Мақолалар

Соҳибқирон ўзининг кўп минг кишилик қўшинини Синд дарёсидан қандай ўтказган эди?

Чоп этилди Sentabr 20, 2020 Соҳибқирон ўзининг кўп минг кишилик қўшинини Синд дарёсидан қандай ўтказган эди?da fikr bildirishni o'chirish

Ватанимиз тарихидаги 20 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1398 йил (бундан 622 йил олдин) – Ҳиндистонга юриш бошлаган Соҳибқирон Амир Темур қўшини ҳижрий саккиз юз биринчи йил муҳаррам ойининг саккизинчисида Синд дарёси (“Дарёлар отаси”) қирғоғига етиб келди. Дарёга мўғулча кўприк солиш ҳақида олий фармон берилди ва кўприк зудликда битирилди. Шу куни қўшни ва йироқ давлатлардан келган элчилар, жумладан, Макка ҳамда Мадинадан ташриф буюрган элчи Муҳаммад Маданийга ўз ватанларига қайтишга ижозат берилди. Соҳибқирон Синд дарёсини бу ерда тўрт кун тўхтаб, ҳордиқ олгандан сўнг кечиб ўтди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ўрта аср араб манбаларида Синд (ҳозирги Ҳинд) дарёсининг номи Миҳрон дарёси шаклида қайд этилган. Жумладан, XIV аср иккинчи ярми – XV аср бошида яшаган арабиъйнавис муаррихлардан бири у ҳақда шундай ёзиб қолдирган: “У ерда Миҳрон дарёси бор, унинг эни Дажла дарёсининг энига ўхшайди ёки ундан ҳам кенг”.

1419 йил (бундан 601 йил олдин) – Мирзо Улуғбек Хитой элчиларини Хуросонга узатиб қўйганидан кейин, шаъбон ойининг охирида (1419 йил 20 сентябрь куни) Мўғулистон устига қўшин тортди. Туркистон ҳокими Арслонхожа тархон, Саброн ҳокими амир Фаттон, шунингдек, Сайхун атрофидаги шаҳарларнинг доруғалари, Ёдгор барлос ва Маҳмуд тархон сингари номдор амирлар унга бу юришда ҳамроҳ бўлдилар. Самарқандни тасарруф қилиб туриш амир Искандар Ҳинду Буқога топширилди. Лекин юриш Тошкентга борганда тўхтатилди.

1917 йил (бундан 103 йил олдин) – Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғисгон мусулмонларининг қурултойи “уламочилар” билан “шўрои исломчилар” ўртасидаги узоқ ва қизғин баҳсларга қарамай, ниҳоят, келишиш ва муроса йўлини топди. Қурултойда “Шўрои Исломия”, “Шўрои Уламо”, “Турон” ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан бутун Туркистон минтақаси учун умумий бўлган “Иттифоқи муслимин” деган сиёсий партия тузишга қарор қилинди.

1919 йил (бундан 101 йил олдин) – риштонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мамадали Топиволдиев (1919–1969) таваллуд топди. У Борисов шаҳри яқинидаги жангда яраланган ва асирга тушиб қолган. 1942 йил асирликдан қочган. Белоруссиядаги партизанлар бригадасида разведка бўлинмаси командири бўлган. Мамадали Топиболдиев Могилёв вилояти Круглое районидаги жангларда алоҳида жасорат кўрсатган. Ушбу жасорати учун 1944 йил августда Каҳрамон унвонига сазовор бўлган. Могилёв вилоятининг Круглое шаҳарчаси Топиволдиев номи билан аталган.

1993 йил (бундан 27 йил олдин) – “Экосан” халқаро Ўзбекистон экология ва саломатлик жамғармаси рўйхатдан ўтди.

1996 йил (бундан 24 йил олдин) – Самарқандда қадимий Афросиёб шаҳар харобасида қазиш ишлари олиб борган француз археологлари топилмалари кўргазмаси очилди.

2006 йил (бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади микрокредит ташкилотларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашди. Учрашувда мамлакатимизда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилингани, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Шу куни давлатимиз раҳбари Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан ҳам учрашди. Улар орасида олимлар, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар бор эди. Шавкат Мирзиёев ватандошларимизни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларини мамлакатимиз ривожига йўналтиришга даъват этди.

2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

ЎзА