Оила

Покизалик ҳам ҳусн

Чоп этилди Sentabr 17, 2020 Покизалик ҳам ҳуснda fikr bildirishni o'chirish

Бир куни ҳазрати Умар (р.а.)нинг ҳузурларига бир аёл эри билан бошлашиб келди-да, эрини кўрсатиб:

– Эй амирал мўминин! Бу киши менинг эрим бўлади. Турмушимизга уч ой бўлди. Шу муддат давомида тотув яшаш учун кўп ҳаракатлар қилдим. Аммо эримда рағбат кўрмадим. Ўтган вақт мобайнида билдимки, биз бир-биримизни тушуна олмас эканмиз, шунинг учун ажрашамиз.

Ҳазрати Умар (р.а.) аёлнинг индамай турган эридан сўрадилар:

– Сен нима дейсан?

– Эй амирал мўминин! Менинг ҳеч қандай шикоятим йўқ, ажрашишни истамайман, – деди у.

Ҳазрати Умар (р.а.) эрнинг ранг-рўйи, кийим-бошига қараб аҳволни англаб етдилар ва аёлга дедилар:

– Сен ҳозир уйингга кетгин-да, бир оздан кейин кел. Унгача биз эринг билан суҳбатлашиб оламиз.

Хотин кетгач, ҳазрати Умар (р.а.) у одамни ҳаммомга олиб бориб, ювинтиришни, тоза кийимлар кийгизишни буюрдилар. Эркак покиза ҳолатга келтирилди. Бир оз вақт ўтгач, аёл келди-ю башанг кийим кийган, озода эрини кўриб мамнун бўлди. Ажрашиш ҳақидаги аҳдини ҳам унутиб, эрини бошлаб уйига кетди. Мўминларнинг халифаси ҳазрати Умар (р.а.) ҳозир бўлганларга қараб дедилар:

– Сизлар оилаларингизнинг (аёлларингизнинг) яхши ва покиза кийиниб, сизни кутиб олишларини севганингиз каби, улар ҳам сиз ва кийимларингизнинг озода бўлишидан завқ оладилар, сизларни ясанган ҳолда кўришни истайдилар.

“Ирфон” тақвимининг 2009 йил, 1-сонидан олинди.