Оила

Муносиб келин

Чоп этилди Oktabr 7, 2020 Муносиб келинda fikr bildirishni o'chirish

(Биринчи мақола)

Оила қуриш ниятидаги эркак тараф ўзи учун никоҳи ҳаром ва совчилик қилиб бўлмайдиган шахсларни ажратиб олганидан кейин энг аввал муносиб келин ахтаришга киришади. Куёв тарафдан қизга совчи қўйилади. Ўша пайтда куёв, унинг ишбошилари ва совчилари келинликка номзоднинг қандай тарафларига эътибор беришлари керак? Бу саволга жавоб ахтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига мурожаат қиламиз. Зотан, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келин қандай бўлишини баён қилиб берганлар. Мазкур ҳадиси шарифларда келинликка номзоднинг қуйидаги сифатларига алоҳида эътибор бериш тавсия қилинган:

  1. Диндорлик.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар» Бешовлари ривоят қилганлар.

Уйланишдан олдин келинликка номзоднинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша – никоҳига рағбат қилинадиган номзодда бўлиши лозим бўлган яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ҳақида сўз кетмоқда.

Агар ушбу тўрт сифат – мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизнинг зийнати бўлиб турса, албатта, яхши. Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда, улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларига яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.

Чунки молдорлик вақтинчалик сифатдир. Бир лаҳзада молу мулкдан ажраб қолганлар қанча. Агар келиннинг молига қизиқиб, унга уйланилса ва унинг моли бақосизлик қилиб, уни тарк этса, мазкур келинга қизиқиш қолмайди. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган ҳолатда бойлик кўпинча ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.

Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши келин бўлади. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота‑она, бобо-момолари яхши одамлар бўлса, жуда ҳам яхши, лекин улар ўз уйларида қоладилар, куёвникига келиннинг ўзи келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасабу насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.

Жамол ҳам ўз ҳолича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчидир. Маълум муддатдан кейин ҳар қандай инсоннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди. Агар келин ўзининг жамоли учун қизиқилаётганини билса, бу омилни куёвни ўзига мубтало қилиб, унинг устидан ҳукмронлик қилишга ишлатиши ҳеч гап эмас.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом гўзал сифатдир. Бунинг устига диндорлик сифати вақт ўтиши билан зиёда бўладиган нодир сифатлардан биридир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади, оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келган, унинг тарбиясини олган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар, иншааллоҳ.

Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича оиладаги ўз бурч ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.

Диндорлик ҳақиқий бойликдир!

Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!

Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!

Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз лозим. (Давоми бор).

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг

 “Бахтиёр оила” китобидандан олинди