Аёллар

Аёлнинг мартабаси

Чоп этилди Oktabr 9, 2020 Аёлнинг мартабасиda fikr bildirishni o'chirish

Оилада ўғил болалар орасида ўсганман. Ака-укаларимдаги эркакаларга хос баъзи бир тутумлар болалигимдан мерос бўлса керак. Оиламизда акаларимнинг кийимларини кийиб катта бўлдим. Уларда кўрган хатти-ҳаракатларга тақлид қилиб ўсдим. Улар билан велосипед ҳайдадим, от миндим. Акаларим ҳар бир ишни ўзлари мустақил бажаришга одатланди. Мен ҳам уларга эш бўлдим. Мактабда ҳам кўпинча ўғил болалар билан ўйнардим. Кийинишим, юриш-туришим, гап-сўзим ҳам уларникига ўхшаши билан фахрланардим. Вақти келиб, уйимизга совчилар кела бошлаганида ўзимни жуда ноқулай сезганман. Ахир, мен қандай қилиб бутун умр битта эркакка қарам бўлиб яшашим мумкин? Бегона бир эркак менинг устимдан ҳукмронлик қилса, хўжайин бўлса, итоатни талаб этса… Буни ҳеч тасаввур қила олмасдим. Менинг мана шу табиатим эркак кишининг ҳукмронлиги остида яшашимга ҳалақит берарди.
Отам мени дўстининг ўғлига узатди. Янги оилага кўникишим жуда қийин кечган. Ўзимни ҳамма нарсадан маҳрум бўлган, ҳеч бир ҳуқуққа эга бўлмаган абгор кишидек тасаввур қилганман. Турмуш ўртоғим ёши катта, тажрибали инсон бўлганидан менинг унча-мунча гапларимга эътибор бермасди. Бу ҳолат мени янада асабийлаштирарди. Ҳозир ўйласам, ўша пайтдаги қилиқларимдан уялиб кетаман.
Янги оилага ҳали эндигина қадам қўйган келинчак ўзимча ҳаммага ҳукмимни ўтказмоқчи бўлган, ҳаммани тартибга солишга чиранган эканман… Оиламиздаги ҳамма эркаклар бирон нарсани эплолмайдиган, жуда бўш, шижоатсиз бўлиб кўринарди. Шундан ҳамма ишни ўз қўлимга олишга интилганман. Ўзим оилани бош­қаришга, бозор-ўчар қилишга, ҳатто ишлаб пул топишга интилиб, оиламиздаги қанча яқинларимнинг дилини хуфтон қилган эканман. Бунинг оқибатида нимага эришдим? Яқинларимнинг таъна-маломатига. Ота-онамга ҳам беҳуда ташвиш орттирдим. Энг асосийси, соғлиғимни йўқотдим. Сурункали касалликка чалиниб, узоқ муддат тўшакка михланиб қолдим. Бу орада ота-онам дунёдан ўтиб кетишди. Мени жонидан ортиқ кўрадиган, ҳамиша қалқон бўлиб турадиган акаларим ўзидан ортмай қолди. Мен эса, бутун умр ўзим камситиб, айб­лаб келган эримнинг қўлига қараб, пешонамдагини кўриб, тақдирга тан бериб яшаяпман.
Турмуш ўртоғимга шунча ташвиш келтирган бўлсам-да, у мени бир лаҳза ташлаб қўймади. Керагидан ортиқ меҳрибонлик кўрсатяпти. Ҳозир пул топиш, оилани бошқариш, ҳамма нарсани жой-жойига қўйиш ҳақида умуман бош қотирмайман. Буларнинг ҳаммаси хўжайинимнинг зиммасида. Мен эса, бир оиланинг ардоқли бекаси сифатида турмуш ўртоғим ва фарзандларимнинг ҳурмат-иззатидаман. Пул билан, оилани бошқариш билан ишим йўқ. Лекин оилам бир пайтлар мен орзу қилгандан ҳам аъло. Шунинг учун «нима берса, эркакка берсин экан», деб дуо қиламан. Ҳар бир нарсада хўжайинимнинг маслаҳати, йўл-йўриғига суянаман. Унинг маслаҳатисиз ўзимча бирон нарса қилолмайман. Ва бундан ҳузур топаман. Эркак кишининг ўз аёлига суянч бўлиб яшаши шу бўлса керак-да. Аёл киши учун бундан ортиқ яна нима керак?..
Йиллар давомида ҳамма нарсага ўзимча эришаман деб беҳуда уриндим. Оқибатда ҳеч нарсага етишолмадим. Энди куч-қувватдан қолиб, ҳақиқий аёлнинг мақоми – ўз эрига тўлиқ итоатда ўтирганимда бутун умр излаб тополмаганим оилавий ҳаловат ўзи мени истаб келди. Оилада байроқдорликнинг бесамар курашларидан чарчаган кўнглим ҳаловат нималигини ҳақиқий итоатдан топди.
Ўйлаб қарасам, бир вақтлар шу гапларни менга ҳам кимлардир кўп айтган экану мен уларни заррача эшитмаган эканман. Энди эса, ўз бошимдан кечирган ҳаётий тажрибам кимларгадир асқатармикан, деб куюнаман. Ўз эрига эрлик қилиш даъвосида юрган ғўр келинчакларда ўз қисматимни кўраман. Не қилайки, улар ҳам худди мен каби қулоқсиз. Ерга урса, осмонга сапчийдиган бундай келинчаклар ҳали ўн гулидан бири очилмай ўз умрини хазон қилаётганини тасаввур ҳам қилолмайди. Улар ўзларича калта ўйлаб «бу дунёда чинакам эркак йўқ» деб ҳисоблашади. Чинакам эркакни топиш ва кўриш учун аввало ўзимиз чинакам аёл бўлишимиз, ўзимизнинг аёллик ўрнимизни билишимиз, шунга риоя қилиб яшашимиз зарурлигини, афсуски, ўйлаб ҳам кўришмайди.
Баъзан ўйлаб қоламан: яхшиям Аллоҳ бизга бу дунёда эркак зотини устимизга соябон қилиб қўйган экан. Шуларнинг қаттиққўллиги, талабчанлиги, андишаси бўлмаганда, аёл бошимиз билан нималар қилмасдик-а?
Ўз даврида давронини суриб, пичоғи мой устида бўлиб турган аёллар – жонажон сингилларим бу гаплардан ўзларига яраша хулоса чиқариб олишса, фақат фойда кўришади. Сизнинг энг катта бахти­нгиз бир эркакнинг паноҳида эканини унутманг, азизалар!

Хосият ЭШҚОБИЛОВА,

Oila davrasida