга тасбеҳ айтур».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилиб айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина деворларидан бирининг ёнидан ўтиб кетаётганарида қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар. Сўнг: «(Бу икки қабрнинг соҳиблари) азобланмоқдалар. Уларнинг азобланиши катта гуноҳ туфайли эмас», – дедилар. Кейин гапларида давом этиб: «Уларнинг бири ўзининг сийдигидан сақланмас эди. Иккинчиси, чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнг бирон қуримаган шох келтиришни буюрдилар. (Келтирилгач) шохни икки бўлакка бўлдилар-да, иккаласини икки қабрга суқиб қўйдилар. «Ё Расулуллоҳ, нима учун бундай қилдингиз?» – деб сўралганида у зот: «Шояд шохлар қуригунича у иккаласидан азоб енгиллатилса», – дедилар. Имом Бухорий ривояти.
Ушбу ҳадисда қабр устида Қуръон тиловат қилиш мустаҳаб эканига далил бор. Чунки ҳадисда икки шохнинг тасбеҳидан азоб енгиллатилиши зикр қилинган. Қуръон тиловати эса, унданда улуғ. Шунга асосланиб, олимларимиз Қуръон тиловатининг савоби маййитга етиб боради, дейишган[2].
Иккита шохнинг тасбеҳидан ҳосил бўлган савоб маййитларнинг азобини енгиллатса, бир неча ой давомида ўсиб турадиган ўтлар, майсалар тасбеҳидан маййитларга қанчалар фойда бўлади, буни тасаввур этиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам қабр устидаги ўт-ўланларни юлиб ташлаш макруҳ саналади. Чунки ўт-ўланлар қуригунича Аллоҳга тасбеҳ айтиб туради, улар туфайли маййитга раҳмат нозил бўлади. Инсонни шунча савобдан маҳрум қилиб, тош бостириш ё бетонли қоришма қоплаш билан тупроғини беркитмаслик керак. Унинг ўрнига гул, райҳон экинг, ҳеч бўлмаганда сомон сувоқ қилиб қўйинг, ҳар йили баҳорда майсалар униб чиқсин. Шунинг учун Ислом олимлари қабр устини сомон сувоқ қилишга рухсат беришган.
Саҳоба Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда маййитни дафн этиш учун қабристонга келган мусулмонлар қайси томонга ўтиришлари хусусида бундай дейилади:
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ансорийлардан бирининг жанозасига чиқдик. Қабристонга етиб келганимизда, ҳали қабр ковланиб бўлмаган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиблага қараб ўтирдилар, бизлар ҳам у зотга эргашиб, қиблага қараб ўтирдик”. Имомлар Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган[3].
Олимларимиз шу ҳадисга асосланиб, маййитни дафн этиш ёки зиёрат учун келганда қиблага қараб ўтириш лозим, дейдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа бир ҳадисларида эса, бундай дейилади:
«Ўтиришларнинг энг улуғи қиблага юзланиб ўтиришдир»[4].
Маййитни дафн этиш ёки зиёрат қилишда қиблага қараб ўтириш учун бошқа бир қабрни босишга тўғри келса, босмасдан, имкони бўлган ерга ўтирилади. Чунки юқорида айтганимиздек, қабрни босишнинг гуноҳи жуда оғирдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу тўғрида бундай деганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Бирортангиз қабрнинг устига ўтиргандан кўра, чўғнинг устига ўтирганингиз ва чўғ кийимларингизни куйдириб, терингизгача етгани яхшироқдир». Имом Муслим ривояти[5].
Қабр устида ухлаш, қабристонда ҳожат чиқариш умуман мумкин эмас. Зотан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки қабрга ўтириб бавл қилса ёки катта таҳорат ушатса, гўё чўққа ўтиргандек бўлади”.
Қабристонда фақат зиёрат ва дуо қилиш суннат ҳисобланади. Қуръон ўқиш, дуо қилиш ва тасбеҳ айтиш жараёнида бирон қабрни иложсиз босиб олса, зиёни йўқ.
Қабристонни зиёрат қилиш ёки жанозага эргашишда аёллар аралашган бўлса ҳам, мазкур амаллар тарк этилмайди. Балки мусулмон киши бундай бидъатларни бартараф қилиши лозим[6].
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларидан бирида бундай деганлар:
Муҳаммад ибн Нўъмондан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Кимки ҳар жума куни ота-онасининг қабрини ёки иккисидан бирининг қабрини зиёрат қилса, у мағфират қилинади ва яхшилар қаторига ёзилади. Имом Байҳақий ривояти[7].
Усайд ибн Молик ибн Робиъа ас-Саъидий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. Бани Саламадан бир киши келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрабдилар:
«Ё Расулуллоҳ, ота-онам дунёдан ўтишган. Менинг бўйнимда уларга нисбатан қилишим лозим бўлган қандай яхши амаллар бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Биринчидан, уларга жаноза ўқишинг керак, иккинчидан, Аллоҳ таолодан уларни мағфират қилишини сўрашинг лозим. Учинчидан, шариат талабларини амалга оширишинг, тўртинчидан, уларнинг дўстларини ҳурмат қилишинг керак. Бешинчидан, ота-онангнинг қариндош-уруғлари билан борди-келди қилиб, ҳолларидан хабар олиб туришинг зарур» Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Киши ёшлигида билмасдан ота-онасини рози қила олмаган бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насиҳатларига кўра, ҳар жума куни уларнинг қабрларини зиёрат этишлари лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сураси, 24-оятида бундай таълим беради:
«Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут, хокисор бўла ол: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб, ўстиришганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)». Ўз вақтида ота-онасининг розилигини ололмай, ғафлатда қолган фарзандлар уларнинг ҳақларига шундай дуо қилса, Аллоҳ таоло ҳам ота-онасини фарзандларидан рози этгай, иншоаллоҳ.
Ота-онаси кофир ўтган бўлса, уларнинг ҳақига дуойи фотиҳа ва талаби мағфиратнинг ҳожати бўлмайди, лекин қабрларини зиёрат қилиш мумкин.
Инсон тириклигида қандай ҳурматга сазовор бўлса, вафот этганидан кейин ҳам ўша ҳурматда туради. Бунинг тасдиғини ушбу ҳадисдан топамиз:
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бундай деганлар: “Умар розияллоҳу анҳуга ўлим ҳозир бўлганда васият қилиб айтдилар: “Вафот этганимда мени Оишанинг эшиги олдига олиб боринглар ва унга, бу Умар ибн Хаттоб, сенга салом айтмоқда ва кирайми ёки чиқайми, демоқда”. Оиша розияллоҳу анҳо бир муддат жим бўлиб қолдилар, кейин: “Уни олиб киринглар, уни (пайғамбаримиз)нинг ёнига дафн этинглар. Абу Бакр ўнг томонида, Умар эса чап томонида”, – дедилар. Яна айтадилар: “Умар дафн этилгач, рўмолимни олиб, ўраб олдим”. Унга рўмол нима учун, дейилганда: “Буниси жуфтим, буниси отам эди. Энди Умар дафн этилгач, рўмолимни ўраб олдим”. Имом Аҳмад ривояти[8].
Салим ибн Рофур қабристондан ўтиб кетаётганида, заҳри танг қилиб қолибди. Ҳамроҳлари: «Ҳожат қилиб олинг, биз кутиб турамиз», дейишганда таажжубланиб: «Субҳаналлоҳ, Аллоҳ номига қасамки, маййитлардан ҳудди тириклардан уялгандек уяламан», деган эканлар. Саҳоба Ақоба ибн Омир розияллоҳу анҳу эса: «Қабристонда ҳожат қилдинг нима-ю, бозорда, халқ орасида ҳожат қилдинг нима, иккисининг ҳам гуноҳи бир хилдир», деганлар.
Зиёрат қилинадиган қабрларнинг яқин ёки узоқ бўлишида фарқ йўқ. Балки қандай бўлса ҳам, сафар қилиб, мўминлар қабрларининг зиёратига борса бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларининг зиёрати учун бориш зиёратларнинг энг маъқулидир. Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз. Агар зиёрат сафар масофасида бўлса (яъни, 90 км дан узоқдаги жой), унда албатта маҳрам бўлиши шартдир.
Ислом динида ҳар бир ишда ниятга қаралади. Ниятнинг тўғрилиги муҳим асос ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларидан бирида бундай деганлар:
«Исломда (Аллоҳдан бошқага атаб) сўйиш йўқ». Имом Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган[9].
Яъни, жонлиқни Аллоҳ таолонинг исмидан бошқанинг исмини айтиб сўйиш мумкин эмас. “Тафсиротул-аҳмадия” китобида бундай жумлалар келади: “Аллоҳнинг авлиёларига савобини атаб, унга Аллоҳнинг исмини айтиб бирор – бир жонлиқ сўйиш мумкин. Чунки унга Аллоҳдан бошқанинг исми айтиб сўйилмаган. Зотан, Аллоҳдан бошқанинг номини айтиб сўйилган жонлиқ ҳаромдир”[10].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менинг қабримни сайилгоҳ қилиб олманглар, уйларингни қабристон қилиб олманглар, қаерда бўлсангиз ҳам, менга салот айтинг, чунки сизларнинг салавотларингиз менга етади». Имом Аҳмад ривояти[11].
Азиз авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш мустаҳаб амал бўлиб, зиёрат қилса савоб, зиёрат қилмаса гуноҳ эмасдир.
Пўлатхон КАТТАЕВнинг “Исломда жаноза” китобидан
[1] «Фатовойи Оламгирийя». Байрут: «Дорул-кутубил-илмийя». 2000, 5-жуз, 430-бет.
[2] Мусо Шоҳин Лошин. «Манҳалул-ҳадис». Байрут: «Оламул-кутуб». 2001, 1-жуз. 46, 47-бетлар.
[3] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал Хотиб ат Табризий. “Мишкатул масобеҳ”. “Ўлимни орзу қилиш ва уни эслаш” боби, Байрут. “Мактабатул исломий”. 3-босма. 1985, 1-жуз, 361-бет.
[4] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980, 2-жуз. 452-бет.
[5] Абу Жаъфар Таҳовий. “Шарҳу маъонил осор”. Байрут: “Оламул-кутуб” 1994, 1-жуз, 516-бет.
[6] Ҳомид Мирзо Фарғоний Намангоний. «Ал-фатҳур – раҳмоний». Мадина: «Дорул-иймон». 1987, 1-жуз, 170-бет.
[7] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал Хотиб ат Табризий. “Мишкатул масобеҳ”. “Қабрлар зиёрати” боби. Байрут: “Мактабатул исломий”. 3-босма. 1985, 1-жуз, 398-бет.
[8] Аҳмад ибн Абу Бакр ибн Исмоил ал Бусилий. “Итҳофул хойротил маҳора”, “Масжидлар” боби. Риёз. “Дорул ватан” матбааси, Биринчи босма. 1999, 2-жуз. 532-бет.
[9] Абдурроҳман ибн Абу Бакр Жалолиддин Суютий. “Жамъул жавомеъ ёки ал Жомеъул кабир”. Шомила кутубхонаси. 1-жуз. 188-бет.
[10] Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий. “Аҳкамул-қуръан”. Карачи: “Идаратул-Қуръан вал-улумил-исламия”. 2000, 145-бет.
[11] “Муснади Аҳмад”. “Муассасатул рисола” матбааси. 2-босма. 1999, 2-жуз. 367-бет.