Трамп: “Америкаликлар сайловнинг аниқ натижаларини ҳеч қачон била олмайди”
АҚШ Президенти Доналд Трамп бу йил бўлиб ўтадиган президент сайловида овоз беришнинг аниқ натижалари ҳеч қачон маълум бўлмаслигини таъкидлади.
Унинг фикрича, сайлов бюллетенларини сайловчиларга почта орқали жўнатиш шундай оқибатларга олиб келади. Оқ уй раҳбари бу ҳолатни ҳалокат, деб атади.
“Янги ва кутилмаган миқдорда кўп бюллетенларни почта орқали сайловчиларга жўнатиш туфайли овоз бериш натижаларини ҳеч қачон аниқлаб бўлмайди. Айримлар айнан шундай бўлишни исташяпти”, – деб ёзди АҚШ Президенти “тwitter”даги саҳифасида.
Доналд Трамп яна бир бор бюллетенларни почта орқали жўнатиш амалиётига чек қўйиш ҳамда сайловчиларни аввалгидек сайлов участкаларига ўзлари боришга чақирди.
АҚШда президент сайлови 3 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда амалдаги Президент Доналд Трамп иккинчи бор номзодини қўймоқда. Президентлик лавозими учун демократлардан Жо Байден номзоди кўрсатилган.