Оила

Огоҳ бўлинг! Аёлни эътиборсиз қолдириш…

Чоп этилди Sentabr 30, 2020 Огоҳ бўлинг! Аёлни эътиборсиз қолдириш…da fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кишилар жиддий бир сабабсиз ўз аёлларни нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб йўлини очади. Бу билан эр Аллоҳ таолонинг бир қанча (оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби) катта неъматларига ношукрлик қилган бўлади.

Баъзилари эса номардларча очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларнинг нафақасини ҳам хотиннинг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллаб сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам теппа-тенг гуноҳкор бўлади.

Бу мавзуда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَلَنْ تَسْتَطِيعُوا أَنْ تَعْدِلُوا بَيْنَ النِّسَاءِ وَلَوْ حَرَصْتُمْ فَلَا تَمِيلُوا كُلَّ الْمَيْلِ فَتَذَرُوهَا كَالْمُعَلَّقَةِ وَإِنْ تُصْلِحُوا وَتَتَّقُوا فَإِنَّ اللَّهَ كَانَ غَفُورًا رَحِيمًا

яъни: “Ҳар қанча истасангиз ҳам хотинларингиз ўртасида адолатли (ҳаммасига бир хил муносабатда) бўла олмайсиз. Бас, (бирига) бутунлай берилиб кетиб, (иккинчисини) муаллақ ҳолда ташлаб қўймангиз! Агар (улар билан муносабатингизни адолат асосида) тузатсангиз ва тақволи бўлсангиз, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зотдир” (Нисо сураси, 129-оят).

Эътибор қилсак, ояти каримада эр хотинини “муаллақа” қилишидан қайтарилмоқда. “Муаллақа” ҳолати шу кунларда воқеъликда гувоҳи бўлиб турган ишларимизнинг айни ўзидир. Яъни, хотини билан келиша олмай қолган эр бошқасига уйланиб олиб, биринчи хотинини нафақасиз ташлаб қўяди ва бошқа турмуш қилишига имкон бермаслик учун талоғини ҳам бермайди. Гоҳида баъзи нобакор эрлар нафсини гуноҳдан қондириб, дин-диёнатли, ҳусни-жамоли жойида бўлган жуфти ҳалолини бир неча йиллар эр-хотинлик алоқасидан маҳрум қилиш билан уларни “муаллақа” қилиб қўяди. Мусулмон эркак ҳам шунчалик пасткашликка борадими, ахир?!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга гўзал муомалада бўлишга тарғиб қилиб, уларга зарар бериш мақсадида ушлаб туришдан қайтарди. Бу ишни “ҳаддан ошиш” ва “зулм” деб атади. Талоқ масаласи Аллоҳ таолонинг оятларидандир. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилган:

وَإِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَبَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَأَمْسِكُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ أَوْ سَرِّحُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا…

яъни: “Хотинларни талоқ қилганингизда (улар идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан жавобларини берингиз. Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!…” (Бақара сураси, 231-оят).

Демак, мусулмон эр хотинини яхшилик билан олиб қолиши ёки (ортиқ оилани сақлаб қолиш имкони бўлмаса) яхшилик билан жавобини бериши керак. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг оятларини ҳазил билиш, енгил санаш улар билан “ўйнашиш” нинг оқибати ёмон бўлади. Аллоҳнинг азоби золимларни қаттиқ тутади.

Баъзи кишилар талоқ қилиш гуноҳ экан, Аллоҳ таолонинг Арши титрар экан деб, хотинига “талоқ” лафзини айтмай, лекин ўзлари уйланиб юраверадилар. Тўғри, ноҳақ, ҳеч бир сабабсиз талоқ қўйиш динимизда қораланади. Лекин оилани сақлашни имкони бўлмаганда, талоқ ҳам бир чора. Ҳар қандай ҳолатда талоқ айтиш гуноҳ, ҳеч қачон талоқ айтмаслик керак, деган гап Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам, ҳатто уламоларимизнинг сўзларида ҳам учрамайди. Аксинча, хотинни аросатда қолдириб талоғини бермасдан юриш гуноҳ бўлади, зулм ҳисобланади.

Баъзилар эса хотинидан бутунлай ажралмоқчи бўлган киши “уч талоқ” қилиши керак экан деган мутлақо нотўғри фикрда юрадилар. Аслида ажрашмоқчи бўлган киши хотинига: “Сени бир талоқ қилдим” дейиши ҳам кифоя. Бирданига “уч талоқ” айтиш гуноҳ ҳисобланади. Чунки бундай қилиш бир томондан Аллоҳ таоло бандага берган учта имкониятни бирданига йўқ қилиш бўлса, бошқа томондан қайта ярашиш имконини ҳам йўққа чиқаради. Бу мавзуда қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

قَالَ مَحْمُودُ بْنُ لَبِيدٍ أُخْبِرَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَنْ رَجُلٍ طَلَّقَ امْرَأَتَهُ ثَلاَثَ تَطْلِيقَاتٍ جَمِيعًا فَقَامَ غَضْبَانًا ثُمَّ قَالَ: أَيُلْعَبُ بِكِتَابِ اللهِ وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ حَتَّى قَامَ رَجُلٌ وَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَلاَ أَقْتُلُهُ.(رَوَاهُ الامام النَّسَائِيُّ)

яъни: “Маҳмуд ибн Лабийд разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши ўз хотинини жамлаб уч талоқ қўйгани хабар қилинди. Шунда У Зот ғазабланиб ўринларидан турдилар-да: “Мен ичингизда туриб, Аллоҳнинг китобини ўйин қилинадими?!” – дедилар. Ҳаттоки бир одам ўрнидан туриб: “Эй Расулуллоҳ! Уни қатл қилайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривояти).

Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суистемол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак. Биз ҳам мўмин-мусулмон ака-укаларимизни динимизнинг оила мавзусидаги буйруқларига амал қилиш, олийжаноблик ва мардлик билан иш тутишга чақирамиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати

@diniysavollar